Меню
Қашқадарё
ЗАМОНАВИЙ ШАРТ-ШАРОИТ ЯНГИ МАРРАЛАРГА ҚАНОТ БЎЛМОҚДА
- Айни вақтда сузиш ҳавзасида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган икки юзга яқин ўғил-қиз доимий машғулотлар олиб бормоқда, - дейди мураббий Фотима Очилова. – Бассейн сувни фильтрлаш, иситиш каби замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Ундаги сув ва зал ҳавоси доимо бир хил, мўътадил ушлаб турилади.
Ҳавза фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлмади. Бироқ, бу ерда шуғулланаётган ёшлар аллақачон медаллар жамғаришни ҳам бошлаб юборган.
- Ушбу сузиш ҳавзаси очилганидан сўнг, биринчилардан бўлиб машғулотларга келганман, - дейди тумандаги 16-ўрта мактабнинг 7-синф ўқувчиси Муниса Ҳасанова. – Қисқа вақт ичида сузишни ўрганиб, мусобақаларда ҳам иштирок эта бошладим. Ўтган давр мобайнида бир неча маротаба туман ва вилоят биринчиликларида совринли ўринларни эгалладим. Хусусан, “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларининг вилоят босқичида 3-ўринни қўлга киритганим мен учун жуда катта натижа бўлди. Эндиги мақсадим эса Ўзбекистон чемпиони бўлиш, терма жамоага қабул қилиниш ва кейин олимпиадада юртимиз байроғини баланд кўтариш.
Маълумот ўрнида келтириб ўтиш жоизки, ҳозирги вақтда вилоятимизда 10 та замонавий сузиш ҳавзаси ишлаб турган бўлса, шунинг 8 таси ёпиқ турдаги бассейндир.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
* * *
Суратларда: Ҳавзадаги машғулотлар жараёнидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.