Меню

Қашқадарё

08.03.2016 2774

ЗАМОНАВИЙ ХОРИЖ ТЕХНОЛОГИЯСИ АСОСИДА

- 2013-2016 йилларда вилоятнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига асосан корхонамизда 2 та истиқболли лойиҳа амалга оширилди, - дейди жамият раҳбари Фахриддин Азизов. – Хусусан, 2013 йилда тижорат банкидан ажратилган 235 миллион сўм кредит маблағи ҳисобига 100 дона замонавий тикув дастгоҳи олиб келинди. Айни вақтда тикувчилик цехимизда 70 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Бу ерда 20 турга яқин, жумладан, трикотаж маҳсулотлари, болалар кийим-кечаклари, махсус ишчи кийимлар тикилаяпти. Иккинчи босқич, яъни кейинги лойиҳа асосида эса йилига 2700 тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга янги цехни ишга туширдик.

Корхона мутасаддиси бизга тақдим қилган маълумотларга кўра, ушбу йигирув цехига Германияда ишлаб чиқарилган қиймати 2 миллион 450 минг евролик пахта титиш, саваш, тараш ва йигирув ускуналари келтирилган. Туркия фирмаси томонидан етказиб берилган “климацентр” эса цехда ҳарорат ва намликни бир меъёрда сақлаб туриш имконини бераяпти. Аҳамиятли жиҳати, корхонага ишга қабул қилинганларнинг асосий қисми тумандаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир. Маҳаллий ёш мутахассислар илғор хориж технологиялари билан бемалол тиллашмоқда.

- Тумандаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирганман, - дейди йигирув цехи ишчиси Райҳон Дўсметова. – Янги цехнинг очилиши биз учун айни муддао бўлди. Ишга қабул қилинган заҳоти бир гуруҳ қизларни малака оширишга жўнатишди. Шулар қаторида мен ҳам бор эдим. Вилоятимиздаги етакчи корхоналарнинг бирида тажриба  орттириб қайтдик.

Таъкидлаш жоиз, “Китоб ип йигирув” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариладиган калава ипнинг 80 фоизини экспортга йўналтириш мақсад қилинган. Акциядорлик жамияти раҳбариятининг маълум қилишича, келгусида корхонада тўқув цехини ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган. Бу вилоятда етиштирилган пахтани ҳудуднинг ўзида чуқур қайта ишлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Шу аснода яратиладиган қўшимча иш ўринлари эса яна бир қанча кишининг, жумладан, хотин-қизларнинг доимий ҳақ тўланадиган фаолият билан банд бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ.

Суратда: “Китоб ип йигирув” АЖнинг йигирув цехи фаолиятидан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!