Меню
Қашқадарё
ЗАМОНА ИЛМИ ВА ФАНИДАН БЕБАҲРА МИЛЛАТ БОШҚАЛАРГА ПОЙМОЛ БЎЛУР
Милоддан аввалги 384-322 йилларда яшаган юнон файласуфи Арасту (Аристотель)нинг "Ахлоқи кабир" ва "Сиёсат" асарлари ана шундай манбалар жумласига киради.
Арасту йигирма йил Афлотун академиясида таҳсил олиб, деярли барча соҳаларда асарлар ёзган. Унинг шогирди Искандар Зулқарнайн (Александр Македонский)га қилган насиҳатлари диққатга сазовордир. Шоҳ Искандар айтган экан: "Отам менинг жисмимни тарбиялаб, осмондан ерга олиб тушди. Устозим эса менинг руҳимни тарбия қилиб, ердан осмон қадар юксалтирди".
Тарихий асарларда ёзиб қолдирилишича, Арасту Искандарни Ҳомер достонларида куйланган қаҳрамонликлар руҳида тарбиялаган. Ҳомернинг милоддан аввалги XIII аср воқеалари ҳақидаги "Илиада", "Одиссея" достонларида Зевс худоси умумий адолатнинг ҳимоячиси, зўравонлик ва адолатсизликка йўл қўйганларни жазоловчи сифатида намоён бўлади. Ҳомер фикрига кўра, одатий ҳуқуқ мангу адолатнинг аниқлаштирилган шакли, унинг мавжудлиги, инсоний ва илоҳийларнинг муносабатларда амал қилишидир.
"Устози аввал" деб танилган Арастунинг фикрича, агар подшоҳ адолатни бунёд этса, мулки - эл-юрти обод, халқи бадавлат ва шод, хазинаси мўл-кўл бўлади. Давлат хазинаси адолатсиз ундирилган бойлик билан тўлганида эса подшоҳ, вазирлар халқнинг қарғишига учрайди.
Ер икки қисмга, яъни давлатнинг умумий тасарруфидаги ерлар ҳамда фуқароларнинг хусусий мулкига бўлиниши керак. Халқ бой-бадавлат, фаровон ҳаёт кечирганида хазина тўлади, давлат ҳам бойийди. Қароқчилар билан иттифоқ бўлган шахс (вазир ёки бошқа мансабдор) шоҳ мажлисида ўтиришга нолойиқдир. Подшоҳ барча яхшиликларини беғараз, холис, фақат Худонинг розилиги учун қилса - бу энг олий мартабадир.
Файласуф халқ билан давлат ўртасидаги низоларни ақл, сабр, одоб ва маданият билан ҳал этиш зарурлигини таъкидлаб, солиқлар ҳаддан зиёд ошириб юборилишини қоралайди. Унинг айтишича, "Агар туйғулар покиза бўлсаю уларга ҳукм ўтказаётган ақл йўлдан оздирувчи бўлса, фазилатга ўрин қолмайди. Чунки фазилат яхшиликка бошловчи ақл билан покиза туйғулардан келиб чиқади. Шунинг учун инсонда фазилат бўлса, уни ёвуз ниятда ишлатиш сира мумкин эмас".
Арасту адолатли ишлар қилувчи кишиларни улуғлаб, адолатсизларни маънавий қашшоқ, фақат ўзини ўйлайдиган, худбин ва молпараст одам ҳисоблайди. Нопокларни онгсиз деб баҳолайди. Мутлақ ҳақиқатга эришиб бўлмаса-да, ҳамма ҳақиқатга интилса, улуғвор манзара пайдо бўлади. Сиёсий давлат ҳам адолат ва ҳуқуқ ғоясига мос келиши ҳамда амалдаги қонунларга риоя этиши шарт. Унда ҳукмдорларнинг шахсий фаровонлиги назарда тутилмаслиги керак, давлат эркин инсонларнинг ўзаро бирлигидир, деб таъкидлайди.
