Меню
Қашқадарё
ЗЎР ЗЎРНИ АҚЛИ ВА КУЧИ БИЛАН ЕНГАЖАК
Сараланган сатрлар
Тарихдан биламиз, Хоразмшоҳлар давлати бир вақтлар Помиру Тиёншонгача, Форс кўрфазидан Фрот ва Дажла соҳилларигача қулоч ёзган. Аммо шундай улуғ салтанат мўғуллар ҳужуми сабаб қисқа фурсатда паторат топади. Мўғул истилочилари ўта шафқатсизлик билан юртларни эгаллаб, ёшу қарини бирдай қиличдан ўтказади.
Айтишларича, Чингизхоннинг қабила бошлиғи бўлган отаси ўлгач, қавмдошлари уни ва онасини қувғин қилишган. Ҳаётнинг кўп қийинчиликларини тотиб кўрган боладан доно эмас, ўта раҳмсиз, шафқатсиз инсон етишиб чиққан. Бешикдаги чақалоқдан тортиб она қорнидаги болаларгача ўлдирилгани Чингизхон қўл остидаги лашкар чизгисини беради.
Албатта, аждодларимиз мўғул босқинчилари қонхўр, ваҳший экан, деб қўрқиб-писиб жим қараб туришмаган. Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Нажмиддин Кубро жасорати тилларда достон бўлган.
Барибир шундай улкан давлат парчаланиб йўқ бўлиб кетиши сабаблари, мўғулларни тарих саҳнасига қандай куч олиб чиққани, уларнинг Европагача кириб бориб, дунёни зир титратгани омиллари ҳали тарихчилар томонидан кўп ўрганилади, муҳокама этилади.
XIII асрга оид тарих манбаларидан мўғуллар юртимиз тупроғини топтаб, ўзга эллар сари қулоч отгани, Жалолиддин Мангуберди қаршилиги, аммо енгилгани, охир-оқибат курдлар томонидан ўлдирилгани ҳақида биламиз, холос.
Аммо шу воқеалардан 30 йил ўтиб, аниқроғи, 1260 йилда Айн Жолут ёнидаги жангда Маҳмуд ибн Мамдуд Сайфиддин Қутуз мўғулларни ер тишлатиб, уларнинг ислом юртларига бундан кейинги юришларига амалда барҳам берганидан бохабармизми? Ўша Сайфиддин Қутуз Жалолиддин Мангубердининг жияни - синглисининг ўғли эканига нима дейсиз?
Гап шундаки, мўғуллар Хоразмшоҳлар устидан ғалаба қозонгач, ёш Маҳмудни онаси ҳийла билан ўлимдан қутқаради. Боланинг жони омон қоладию, барибир мўғулларга асирга тушади. Улар, табиийки, бола хонзода эканини билмайди ва қул сифатида сотиб юборади. Шу тариқа Маҳмуд Мовароуннаҳрдан Онадўлига бориб, у ердан Дамашққа қул қилиб сотилади. Бақувватлиги, курашдаги чапдастлиги боис "Қутуз", яъни "қопағон" лақабини олади.
Унинг довруғи Миср султони Нажмиддин Айюбийга қадар етиб боради ва султон Сайфиддин Қутузни мамлуклар сафига қабул қилади. Мамлук - қул, банди дегани. Нажмиддин Айюбий солиҳ подшо бўлган ва қулларга озодлик бериб, уларга дин, ҳарб санъатидан сабоқ бериб, мамлуклардан кучли қўшин тузишга эришган. Сайфиддин Қутуз эса шу қўшинда лашкарбоши даражасига етишган.
Султон вафотидан сўнг унинг хотини тахтга ўтиради. Аммо халқ аёл кишининг подшо бўлишини қабул қилолмайди. Ҳатто араб халифаси "Агар сизларда подшоликка эркак топилмаса, биз Бағдоддан жўнатамиз" деб мактуб ёзганидан кейин одамларнинг сабр-косаси тўлади. Мамлакатда ғалаёнлар бошланади. Аёл подшо мамлук аскарлардан бирига турмушга чиқиб, ҳалокатдан қутулиб қолади. Аммо вақт ўтиб подшо яна уйланмоқчи эканидан хабар топган малика уни ўлдиради. Тахтга эса ўғли ўтиради. Бироқ у ҳокимият ишларига уқувсиз бўлгани боис ҳукмдор сифатида Сайфиддин Қутуз бошқарувга келади.
Энди тасаввур қилинг. Хоразм заминидин қул сифатида бориб, Миср тахтига ўтирган Сайфиддин Қутуз олдида даврнинг энг катта хавф-хатари турарди: мўғуллар. Улар ҳатто 500 йилдан ортиқ ҳукм сурган Араб халифалигини яксон қилган, мўғулга қарши чиқишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди.
Ниҳоят, ўша Айн Жолут яқинидаги жангда Сайфиддин Қутуз ҳарбий маҳорати туфайли мўғул қўшини яксон қилиниб, ислом оламига қайта ҳужум қилолмайдиган бўлиб ер тишлайди. Бу буюк аждодимизнинг ота-боболари учун олган ўзига хос ўч-қасоси эди.
Афсуски, ғалаба шарафига уюштирилган зиёфатда Сайфиддин Қутуз фитна қурбони бўлади. Хўш, бунга нима сабаб бўлади? Воқеалар қандай якун топди?
Бу ҳақда Нидерландияда яшаб ижод қилаётган ўзбек адибаси Шаҳодат Улуғнинг "Халоскор султон Сайфиддин Қутуз" романидан ўқиб олишингиз мумкин. Қуйида эса асардан эътиборга молик фикрларни жамладикки, асар тўла мутолаасига албатта киришасиз.
