Меню

Қашқадарё

31.01.2017 2403

ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯ АСОСИДА ТОВУҚ БОҚИЛМОҚДА

Таъкидлаш жоиз, Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 29 декабрдаги “2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 апрелдаги қарорига кўра, имтиёз қўлланадиган озуқа компонентлари ва технологик ускуналар рўйхати кенгайтирилиб, паррандачиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар томонидан зарур материаллар ва ускуналарни импорт қилишга имтиёз жорий этилди. Бу эса тармоқ ривожида янги имкониятлар йўлини очди ва самараси паррандачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажми кўпайиши, таннархи арзонлашишида ўз ифодасини топмоқда.

Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз озиқ-овқат моллари” масъулияти чекланган жамиятида истиқболли лойиҳа доирасида юксак технологиялар асосида жиҳозланган паррандачилик тармоғи ишга туширилди. Натижада 7 нафар ёш иш билан таъминланди.

- Ким замонавий технологияга эга бўлса, рақобатда ҳам ютиб чиқади, бу бозорнинг қоидаси, - дейди жамият раҳбари Баҳром Раҳматов. – Шу боис корхонада паррандачиликни ташкил этишда унинг замон талабларига мос бўлишига эътибор қаратдик. Бир қатор изланишларимиздан сўнг Эрон давлатидан ўзимизга мақбул ускуналарни олиб келиб ўрнатдик.

Ишбилармоннинг қайд этишича, ушбу “замонавий товуқхона” қурилмасида барча иш автоматик тарзда амалга оширилади. Бу ишлаб чиқариш қувватини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш имконини бермоқда.

- Махсус дастурланган ем тайёрлаш ускунаси озуқани белгиланган меъёр ҳамда вақтларда тақсимлайди ва тарқатади, - дейди  корхона ишчиси Гулноза Мустафоева. - Ичкаридаги ҳарорат автоматик тарзда доим бир хил даражада ушлаб турилади. Озодалик таъминланади. Шу тахлит амалга оширилаётган қатъий парвариш натижасида парранданинг етилиш кўрсаткичлари белгиланган меъёр даражасида сақланиб, маҳсулот сифати барча экологик талабларга жавоб бермоқда. 

Паррандачилик сердаромад соҳа, қачонки тушуниб йўлга қўйилса. Жамият масъуллари ҳам ана шу ақидага амал қилиб адашишмади. Корхонада ушбу тармоқ ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, харидорларга маҳсулот етказиб бериш аллақачон бошлаб юборилган. Мавжуд 14 минг товуқдан кунига 12 минг дона тухум олиниб, мунтазам ички бозорга етказиб берилаяпти.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: корхона фаолиятидан  лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!