Арастунинг нуқтаи назарига кўра, давлат табиий тараққиёт натижасидир. Файласуф адолатнинг тенглаштирувчи ва тақсимловчи кўринишларини баён қилади. Тенглаштирувчи адолат мезони қонунлар, фуқаровий-ҳуқуқий келишувлар, олди-сотди ва жазолашда қўлланади. Бу вақтда ҳамма тенг бўлади. Тақсимловчи адолат мезони эса етиштирилган неъматларни ҳар кимнинг ҳиссасига қараб тақсимлашда деб қаралади.
Арасту давлатнинг одамлар эмас, қонунлар томонидан бошқарилишини маъқуллаган. Унинг фикрича, одамлар, ҳатто энг яхшилари ҳам туйғу ва эҳтиросга мойилдирлар, қонун эса бирдай ўзгармасдир.
973-1048 йилларда яшаган мутафаккир бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар", "Ҳиндистон" каби асарлари тарихимиз, алломанинг давлат ва ҳуқуқ борасидаги қарашларини билишда диққатга сазовор.
Беруний ҳам барча соҳаларга оид асарлар ёзган. Маълум вақт Хоразмдаги "Донишмандлар уйи", яъни Маъмун академиясида раҳбар бўлиб, олимларга сабоқ берган. Рус олими В.В.Бартольд буюк ватандошимиз ҳақида "Беруний шундай серқирра олимки, ўз даврида мавжуд бўлган илм соҳаларидан шуғулланмагани унинг шуғулланганидан камдир. Унинг ёзган асарлари шунчалик кўп ва серқирраки, бунга бир одамнинг умри кифоя қилганига киши ҳайрон қолади".
"Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида айтилишича, Хоразм маданияти милоддан аввалги ўн учинчи асрга бориб тақалади. Хоразм давлати Александр Македонский юришларидан 980 йил олдин пайдо бўлган. Милоддан аввалги 1200 йилларда Хоразм ҳудудига Кайковуснинг ўғли Сиёвуш келиб ўз давлатига асос солади.
Асарда араб халифалиги томонидан Хоразм ҳудудининг босиб олиниши тўғрисида: "Қутайба хоразмийлар ёзувини, уларнинг ривоятларини билган ва хоразмийларда мавжуд бўлган фанларни ўрганган кишиларни йўқ қилган ва ҳар қандай азоб-қийноқларга дучор қилган, уларнинг китоблари ва ўрамаларини ёқиб юборган. Натижада хоразмликлар деярли саводсиз бўлиб қолишган ва улар керак бўлган барча билимларни фақат хотираларида сақлашга мажбур бўлишган", дея қайд этилади.
Беруний Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга қилган юришларидан бирида шоҳга ҳамроҳ бўлиб, у ерда санскрит тилини ўрганади ва Ҳиндистон мамлакати, табиати, халқлари, маданияти ва адабиёти ҳақида "Ҳиндистон" асарини ёзади.
Асарда мусулмонлар билан ҳиндларнинг урф-одатлари ўртасидаги фарқлар таҳлил қилиниб, улар географик шароитларга боғлиқ, деган фикр илгари сурилади. Аллома тилларнинг турличалиги ҳам географик шароитларга боғлиқ, деб кўрсатади. Унинг фикрича, "Тилларнинг турлича бўлишига сабаб одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-бирларидан узоқ туриши"дир.
Беруний "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" ва "Ҳиндистон" асарларида давлат, давлат бошлиғи ва ҳуқуқ масалаларига ҳам тўхталиб ўтган. Унинг фикрича, давлат ва ҳуқуқ пайдо бўлишига табиий эҳтиёж сабаб бўлган. Одамлар ижтимоий адолатли тартиб ва қоидалар ўрнатиш учун давлатга бирлашганлар. Берунийнинг сиёсий қарашларида давлатни бошқариш учун халқ томонидан сайлаб қўйиладиган ҳоким одил ва халқпарвар бўлиши лозим. У давлатни мутлақ ҳоким эмас, балки маърифатпарвар раҳбар бошқариши кераклиги тўғрисидаги ғояни илгари суриб, демократик жамиятни орзу қилган. Жамият подшоҳга хизмат қилмай, балки подшоҳ жамиятга хизмат қилиши кераклигини таъкидлаган.