* * *
Оғудан ўткирроғи, шамширдан кескирроғи йўқ дейишди. Бу, аслида, нисбий фикр эди. Заҳардан ўткири, қиличдан-да кескири ақлдир, илло, оғу ва шамширни ақл ва иқтидор эгалари ўйлаб топмишлар. Инсон боласи умри давомида ўткинчи ташвишлару ожиз ўйларнинг комида қолиши тайин. Шунда уни ўша ёвуз ўпқон комидан фақат ўткир ақли ва букилмас иродаси омон олиб чиқа олажакдир.
* * *
Инсониятнинг ёзилмаган қонунлари бу эди: ҳаёт шафқатсиздир. Кимки кучли, зийрак ҳам тадбиркор бўлса, ўша ғолиб бўлажакдир. Зўр зўрни ақли ва кучи билан енгажак.
* * *
Иймон нури қалб меҳварини музайяна этади. Унингсиз ҳаёт мазмунини, умр эса ўз моҳиятини йўқотади. Шундай эса-да, инсон кайфияти тўрт фасл сингари ўзгарувчандир.
* * *
Оқибатли инсонлар дунёнинг дарз кетаёзган қатламини меҳрли ришталари билан боғлаб туради. Ҳаёт ана шундай инсонлар билан мазмунлидир.
* * *
Кимса, қандай вазиятда бўлмасин, ўз ўрнини билиб хотиржам тургани унинг ким эканини кўрсатади. Аслида, инсон сукути билан хотиржам эканини, ҳаракати билан неларга қодир эканини намойиш этади.
* * *
Инсон баъзан бахт ичида завол топади, баъзан эса кулфат ичида улғайиб, сўнгра юксакларга кўтарилажакдир.
* * *
Ёлғизликдан чўчимаслик даркор. Зеро, киши танҳоликда ҳаёт фалсафасини теранроқ англайдур.
* * *
Қушларда фиғон ўзи билан келиб, ўзи билан кетади.
* * *
Инсон барибир ўз хотиралари ичида яшайди. Ҳаётдан безиб, кўнгли тўлмай, баъзан буткул совиб, аламзада бўлган кезлар у ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғдир, дея ўзини овутади.
* * *
Қаноатлилик даркор бўлган энг керакли хислатдур. У иродани чиниқтириб, инсонни бағрикенгликка етаклайдур. Баъзан танг қолган чоғинг қаноат ва сабр сенга энг муносиб йўлни кўрсатур.
* * *
Катта дарёлар ичида кичик ирмоқлар тўлқин мисоли оқиб юрадур. Улар аждодлару авлодлар шажарасига ўхшайдур.
Дарҳақиқат, ирмоқ катта тўлқинга қўшилмоқ учун ўзини бу ҳолга тайёрламас экан, тиним билмай оқмас экан, муродига етолмас - денгизга ошуфта бўлолмас.
* * *
Одамзоднинг ёза олмаган битиклари, ўқишга фурсат топа билмаган китоблари кўп экан. Ҳаёт изтиробдан сўнг кашф этилган ҳақиқат эмасми?
Борлиқни ўз ҳа-қиқатларинг ичида айрича англай бошлаганинг ёлғонми, йўқса?
* * *
Ҳаёт бани одам умрига чангал солувчи қотил ҳакамдир.
* * *
Қалб фалажлиги жисмоний фалажликдан кўра минг чандон қайғули фожиадир. Бунинг оқибати инсонни носоғлом муҳитдан нафас олишга ундаб, кимсани тирик мурда сингари яшашга маҳкум этади.
* * *
Салласиз бош бошдирки, аммо закосиз бош асло бош эмасдир.
* * *
Улуғлар ўз ҳаддини билмаган, нафси ҳакалак отган кимсанинг ҳаддини билдирмоқ учун катталар қаршисида адабингда тур, магарам уятни билмасанг, магарам шармандаликни касб этган бўлсанг, бор унда, билганингни қил, шунда қатл майдонида ҳолинг не бўлишини кўргаймен, деб бежиз жеркишмаган.
* * *
Шундай кезлар келадики, ҳатто ота-онанг, қавму қариндошинг, дўсту биродаринг сенга ёрдамлашмоққа ожиз қоладур. Бундай ҳолатда фақат покиза ахлоқинг сени муҳофаза этиб, оқлик пардасига ўрайдур.
* * *
Инсон адашади, аммо барибир у бир кун ўз ибтидосига, аслиятига қайтадур. Инсон фитратига ёт ҳолга асло ўзини чоғламагай.
* * *
Етти ўлчаб, сўнг кес дея ўгит беришди. Ҳаёт эса бизга етмиш ўлчаб, сўнгра хотиржам кесмоқни ўргатди.
* * *
Ҳаёт шундай, фақат ўйин-кулгидан иборат эмас. Токи биз нафас олишда давом этар эканмиз, хатоларимизга гувоҳ бўлган замин нотинч қалқийдур, осмон адоқсиз уф тортиб, гоҳида худди бизим каби йиғлайдур. Биз-чи? Биз эса бу икки интиҳосизлик - замин ва осмон орасида дайдиларга менгзаб қўйилган юпун фуқаролармиз.
* * *
Салтанат ичидан келган зарба хатарлидир, чунки ташқи олам бу таҳдиддан бехабар қолади. Ичкарига қамалган банди эса иқтидорнинг қонли ўйинлари ичра ўз ўлими томон беомон бораверади.
* * *
Ҳаёт шафқатсиз мустабиддир.
Ҳаёт қонли иқтидор ўйини ичидаги совуқ ўлимдир.
* * *
Мозий мозийда қолиб кетмайдур. Мозий келажакка дахл қиладур!
НАСРИДДИН тайёрлади.