Меню
Қашқадарё
ЎЗ УЙИНГ БЎЛИШИ ҲАМ БИР БАХТ
Ушбу қарор шаҳарда яшаётган аҳолини, шу жумладан, ёш оилаларни, эскирган уй-жойларда яшаётганларни ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларини арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш орқали уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган. Унга асосан, 2017-2020 йиллар мобайнида вилоятимизда ҳам 2205 та квартира бунёд этилиб, эҳтиёжманд оилаларга топширилиши белгиланган. Дастурга мувофиқ, бу йил Қарши шаҳридаги Жайҳун кўчасида 1, 2 ва 3 хонали 315 хонадондан иборат 7 та кўп қаватли уй қуриб битказилди. Барча шарт-шароитларга эга ушбу арзонлаштирилган уйларни ўз соҳибларига топшириш маросими Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан ташкил этилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бордек. Зеро, бу ишларнинг барчасига аввало ана шу Бош қомусимизда белгилаб берилган тамойиллар, бундан 25 йил муқаддам мамлакатимизнинг ўз тараққиёт йўлини мустаҳкам белгилаб олгани ва унга оғишмай амал қилаётгани асос бўлмоқда.
Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, фаол ёшлар, ота-оналар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар томонидан бу жиҳат алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, тантанали тадбирда Қарши шаҳрида қад ростлаган “Ёшлар” уйлари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши тавсиясига кўра 64 нафар фаол ёш оилага берилди. Бу ҳам Президентимиз раҳнамолигида ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини янада яхшилашга қаратилаётган эътибор самараси, аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган эзгу ишларнинг амалдаги ифодасидир.
- Бунга қадар Қарши шаҳри ҳамда Касби, Муборак ва Шаҳрисабз туманларида 288 ёш оила ана шундай уй-жойларга эга бўлган эди, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Шомурод Сатторов. – Улар сафига яна 64 нафар бахтиёр оила қўшилди. 2018 йилда Қашқадарё вилоятида 5 та, яъни Қарши шаҳрида 3 та, Қарши тумани ҳамда Чироқчи туманларида 1 тадан жами 256 хонадондан иборат “Ёшлар” кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши режалаштирилган.
Дарҳақиқат, барча қулайликларга эга турар жойларнинг имтиёзли кредит асосида, бошланғич тўловларсиз берилаётгани ёш оилалар учун катта имкониятдир.
- Бугун мен учун қувончли кун. Гувоҳи бўлиб турганингиздек мана шундай кўркам “Ёшлар” уйларидан бирида оилам билан бирга истиқомат қилишдек бахтга муяссар бўлдим, - дейди янги уй эгаси, “Шуҳрат” медали ва Ўзбекистон “Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони соҳиби Мухриддин Ўткиров. – Бундай эътибордан жуда миннатдорман. Кейинги фаолиятимни ҳам юртимизнинг янада ривожланиши учун сафарбар этишга ваъда бераман.
Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.