Меню

Қашқадарё

26.01.2023 6755

ЎЗ ВАЗИФАСИГА СОВУҚҚОНЛИК БИЛАН ҚАРАГАНЛАР ОГОҲЛАНТИРИЛДИ

Маҳаллий Кенгашларда

Вилоятимиздаги бир қатор мутасадди раҳбарлар фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда мавжуд муаммоларини муддатида кўриб чиқиш ва ижобий ҳал этишда хато ва камчиликларга йўл қўйиб, ўз вазифаларига совуққонлик билан қараганлиги учун халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан огоҳлантирилди.

Кенгашнинг шу йил 20 январдаги тегишли қарорига биноан бундай жазога "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти бош директори А.Музапов, Муборак ва Касби туманлари ҳокимлари А.Арипов ва Т.Мейлиев, шунингдек, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳамда Миришкор, Чироқчи ва Нишон туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари С.Қаюмов, А.Узоқов, А.Сариқов, Ш.Таджиев ва Э.Бобоқулов лойиқ кўрилди.

Айни пайтда вилоят ҳокимининг ўринбосарларига алоқадор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси ахборотида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган раҳбарларга нисбатан таъсирчан чораларни қўллаш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Вилоят ҳокимлигининг мурожаатлар билан ишлаш бўлими эса вилоят адлия бошқармаси ва Халқ қабулхонаси билан биргаликда ўн кун муддатда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда барча даражадаги ташкилотлар масъул ходимларининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш, фуқароларнинг мурожаатлари ва муаммоларини ҳал этиш бўйича ўқув семинарларини ташкил этиши зарур.

Кенгаш қарори билан шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари зиммасига ҳам турли вазифалар юклатилди. Уларга кўра, сектор раҳбарлари маҳаллани ривожлантириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўриши ва ҳар бир маҳалланинг "ўсиш нуқтаси"дан келиб чиқиб, етакчи тадбиркорлар ва ҳоким ёрдамчилари таклиф этаётган янги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиши, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган хизматлар турларини янада ривожлантириши лозим бўлади. Шу билан бир қаторда улар томонидан жойларда фуқаролар, биринчи навбатда, ишсиз ёшлар ва аёлларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бандликни таъминлаш ишлари ташкил қилиниб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, жумладан, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашилади. Бундан ташқари, сектор раҳбарлари шаҳар ва туман ҳокимлари билан биргаликда ҳудудга ажратилган маблағларнинг маҳаллалар кесимида тақсимланишини таъминлаб, ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторингни амалга ошириб бориш каби яна бир қатор муҳим вазифларни бажаришлари шарт.

Ҳужжатда ҳоким ёрдамчиларининг аҳоли мурожаатлари борасидаги фаолияти ҳам эътиборга олиниб, уларнинг бу жабҳадаги ишини ҳар ойда камида бир марта муҳокама қилиб бориш, яхши натижаларга эришганларини мукофотлаш ва тажрибасини оммалаштириш назарда тутилди. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!