Меню

Қашқадарё

30.08.2018 1934

ЗАМОНАВИЙ ШАРТ-ШАРОИТ - ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

Қуйида ўтган йиллар давомида биргина вилоятимизда амалга оширилган ана шундай улкан ҳажмдаги ишларни яна бир бора ёдга олдик.

НАМУНАВИЙ УЙ-ЖОЙЛАР СОНИ 10 МИНГДАН ОШИБ КЕТДИ

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ давлат сиёсати негизида халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини  таъминлаш, бунинг учун шинам уй-жойлар, маданий-маиший объектлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, инфратузилма тармоқлари барпо этиш каби мақсадлар мужассамлашди. Олиб борилган ва борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари самарасида шаҳар ва қишлоқларимиз кундан-кун чирой очиб, обод масканларга айланмоқда.

Биргина намунавий асосда барпо этилаётган уй-жойларни олайлик. Шу вақтгача вилоятимиз туманларида 9101 та намунавий типдаги турар жой барпо этилган бўлса, жорий йилда 1810 та ана шундай уй-жой қурилмоқда.

Албатта, бу билан қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган мана шунча оиланинг турмуши фаровонлашгани, барча шароитларга эга, кенг ва шинам уйларда яшаш орзуси рўёбга чиққанини тасаввур қилсак, бу рақамлар моҳияти янада теранроқ намоён бўлади.

ЁШ ОИЛАЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛИ УЙЛАР

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиши учун кўмаклашиш ҳам давлат томонидан ёшлар сиёсати доирасида олиб борилаётган ишларнинг асосини ташкил этади.

Айниқса, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш борасида алоҳида имтиёзлар тизими ишлаб чиқилганини эътироф этиб ўтиш жоиз. Хусусан, юртимизнинг барча ҳудудларида фаол ёшлар учун имтиёзли асосда бериладиган янги уй-жойлар барпо қилинаётгани давлатимизнинг эртамиз эгаларига бўлган ғамхўрлиги ифодаси   сифатида қалбларда чексиз фахр туйғусини   уйғотади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, вилоятимизда ҳам кўплаб ана шундай уйлар қурилиб, имтиёзли кредит асосида ёш оилаларга топширилмоқда. Хусусан, 2015-2016 йиллар давомида Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ҳамда Касби ва Муборак туманларида 288 та ёш оила ана шундай уйларга эга бўлган бўлса, 2017-2018 йиллар давомида Қарши шаҳри ҳамда Яккабоғ ва    Китоб туманларида 48 тадан ёш оила “Ёшлар уйи”га кўчиб киришди.

ТИББИЙ ХИЗМАТ ЙИЛ САЙИН ЮКСАЛМОҚДА

1990 - йиллар бошида ҳам битта туманда нари борса уч ёки тўртта тиббиёт муассасаси бўларди. Марказдан 90-100 чақирим узоқликда яшайдиган киши оддий бирламчи тиббий ёрдамни олиш учун узоқ йўл босишга мажбур эди. Қолаверса, улардаги шарт-шароит ҳам ўзига яраша бўлгани сир эмас.

Бугун эса чекка қишлоқларда ҳам замонавий типдаги шифохоналар фаолият юритмоқда. Хусусан, вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, айни пайтда 72 та оилавий поликлиника, 83 та қишлоқ врачлик пункти, 30 та “103” шохобчалари мавжуд. Уларда аҳолига сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш имконияти яратилган.

Шунингдек, сўнгги йилларда аксарият вилоят ва туманлар марказларидаги асосий шифохоналар тўлиқ янгиланиб, энг замонавий тиббий техника ускуналари билан таъминланди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Айни пайтда вилоят марказида Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалининг янги биноси қурилмоқда. Ушбу марказ энг замонавий типдаги технологиялар билан жиҳозланиши, таркибида кардиохирургия ва рентген эндоваскуляр бўлимлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг эски бинолари 1957 ҳамда 1992 йилларда қурилган бўлиб, анча таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Ҳозирда ушбу шифохона учун 120 ўринга мўлжалланган янги бино қуриб битказилди. Мавжуд бинолардаги 100 ўринли қисм реконструкция қилинди. Замонавий шарт-шароитга эга ушбу муассасага 27 турдаги замонавий тиббий анжомлар олиб келиниши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 14 турдаги шундай ускуналар келтирилган ва ўрнатиш ишлари бошланган.

Албатта, тиббиёт муассасаларида яратилган бундай шароитлар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва саломатлигини янада яхшилаш, юқумли касалликлар бўйича барқарор ҳолатни сақлаш ҳамда болалар ўртасида касалликка чалиниш ҳолатларини камайтириш имконини бераётир. 

Таълим соҳасини ислоҳ этиш, ёшларимизнинг   замонавий билим ва тарбия олиши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш борасида мамлакатимизда сўнгги  27 йил давомида жуда катта ишлар амалга оширилди.

 ҚАНЧА МАКТАБ ЯНГИЛАНДИ?

Ҳар йили анъанавий тарзда янги таълим масканлари бунёд этилиб, улар замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланаяпти.

Жумладан, мустақиллик йилларида вилоятимизда 164 та янги мактаб бунёд этилди. 700 га яқин мактаб реконструкция қилиниб, қайта жиҳозланган бўлса, 900 га яқин мактаб бинолари таъмирланди. Мактаб филиаллари, қўшимча бинолари қад ростлади.

Бугун бу таълим даргоҳларидаги шинам ва ёруғ хоналарда миллионлаб ёшларимиз илм-фан сирларидан баҳраманд бўлишмоқда. Уларнинг кўпчилиги атиги чорак аср муқаддам бу биноларнинг ўрнида тўрт-бешта хонаси бор, пастқамгина чим деворли “мактаб” дея аталмиш иморатлар мавжуд бўлганини бугун тасаввур ҳам қила олишмайди.

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ: СОН ҲАМ, СИФАТ ҲАМ ОШМОҚДА

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш борасида ҳам айтарли ишлар бажарилмоқда. Бунинг натижаси қуйидаги рақамларда ҳам ўз аксини топади.

Жумладан, мустақилликка қадар вилоятимизда саноқли мактабгача таълим муассасаси мавжуд эди. Улар ҳам асосан маълум вақт давомида болага “кўз-қулоқ бўлиб туриш” вазифасини ўтагани сир эмас.

Бугунги кунда вилоятимизнинг ўзида 343 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Аҳамиятли жиҳати, эндиликда уларнинг вазифаси мутлақо ўзгарган,  мактабгача таълим муассасалари  бутунлай янгича талаблар асосида ишлайдиган, катта мавқе ва мақомга эга илм ва тарбия масканларига айланди. Улар бошланғич таълимнинг муҳим бўғини сифатида боланинг дунё ҳақидаги тасаввурлари кенгроқ шаклланиши, нутқ бойлиги ошиши, тил ўрганиши ёхуд турли соҳаларга оид билимлари ортишига кўмаклашадиган таълим ва тарбия маскани сифатида фаолият юритмоқда.

Яна бир жиҳатга тўхталиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар асосида, мамлакатимизда хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу эса ўз навбатида соҳада рақобатни янада ошириш, чекка-чекка ҳудудларда ҳам замонавий боғчалар сонини кўпайтириш имконини бераяпти.

Хусусан, ўтган бир йилга яқин вақт давомида вилоятимизда 179 та хусусий мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Яна кўплаб тадбиркорлар худди шундай лойиҳани амалга ошириш ташаббуси билан чиқишган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!