Меню
Қашқадарё
ЎЗ-ЎЗИДАН ТАЪМ СЕЗИШ ҚАЙСИДИР КАСАЛЛИК АЛОМАТИ БЎЛИШИ МУМКИН
Инсон ва тиббиёт
Таъм билиш хусусияти инсон ҳаётида, саломатлигида жуда катта аҳамиятга эга. Агар бу сезги бўлмаса, кишининг овқатланиш тартиби, меъёри мутлақо издан чиқиши, оқибатда кўплаб касалликлар келиб чиқиши мумкин.
Шу билан биргаликда, таъм сезиш меъёридаги бузилишларга қараб, танада қандай касалликлар кечаётганини билиш имкони ҳам мавжуд. Масалан, киши овқат емаса-да, оғзида нордон, аччиқ ёки ширин таъм пайдо бўла бошласа, демак, унда саломатлиги билан боғлиқ қандайдир муаммолар бор. Ҳозир шу хусусда сўз юритамиз.
Нордон таъм
Оғизда ўз-ўзидан нордон мазанинг пайдо бўлиши тез-тез учраб туради. Бунинг келиб чиқиш сабаби гастроэзофагеаль рефлекс бўлиб, содда қилиб айтганда, жараён жигарда синтезланган ўт суюқлигининг ўн икки бармоқли ичакка тушиб, озиқ моддаларнинг ҳазм бўлишини (айниқса, ёғли овқатни) амалга ошириш ўрнига, маълум сабаблар боис ошқозонга чиқиши, ундан қизилўнгачга ўтиб, оғизгача етиб келиши билан боғлиқ.
Бундай меъда шираси ва ютилган овқатлар аралашмаси ниҳоятда нордон бўлиб, у тез-тез такрорланиб турса, қизилўнгач ички юзасини яллиғлантириб, куйдиради. Бунинг қанчалик ёқимсизлигини ушбу ҳолатни бошидан кечирган ҳар бир киши тасаввур қила олади.
Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун соғлом овқатланиш қонун-қоидаларига оғишмай амал қилиш лозим.
Кучли шўрланган, қовурилган ва аччиқ таомлар истеъмол қилишдан воз кечиш зарур. Чунки улар айтиб ўтилган гастроэзофагеаль рефлексни юзага келтирадиган асосий сабаблар ҳисобланади.
Аччиқ таъм
Оғизда аччиқ таъмнинг пайдо бўлиши кўпинча интоксикация, яъни организмнинг заҳарланиши натижасида юзага келади. Бундай ҳолат овқатдан заҳарланиш, вирусли, инфекцияли заҳарланиш ва кўп ҳолларда ўт йўлларининг қийшайиб, торайиб қолиши боис ўт ҳаракати сусайиб, баъзан тўхтаб қолиши (холестаз хасталиги) натижасидир.
Турли сабабларга кўра ўт суюқлигининг меъёрий ҳаракати сусайса ёки у тиқилса, суюқлик ўт пуфагида тўпланиб қолади. Бу ҳол нафақат ҳазм жараёнини бузади, балки организмни заҳарлайди. Ўт йўллари ва пуфакда қум, тош ҳосил қилади, айрим ҳолларда оғир ва хавфли касаллик - жигар циррозига (жигар тўқималарининг емирилиб кетиши) олиб келади. Ўт суюқлигининг ўз йўлида тиқилиб, ичакка ўтмаётганини нафақат оғизда аччиқ таъм пайдо бўлиши, балки тез-тез кекириб туриш, ўнг қовурғалар ёйи остида кучли, зирқировчи оғриқнинг юзага келишидан ҳам билса бўлади.
Бундай пайтлари тегишли мутахассисларга мурожаат қилиш билан бир қаторда, овқатланишни маълум тартибга асосан олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Буларга қуйидагилар киради:
- кун давомида 5-7 маротаба кам-камдан иссиқ ҳолдаги (45-600 С) таомлар истеъмол қилиш;
- кўпроқ сувда қайнатиб, буғда димлаб пиширилган овқатлар билан таомланиш ва ёғи кам бўлган сут-қатиқ маҳсулотларидан еб туриш;
- қовурилган, ёғли овқатлар, ҳамда спиртли ва газли ичимликлардан тамоман воз кечиш.
Ширин таъм
Оғизда ширин таъмнинг пайдо бўлиши қандли диабет пайдо бўлаётганидан дарак беради.
Фақат ушбу ҳолат баъзан ҳомиладор аёллар учун мустасно, чунки уларда гормонлар миқдори (спектри) ўзгарганлиги боис ҳид ва таъм сезиш маълум вақт давомида одатдагидан ўзгача бўлади. Қонда шакар миқдори доим маълум даражада сақланишида меъда ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин гормони ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Ҳозирги экологик вазиятнинг ўзгариб бораётганлиги, турли стресс омиллар (жуда иссиқ ёки совуқ ҳарорат, ўта ташвишли ҳаёт ва бошқалар) безда айтилган гормоннинг меъёрий синтезини бузиб юборади, бу эса ўз навбатида юзага келадиган қандли диабетни ҳосил қилиш эҳтимолидан йироқ эмас. Қандли диабетнинг ўзига хос хусусияти - у оғриқ бермайди, шунинг учун унга эътибор кам берилади ва вақт ўтиши билан кучайиб, организмни дармонсизлантириб ташлаганидан кейин уни бартараф қилиш анча қийин кечади.
Шунинг учун йил давомида бир неча марта қондаги қанд миқдорини ўлчатиб туриш ва лозим бўлганида мутахассислар билан маслаҳатлашиб даволаниш тавсия қилинади.
Шониёз ҚУРБОНОВ,
биология фанлари доктори, профессор
Гулноза БУРАНОВА,
биолог-физиолог