Меню
Қашқадарё
ЎЗ МАВСУМИ МАРОҚЛИ ЎТСИН
Бироқ кўп ҳолларда юртдошларимиз бир жиҳатни унутиб қўйишмоқда. Бу - чўмилиш хавфсизлиги, маданияти, қонун-қоидаларига риоя қилишдир. Сўнгги пайтларда айрим кишиларнинг белгиланмаган ва тақиқланган жойларда чўмилиши оқибатида ҳаёт учун ғоят хавфли ҳодисалар рўй бермоқдаки, улар ҳар биримизни огоҳликка даъват этиши, шубҳасиз.
Ёз мавсумида сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, турли бахтсиз ҳодисалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида жойларда тушунтириш ишларини олиб бориш биз - фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларининг зиммасидаги энг муҳим вазифалардан саналади. Шу боис, бу борада бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда чора-тадбирлар белгилаб олинди. Чунончи, мавжуд сув омборлари, дам олиш масканлари ва чўмилиш ҳавзалари ўрганиб чиқилиб, жойларда ғаввос-қутқарув гуруҳлари ташкил этилди. Кузатув миноралари ўрнатилиб, сузиш воситаларининг техник созлиги, сув ҳавзаларида хавфсизлик ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишига доир текширувлар амалга оширилди. Қолаверса, мавсум олдидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида дам олиш масканлари раҳбар-ходимлари учун “Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаси - саломатлик гарови” шиори остида бир қатор семинарлар ташкил этилди. Мазкур тадбирларда чўмилиш мавсумида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида тайёрланган ўқув-услубий қўлланмалар тарқатилиб, мавзуга доир фотолавҳа ва видеофильмлар намойиш этилди. Дам олиш масканларида ишлайдиган раҳбар ва ходимларнинг хавфсизлик борасидаги билим, малакалари оширилди. Бундан мақсад - ёз мавсумида юртдошларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, бехатар дам олишни ташкиллаштиришдан иборатдир.
Кузатувларимизга кўра, кейинги пайтларда каналларда сувнинг совуқлиги, оқимнинг тезлиги, дарёларда учраб турадиган маиший чиқиндилар, ота-оналар масъулиятсизлиги, шунингдек, чўмилишга келганларнинг ўзига ҳаддан зиёд ишониши каби омиллар чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётир. Демак, шу ўринда чўмилишнинг айрим қоидаларини яна бир марта эслатиб ўтиш ортиқча бўлмайди.
Сувга тушишдан олдин унинг ҳарорати ва оқиш суръатини ҳисобга олиш зарур: ўта совуқ ҳамда тезоқар сувга тушган кишида мушаклар қисқариб, томир тортишиши рўй беради. Натижада одам ўзини сувда тўғри тута олмайди ва бу бахтсиз ҳодисага сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, ўзига нотаниш жойдаги илк марта кўриб турилган дарё ёки кўлда чўмилишдан олдин шу ердаги аҳоли вакили ёки мутасаддилардан сув ҳавзасининг чуқурлиги, хавфсизлиги ҳақида маълумот олиш шарт.
Табиат қўйнида дам олган чоғларимизда тозалик қоидаларига ҳаммамиз ҳам амал қилмаймиз. Дарё бўйларида турли шиша ёки пластик идишларни қолдирамиз, ҳатто сувга дуч келган нарсани улоқтириб кетаверамиз. Бу каби маиший чиқиндилар туфайли чўмилувчиларнинг тан жароҳати олиш ҳолатлари кўп учрайди. Демак, дам олиш маданиятига амал қилишни ҳеч бир фуқаро унутмаслиги керак.
Болаларнинг сув ҳавзаларида чўмилишлари катталар назорати остида, хавфсизлик қоидаларига тўла амал қилинган ҳолатда ташкил қилиниши лозим. Қутқарув чамбаракларидан фойдаланиш, унча чуқур бўлмаган жойлардагина чўмилишларига рухсат бериш керак. Шундагина улар билан боғлиқ турли бахтсиз ҳодисалар рўй бермайди. Ота-оналар шу жиҳатларга эътибор қаратишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Қуёшли кунлар давом этмоқда. Дам олиш онларини кўнгилли ўтказиш, уйидан соғ-омон чиқиб кетган инсоннинг хуш кайфиятда қайтиши, энг аввало, ўзи ва фарзандлари ҳаётига масъуллиги ҳамда эътиборли бўлишига боғлиқ. Буни унутмайлик.
Нодир АБДУЛЛАЕВ,
вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими.