Меню

Қашқадарё

09.06.2016 2508

"ЗАФАР" КОНИДАГИ ЗАФАРЛИ ОДИМЛАР

Сир эмаски, мамлакатимизда аниқланган газ конларининг салмоқли қисми вилоятимиз ҳудудида жойлашган. Ушбу конлардан газ конденсатини қазиб олиш ва уни ишлаб чиқариш корхоналарига узлуксиз етказишда “Ўзбурғунефтгаз” акционерлик компаниясига қарашли “Қашқадарё пармалаш ишлари” акциядорлик жамияти мутахассислари алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Бугунги кунда ушбу жамият ходимларининг бир гуруҳи Ғузор туманидаги “Зафар” конини ўзлаштиришда самарали иш олиб бораяпти.

- Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида аниқланган мазкур кон 12 та қудуқни ўз ичига олади, - дейди катта бурғулаш устаси Илҳом Маманов. – Жорий йилнинг бошида “Зафар 11” майдонида бурғулаш ишлари якунланиб, маҳсулот олишга киришилди. Айни вақтда ушбу қудуқдан суткасига ўртача 50 минг куб метр газ конденсати қазиб олинаяпти. Хомашё қайта ишлаш учун “Шўртаннефтгаз”  корхонасига етказиб берилаяпти.

Илҳом Мамановнинг айтишича, шу йилнинг март ойида “Зафар 12” майдонида ҳам зарур ускуналар ўрнатилиб, бурғулаш ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳага кўра, қудуқнинг чуқурлиги 3550 метрни ташкил этади. Қудуқ эксплуатацияга топширилса, қазиб олинадиган хомашё ҳажми сезиларли ортиши турган гап.

М.ЖЎРАЕВ

* * *

Суратларда: бурғулаш устаси Илҳом Маманов; бурғулаш жараёнидан лавҳа.

Муродилла КОМИЛОВ олган суратлар

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!