Меню
Қашқадарё
ЗАБАРДАСТ ИЖОДНИНГ ЗАЛВОРЛИ САБОҒИ
“Ўзбекистон - Ватаним маним” мавзусидаги кечада сўз олганлар элимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов номи ҳамиша дилларда барҳаёт эканлигидан, у яратган ижод маҳсули халқимизнинг энг ардоқли мероси бўлиб қолажагини таъкидлашди.
Тадбирда ўзбек адабиёти кафедраси профессор-ўқитувчиларининг Абдулла Орипов ижодига бағишланган “Шоирнинг фалсафий лирикаси”, “Шоир шеърларида халқона оҳанг ва миллий руҳ масаласи”, “Шоир эстетикасида ижтимоий-ахлоқий қарашлар”, “Абдулла Орипов шеърларининг лингвопоэтик хусусиятлари” каби мавзулардаги маърузалари тингланди. Шунингдек, факультет талабалари “Шоирнинг ғазалчиликдаги маҳорати”, “Шоир ижодида тўртликлар”, “Шоир ижодида мухаммаслар” мавзуларидаги ижодий ишлари ҳақида сўзлаб беришди.
- Абдулла Орипов мумтоз жанр – ғазалнинг миллий шеъриятимизда янгидан жой эгаллашида муҳим роль ўйнаган ижодкордир, - дейди факультет талабаси Мирсанжар Санаев. - Унинг ғазаллари анъанавий муҳаббат мавзусидан ташқари, юртпарварлик туйғуларини акс эттириб, ижтимоий аҳамият ҳам касб этди. Уларни ўқиганимизда мукаммал яратилган ғазаллар муаллифи бўлган шоир олис мозийдаги салафлари билан беллаша оладиган салоҳият соҳиби эканлигини ҳис қиламиз.
Тадбирда шоир ижодидан намуналар ўқилди. Ижодкор талабаларнинг шоирга бағишланган шеърий машқлари йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, талабалар томонидан шоир қаламига мансуб “Соҳибқирон” шеърий драмаси асосида тайёрланган саҳна кўриниши ҳам намойиш қилинди.
Шоҳида КАРОМОВА,
филология фанлари номзоди