Меню
Қашқадарё
ЗАКОТ – МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ
Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, деганлар. Шунга кўра, закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.
Закот динимизнинг беш арконларидан бири бўлиб, Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатлари ила фарз бўлган. Унинг жорий этилиш ҳикмати шундан иборатки, у туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо бўлиб, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талафотдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.
“Закот” сўзи луғатда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Закот берган кишининг моли покланиб, бир фарзни адо этган ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Сизлар молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.
Маълумки, закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилла ва кумуш, пул, мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз (с.а.в.) томонларидан қатъий белгилаб берилган.
Тилланинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,5 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни, қирқдан бири демакдир.
Закот вожиб бўлиши учун кишининг молу давлати нисобга етиши керак.
Чорва моллари жумласига туя, қорамол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони бешта бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан битта қўй закот учун ажратилади. Қорамолнинг нисоби 30 та бўлиб, ундан битта бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони 40 тага етганида нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади. Чорва молларидан закот вожиб бўлиши учун тилла ва кумуш учун айтилган шартлар бўлиши, яъни бир йил давомида камаймаслиги, бундан ташқари чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт. Аммо, ем-хашакни 6 ойдан ортиқ ташиб келиб боқилган бўлса, закот вожиб бўлмайди. Магар тижорат нияти бўлса, худди бошқа буюмлар қатори закоти ҳисобланади.
Деҳқончилик агар лалми ер маҳсулоти бўлса, ундан ушр (яъни ўндан бир), суғориладиган ердан чиққан маҳсулот бўлса, ушрнинг ярми (яъни йигирмадан бир) қисми миқдорида закот чиқарилади. Ушр – ҳосил териб олинган вақтда берилади.
Бундан ташқари, нақд пул ва тижорат учун олинган моллардан ҳам закот берилади. Уларнинг нисоби эса тилла ва кумушнинг нисобига қиёсан белгиланади. Яъни тилла ва кумушнинг қиймати аниқланиб, шуларга таққосланади.
Шуни яхши англамоқ лозимки, юқорида зикр қилинган нисоб миқдорлари закотни вожиб қиладиган қийматнинг энг паст чегараси бўлиб, маблағ миқдори ортган сари ундан чиқариладиган қирқдан бир қисмининг миқдори ҳам ортиб бораверади.
Закотдан асосий мақсад инсонни мол-дунёдан устун қилиш, яъни, инсон мол-дунёнинг қули эмас балки, молу дунё инсоннинг қули эканини англатиш шунингдек, фақир, бева-бечораларга, муҳтожларга, молиявий ёрдам кўрсатишдир.
Қайд этиш жоизки, айни пайтда юртимизнинг турли билим даргоҳларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам бериш энг мустаҳиқ ўринлардан биридир. Бу садақаи жория ҳисобланиб, ўша талабанинг келажакда қилган савобли амаллари, амалга оширган яхши ишларидан закот берувчига ҳам савоб етиб туради.
Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи киши ўзининг ихтиёридаги мол дунё Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканини, бу молу дунёга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади. Шунинг учун у қўлидаги молу дунёни Аллоҳ кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга интилиши, бу нарса эса иқтисодда жуда муҳим бўлиб, ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда зарур омилдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг жорий 2016 йил (ҳижрий 1437 йил) учун закот, фитр садақа ва фидя бўйича қабул қилинган қарори:
ЗАКОТ нисоби 1 грамм тилланинг бугунги кундаги бозордаги ўртача нархи 135000 (бир юз ўттиз беш минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, 85 грамм тилла ҳисобидан закот нисоби 11475000 (ўн бир миллион тўрт юз етмиш беш минг) сўм эканлиги ва мазкур суммадан қирқдан бир ҳиссаси, яъни 286875 (икки юз саксон олти минг саккиз юз етмиш беш) сўм закот чиқариш белгиланган.
ФИТР садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 килограмм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланган.
(Масалан, 2016 йилда Қарши шаҳар бозорида 1 килограмм буғдойнинг нархи ўртача 1500 сўм бўлса, демак 2 килограмм буғдой нархи 3000 сўм бўлади).
ФИДЯ миқдори узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 10000 (ўн минг) сўм қилиб белгиланган.
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин, гуноҳларимиздан покланиб, қалб кўзларимиз очилишини, дунё ва охират мартабаларига етишимизни насиб айласин. Азизлар! Дуоларимизда юртимизнинг тинчлиги, равнақи ва фаровонлигини сўраб дуо қилайлик! Негаки, тинчлик бўлмаса ҳаётда ҳам, ибодатда ҳам ҳаловат бўлмайди.
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби