Меню
Қашқадарё
Ўз уйи ёнбағридаги нишаб ерни қазаётган фуқаро викинглар даврига оид қиличга дуч келди
Норвегиянинг шимолий қисми, Сетесдал вилоятидаги хусусий уй ҳовлисидан викингларга тегишли қабр топилди, деб хабар бермоқда Science Norway манбаси.
Маҳаллий аҳоли вакили Оддбьерн Холум Хейланд уй юмушларини бажара туриб, бехосдан қилич ва қабр тошига дуч келган. Аввалида у иморат ва яшил майдон орасидаги ҳудудни кенгайтириш учун ўз уйи ёнбағридаги нишаб ерни шунчаки қазаётган эди. У қадимий артефактга дуч келганини англагач, ишни тўхтатган.
Оддбьерн интернетдан худди шундай қилич расмини топгач, топилма викинглар даврига оид бўлиши мумкинлигини тушунган ва шундан сўнг маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилган. Етиб келган археологлар унинг тахминини тасдиқлаган. Улар дастаси ясалиш услубидан келиб чиқиб, қилич ёшига ойдинлик киритгач, шамшир VIII аср охири - IX аср бошларига оидлигини аниқлаган.
Қабрдан, шунингдек, безак буюмлари, жумладан, чопон тўғнагичи, камар тўкаси ва тилла суви юритилган шиша мунчоқ топилган. Викинглар ясанишни яхши кўрган, шунинг учун ҳозирча қабр соҳиби жинсини айтиш қийин. Археологлар жасад қолдиқлари сақланиб қолганига шубҳа бўлсада, уни топиш илинжида қазиш ишларини давом эттирмоқда.
Қабр топилган уй 1740 йилда қурилган. 1970-йилларда Оддбьерн Холум Хейланднинг қайнотаси ҳам шу ҳовлида ишлаган, бироқ у ҳеч қандай артефактга дуч келмаган.