Меню

Қашқадарё

07.06.2016 1982

«ЎЗ САЙЁРАНГНИ ТАРТИБГА КЕЛТИР...»

 

Гарчи қайсидир маънода рамзийроқ айтилган бўлса ҳамки, “сайёрани тартибга келтириш” деган жумла тагида улкан маъно яширингандай туюлади менга. Айнан тартибга келтириш: ҳам ўзини, ҳам сайёрани орасталаш, саришталаш... Яъни бу иборадаги “сайёра” сўзини бир қарашда, ички олам, деб тушуниш мумкин бўлса, яна бир қарашда, ўз уйи, яшаб турган маскани, бутун Ер юзи, дея қабул қилиш мумкиндай. Хоҳ у маънода айтилган бўлсин, хоҳ бу маънода, барибир, маънолар ўртасида ўзаро мустаҳкам боғлиқлик борлигини идрок этиш қийин эмас. Зеро, инсон ўзини ўраб турган ташқи муҳитга таъсир ўтказа оладиган олий онгли мавжудот. Унинг уйи - сайёраси эса Кичкина шаҳзоданики сингари миттигина эмас, балки жуда улкан: Ер шарининг йўл узунлиги 40 минг 10 километрни ташкил этади. Ерга доир яна кўплаб шу каби рақамларни келтириш мумкин. Бироқ унинг нақадар улкан эканини тасаввур қилиш учун эса юқоридаги далилнинг ўзиёқ етарли.

Энг қизиғи, инсоннинг тўлақонли ҳаёт кечириши учун фақатгина сайёра юзаси етарли эмас: сув, ҳаво, жонивору қушлар, ўсимликлар ҳам яшашимиз учун бирдай зарур омил саналади. Демак, кичкина шаҳзода тартибга келтирмоқчи бўлган сайёрада иш мўл экан, айниқса, бугунги кунда...

Мутахассисларнинг аниқлашларича, Ернинг ёши 4,5 миллиард йилга тенг экан. Тўғри, инсон нисбатан бирмунча кейинроқ пайдо бўлган. Бироқ унинг шиддат билан тараққий этиши натижасида сайёранинг табиий ҳолатига путур етди. Бугунга келиб инсоният озон туйнуги кенгайиши, атмосфера ва Дунё океани сувининг ифлосланиши, музликлар эришию глобал исиш каби муаммолар қуршовида қолди.

Аслида бу муаммоларнинг келиб чиқишига кичкина бир ҳаракат сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида эса мулоҳаза қилиб кўрмаймиз ҳам. Яъни қандай ҳаракат? Айтайлик, ҳар куни кўчага чиқамиз. Ишга борамиз, бозор-ўчарга ёки меҳмонга, баъзида табиат қўйнига дам олиш учун йўл оламиз. Шундай пайтларда қўлимиздаги ортиқча қоғоз парчаси, целлофан ёки пластик идишларни дуч келган ерга ташлаб кетаверамиз. Бошқалар ҳам шундай қилишади. Шунинг учун ҳам ўзимизни заррача айбдор санамаймиз. Бу кичкина ишимизнинг эртанги оқибатини ўйлаб ўтиришга вақт сарфламаймиз. Ваҳоланки, табиат жонкуярлари бўлган мутахассисларнинг аниқлашларига кўра, чиқитга чиқарилган пластик идиш, полиэтилен халтачаларнинг биологик компонентларга тўлиқ ажралиши, яъни чириб битиши учун 400-450 йил талаб этилса, шиша фақат миллион йилдан кейингина тўла йўқолиши мумкин. Оддийгина бир парча қоғознинг чириб, тупроққа қўшилиб кетиши учун маълум вақт талаб қилинади. То ўша вақт келгунига қадар эса, минг афсуски, бу кераксиз маҳсулотлар атроф-муҳитнинг ифлосланиши учунгина хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, истиқлол йилларида юртимизда табиатга муносабат тубдан ўзгариб, атроф-муҳит мусаффолигини асраш, ерлар деградациясини камайтириш, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш борасида кўпгина қонун ва қарорлар қабул қилиниб, амалга татбиқ этилмоқда. Жумладан, 2013 йил 4 июлда қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир. Мазкур ҳужжат мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси, табиатни асраш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини ижобий ҳал этишда муҳим қадам бўлди.

Бироқ энг муҳим бир қонунни унутмаслик керак. Бу – ҳар бир шахснинг ўзи яшаб турган муҳитда барқарор вазиятни шакллантириш, табиатдаги мувозанатни сақлашга жавобгар эканини дилдан ҳис этишидир. Зеро, фақат шундагина бир қарашда оддий кўринган нотўғри ҳаракат улкан муаммоларни келтириб чиқармаслигига кафолат бериш мумкин. Она сайёрани тартибга келтириш учун энг аввал шу ҳақиқатни англаб етишимиз шарт.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!