У давлат бошлиқлари табиатан бошқариш қобилиятига эга бўлиши зарурлиги ва муҳим масалаларни ҳал этишда албатта донишмандлар яратган қонунларга риоя этиши шартлигини кўрсатиб ўтган. Фуқаролар ўртасида тузиладиган меҳнат, айирбошлаш масалаларини адолатли ва адолатсиз шартномаларга бўлган. Зўравонлик ва ўғрилик жамиятдаги ахлоқсизликнинг энг ёмон кўриниши сифатида баҳоланади. Беруний "Одил ҳокимнинг вазифаси олий ва паст табақалар, кучлилар ва кучсизлар орасида тенглик, адолат ўрнатишдан иборатдир", деб таъкидлаган.
Жамиятни ислоҳ қилиш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, авлодларни эрк ва ҳурлик, озодлик ва мустақиллик руҳида тарбиялаш борасида XX аср бошларида жадид боболаримиз кўп ва хўб ҳаракат қилишган. Ана шундай инсонлардан бири 1875 йилда туғилиб, 1919 йилда қатағон қилинган Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. У Туркистон заминида миллат, халқ ва Ватаннинг ҳур келажаги йўлида курашиб яшаган.
Жадидлар ўз ғояларини "Усули жадид" номи билан шуҳрат қозонган мактаблар ташкил қилиб, "Ойна", "Самарқанд" каби газета ва журналлар нашр этиб, тарғиб қилганлар. Улар аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий онги ва тафаккурини ўзгартиришга ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга ҳаракат қилганлар. Афсуски, уларнинг аксарияти "халқу Ватан душмани" сифатида отиб ташланган. Назаримизда, бу қатағонларнинг таъсири кўп асрлар ўз кучини йўқотмайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Падаркуш" асари, "Туркистон тарихи", "Эҳтиёжи миллат", "Ҳақ олинур...", "Бизни кемирувчи иллатлар" каби мақолалари диққатга сазовордир. Унинг "Туркистон тарихи" мақоласида халқимизнинг тарихи буюклиги, ўтмишни яхшилаб ўрганиш ва ундан ибрат олиш зарурлиги, ахлоқни бузувчи ва хурофотга дахлдор китоблардан кўра тарихий, ахлоқий ва тарбиявий мўътабар китобларни ўқиш кераклиги уқтирилган. Дабдабали тўйлар қилиш ва мақтаниш қораланган. Унинг фикрича, тарих миллат ва давлатнинг равнақ топиши, таназзулга учраши борасида сабоқ беради. Шунга асосланиб "Миллий тарихимизни ким ёзар?" деган савол ўртага ташланади.
Беҳбудийнинг "Падаркуш" пьесаси жуда машҳур бўлган. Унда фарзанднинг ўғрилик йўлига кириши ва оқибатда ўз отасининг қотилига айланиши сабаби жаҳолат, илмсизлик ва маърифатсизликка боғланган эди. У миллат ва халқнинг ҳақиқий бахти - илмли ва маърифатли бўлишда, деб билган.
"Эҳтиёжи миллат" мақоласида юридик кадрларга бўлган эҳтиёж юқорилиги, қонунларни билмаганимиз учун аҳоли кўп азият чекаётгани, замонавий илмларни ўрганиш кераклиги, туркистонликлар туркий, форсий, арабий ва рус тилларини билиши зарурлиги ҳамда бошқа хорижий тилларни ҳам ўрганиши кераклиги таъкидланган. Беҳбудий наздида "Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур".
Маърифатпарвар алломанинг фикрича, миллат илмли ва ҳунарли бўлган ҳамда ўзини англаган тақдирдагина ижтимоий-сиёсий масалаларни бошқалар билан тенг муҳокама эта олади. "Ҳақ олинур..." мақоласида ҳар бир миллат ва мамлакат халқи ўзининг ҳуқуқи, тили, дини ва сиёсатини фаол ҳаракат билан олиши, бу йўл ҳақ йўл эканлиги уқтирилган. Бинобарин, Беҳбудийнинг "Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар!" деган васияти ҳам айни шу мақсад рўёбига қаратилганди...
Абдишукур ОМОНОВ