Меню
Қашқадарё
ЗАҲАРЛАНГАНЛАР СОНИ 65 НАФАРГА ЕТДИ
Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 13 декабрь куни “ENTER Engineering Pte.Ltd.” компаниясининг Ғузор туманида жойлашган UzGTL лойиҳаси амалга оширилаётган ҳудудда ташкил этилган ишчилар шаҳарчасида истиқомат қилаётган ходимлари орасида овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Шу куни шаҳарча ишчиларидан 9 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасига, 2 нафари Нишон туман тез тиббий ёрдам илмий марказига кўнгил айниши, қайд қилиш, ични тез-тез кетиши, тана ҳароратини кўтарилиши, совуқ қотиш каби касаллик белгилари билан мурожаат қилган.
Ўтказилган тиббий кўрикдан сўнг, уларга гуруҳли овқатдан заҳарланиш “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, мазкур ҳолат бўйича Республика Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошчилигида штаб ташкил этилиб, овқатдан заҳарланиш келиб чиқишида гумон қилинган таомдан истеъмол қилган ишчилар махсус комиссия томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. 2019 йил 14 декабрь соат 7:00 ҳолатида ўтказилган тиббий кўрик давомида яна 54 нафар ишчи шифохоналарга олиб келинган.
Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 49 нафар, республика тез тиббий ёрдам илмий марказий Қашқадарё филиали токсикология бўлимида 10 нафар, Ғузор туман юқумли касалликлар шифохонасида 4 нафар, Нишон туман тез тиббий ёрдам бўлимида 2 нафар, жами 65 нафар беморлар даволанмоқда. Беморларнинг 46 нафари аҳволи енгил, 19 нафари ўртача, оғир беморлар йўқ. Дори дармонлар захиралари етарли.
Беморлардан олинган намуналар ва заҳарланиш келиб чиқишига гумон қилинган таомдан олинган намуналарда лаборатория текширувлари давом этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур вазият тўлиқ назоратга олинган, дейилади хабарда.