Меню

Қашқадарё

29.09.2021 1891

Ўз олдингга тўғри мақсад қўйиб, унга эришиш учун тўғри йўл танла!

 Одатда инсон ўз бошига тушган муаммолар 20 фоизгагина ўзи туфайли, қолган 80 фоизи ён-атрофидагилар ёки ташқи муҳит таъсири, ўзгалар айби билан рўй берган, деб ҳисоблар экан. Аслида эса аксинча: инсон муаммолари 80 фоизга бевосита ўзи сабабли юзага келади, 20 фоизигина мавжуд муҳит ва бошқалар билан боғлиқ бўлади.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Дўстлик уйида Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан волонтёрлар учун ўтказилган семинар-тренингда сўз юритилди. Мазкур тадбир Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

“Шахсий ривожланиш ва ўзликни англаш” мавзусига бағишланган интерфаол машғулотларни тренерлар Адҳам Тоҳиров ва Урол Ҳайитов олиб бориб, ёшларга ўзлигини англаш ва ўзига баҳо бериш ҳиссини кучайтириш орқали муваффақиятли инсон бўлиш технологиясини тушунтириб беришди.

- Ушбу тренингда инсон ўз олдига тўғри мақсад қўйиб, унга эришиш учун тўғри йўл танлаши ва шу йўлдан оғишмай, қатъий юриши кераклигини янада чуқурроқ англаб олдим, - дейди “Юксалиш” марказининг волонтёри, Қарши давлат университети талабаси Наврўз Очилов.  -  Шунингдек, одам ўз хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиб, ақл-идрокка таянган ҳолда, мустақил қарор қабул қилиши лозимлигига ҳам яна бир карра амин бўлдим.

“Мен ким?” ва “Ҳаёт ғилдираги” каби машқлар билан, интерфаол ёндашув асосида ўтказилган тренинг волонтёрларда катта таассурот қолдирди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!