Меню

Қашқадарё

28.09.2017 1975

ЎЗ ВАҚТИДА, АСОСЛИ ВА АДОЛАТЛИ

 

Қайд этиш лозимки, ушбу қонун давлат органлари тизимини фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишга сафарбар этишга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Ушбу сиёсатнинг моҳияти давлатимиз раҳбарининг "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган фикрларида ўз ифодасини топган.

 

Янги қонуннинг қоидалари жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмларини аниқлаштиради, бу эса мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга хизмат қилади.

 

Қонуннинг кучи аввалгидек давлат органларига нисбатан татбиқ этилибгина қолмай, балки давлат томонидан ёки унинг иштирокида ташкил этилган, давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва фуқароларга давлат хизматларини кўрсатадиган ташкилотларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

 

6 боб, 38 моддадан иборат янги таҳрирдаги қонунда мурожаатларнинг янги шакллари, хусусан, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг ишонч телефонлари, бевосита алоқа линиялари орқали, видеоконференцалоқа воситасида келиб тушган мурожаатлар, расмий веб-сайт, виртуал қабулхона орқали ва бошқалар киритилди. Жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилишнинг янги шакллари ва тартиби кўрсатилди: сайёр, шахсий ва оммавий қабуллар, видеоконференцалоқа воситасидаги, аудио ва видеоёзувни қўллаш орқали қабуллар ва бошқалар.

 

Шу билан бирга, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг ҳуқуқий принциплари, хусусан, уларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мазкур жараёнда бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўймаслик, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятининг шаффофлиги каби тамойиллар белгилаб берилди.

 

Қонуннинг 5-моддасида кўрсатилганидек, мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари ҳисобланади. Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.

 

Ўз навбатида қонуннинг 6-моддасига кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида уларнинг манзили, белгиланган тартибда шахсини тасдиқловчи маълумотлар бўлиши керак.

 

Шунингдек, мазкур қонун билан жисмоний ва юридик шахсларга давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланди. Айни пайтда мурожаат этувчи бошқа шахсларнинг ҳамда жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгиланди. Мурожаатларни кўриб чиқиш вақтида эса жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига оид маълумотлар ошкор этилмайди. Мурожаат учун таъқиб қилиш ман этилади.

 

Қонуннинг 17-моддасида айтилгани каби давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланиши ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади.

 

Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

 

Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириши ва таҳлил натижаларига кўра тегишли чоралар белгиланиши қонуннинг 35-моддасида мустаҳкамланган.

 

Қонунга мурожаатларни кўриб чиқишни тугатиш, мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш каби янги моддалар киритилди. Мурожаатларни кўрмай қолдириш тартиби ва тушунчаси кенгайтирилди. Мурожаат кўрмай қолдирилганда хулоса тузилиб, раҳбар томонидан тасдиқланади ва бу ҳақда мурожаат қилувчига маълум қилинади. Мурожаат қилувчи ўз мурожаатини чақириб олган ёки кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса, такрорий мурожаат олдин тўла-тўкис кўриб чиқилган бўлса ва бошқа бир қатор ҳолатларда мурожаатларни кўриб чиқиш тугатилади.

 

Мурожаат этувчининг илтимосига биноан мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаатга жавобни унинг мазмунини ўзгартирмасдан тушунтириши ва мазмун ўзгармаган ҳолда тузатишлар киритиши шарт. Мурожаат қилувчининг бундай  илтимоси ўн кун ичида кўриб чиқилади. Мурожаат қилувчи адвокат ёрдамидан фойдаланиш, қўшимча материаллар тақдим қилиш ва тўпланган материаллар билан танишиш ҳуқуқларига эга.

 

Мурожаат қаноатлантирилган тақдирда мурожаатлар билан боғлиқ моддий зарар суд тартибида қопланади. Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин. Мурожаат қилувчига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан тўланган маблағлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат  мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Шу ўринда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 40-моддасида туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш ва 43-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтиш ўринли бўлади.

 

Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги қонунда алоҳида 2-боб (10-14 моддалар) сифатида Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар тўғрисида моддалар киритилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарининг тузилиши, тизими, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди. Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларнинг самарали кўриб чиқилишини ташкил қилиш мақсадида Президент томонидан тузилади. Бу тизимга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) Халқ қабулхоналари киради.

 

Амалга киритилган қонун давлат иштирокидаги ташкилотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Шу боисдан, ўзини ўзи бошқариш органлари, яъни маҳалла фуқаролар йиғинлари ушбу қонун ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 июлдаги қарори билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низом талабларига мувофиқ мурожаатлар билан ишлашлари зарур бўлади.

 

Янги таҳрирдаги қонун мурожаатлар билан ишлашда ҳамда мурожаатларни ўз вақтида қонуний, асосли ва адолатли ҳал этишда ўз самарасини бериши муқаррар. Мурожаатлар билан ишловчи масъул ходимлар қонун мазмун-моҳияти билан чуқур танишиб, амалиётда қўллаш чораларини кўриши лозим.

 

Қолаверса, аҳолининг мурожаат қилиш борасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ишлар самарали ташкил этилса, фуқаро ўзи қўяётган муаммо қайси давлат идорасида ҳал бўлишини яхши билса, масала тезроқ ҳал бўлади. Мурожаат қилиш тартиби ҳамда ечими борасида фуқароларга назарий ва амалий ёрдам бериш барча давлат хизматчиларининг муҳим вазифаси эканини унутмаслик лозим.

 

Умуман олганда, мурожаатлар борасидаги муносабатларнинг янада такомиллаштирилгани давлат органларининг, ташкилотларининг халқ билан самарали қайта алоқасини мустаҳкамлаш, давлат органларининг очиқлик даражасини ошириш, уларнинг инсонларни ўйлантираётган аниқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Одил АМИРҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарши туманидаги Халқ қабулхонаси мудири

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!