Меню

Қашқадарё

11.10.2016 2170

ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАНГАН СОЛИҚЛАР БАРҚАРОРЛИК КАФОЛАТИДИР

Шундай экан, белгиланган солиқларнинг аҳоли томонидан ўз вақтида тўланмаслиги, яъни зарур маблағнинг ғазнага тушмаслиги жамиятда ривожланиш суръати сезиларли пасайиши, кўплаб истиқболли лойиҳаларнинг рўёби ортга сурилишига сабаб бўлишини унутмаслик лозим.

Афсус билан айтиш жоизки, айрим фуқароларнинг атайин эътиборсизлиги боис белгиланган солиқлар тўланиши кечикмоқда. Жумладан, мол-мулк ва ер солиқларини тўлашда тартибсизликка йўл қўйилмоқда. 

Вилоятимиз миқёсида олиб борилган ўрганишлар натижасида баъзи фуқаролар ушбу модда талабларини муттасил бузиб келаётгани аниқланди. Мисол учун, Чироқчи туманида яшовчи Раҳмат Бозоровнинг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги бир неча йиллар давомида йиғилиб борган. Лекин фуқаро уни қоплаш юзасидан ҳеч бир иш қилмаган. Оқибатда фуқарода мазкур солиқлардан 3 миллион 395 минг сўм миқдорида қарздорлик юзага келган. Ўрганиш жараёнида фуқаронинг тўлов қобилияти мавжудлиги, қасддан ҳуқуқбузарлик содир этаётгани маълум бўлди.

Суднинг қарорига асосан, ушбу қарздорлик фуқаронинг мол-мулки ҳисобидан ундирилиши белгилаб қўйилди. Шундан сўнг иш суд ижрочилари туман бўлимига ўтказилди. Бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан тўлов барибир амалга оширилмади. Солиқ идоралари ходимларининг аралашуви билан фуқаро томонидан 817 минг сўм тўланиб, қарздорлик қисман қопланди. Қолган қарздорлик учун Раҳмат Бозоровга тегишли мол-мулк давлат фойдасига хатланди.

Шунингдек, суд шу туманда истиқомат қилувчи Юлдош Бозоровнинг мол-мулк ва ер солиғидан мавжуд 1 миллион 555 минг сўм қарзини мол-мулки ҳисобидан ундириш бўйича қарори чиққан. Унга кўра, суд ижрочилари туман бўлими мазкур тартиббузарлик бўйича ижро иши қўзғатди. Фуқаро тўловни амалга оширмагач, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан унга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилиб, 344800 сўм миқдорида жарима солинди.

Чироқчилик Раъно Болтаеванинг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги 2 миллион 201 минг сўмни ташкил этарди. Суд томонидан ушбу қарздорликни унинг мол-мулки ҳисобидан ундириш бўйича қабул қилинган қарорга кўра, ижро иши очилди. Натижада фуқаро томонидан 1 миллион 261 минг сўм солиқ қарзи тўлаб берилишига эришилди.

Умуман, бугунги кунда туманда истиқомат қилувчи жами 311 минг 200 нафар жисмоний шахснинг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги 862 миллион сўмга етган. Бу кичик рақам эмас, албатта.

Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи Дилрабо Тўймаеванинг ҳам мол-мулк ва ер солиқларидан қарзи бор - 3 миллион 270 минг сўм. Турган гапки, бу қарздорлик бир ой ёки бир йилда пайдо бўлмаган. Аниқроғи, бир неча йиллар давомида шаклланган. Агар фуқаро солиқларни ўз вақтида тўлашни одат қилганида бундай қарздорликка йўл қўйилмас эди. Яна бир фуқаро - шу туманда яшовчи Асрор Холиқов ҳам мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлаб боришни ўзига эп билмаган кўринади. Боиси, унинг бу борадаги қарздорлиги жами 2 миллион 500 минг сўмни ташкил этмоқда.

Яна бир мисол. Туманда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларидан бири - "Чорвадор" наслчилик масъулияти чекланган жамиятининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги 20 миллион сўмга етган. Мутасаддилар томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан тўлов амалга оширилмаган. Шундан сўнг кўрилган чоралар натижасида жамиятга тегишли транспорт солиқ қарзи учун давлат фойдасига хатлаб олинди.

Қарши туманида бўлганимизда, бу ерда ҳам ишлар кўнгилдагидек эмаслигига амин бўлдик. Масалан, шу туманда яшовчи Ибодулла Чўлиевга тегишли нотурар объект учун ҳисобланган мол-мулк ва ер солиғи қарийб 41 миллион сўмга етгани ҳолда фуқаро уни тўламасдан келган. Ўрганиш натижасида фуқарога нисбатан тегишли тартибда чора кўрилди.

Мақсадимиз шу орқали кимнидир тан-қид қилиш эмас. Юртимизда солиқ маданиятини янада юксалтириш, фуқароларнинг ўз мажбуриятларини сидқидилдан адо этишларига эришиш бундан кўзланган муддаодир. Зеро, ўз вақтида тўланган солиқлар мамлакатда иқтисодий барқарорликни мустаҳкам қарор топтиришга имкон беради.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида "Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар" дейилади. Бу эса солиқ тўлаш конституциявий бурч эканидан далолатдир. Ҳар биримиз ўз бурчимизни вақтида бажаришни унутмайлик.

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси   ахборот хизмати мутахассиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!