Меню

Қашқадарё

02.08.2016 2030

“ЎЗ ИШИМГА ЭНГ АВВАЛ ЎЗИМ БАҲО БЕРАМАН”,

У – ёш тадбиркор Малика Жабборова. Чевар янги либос устида ишлаяпти. Ҳар сафар тикаётган либосининг чизмада акс этган хаёлий дизайнини чиқариш учун кўп тер тўкади. Мижозининг буюртмасини кўнгилдагидек ва ўзига хос бичимда тақдим қилиш учун бор имкониятини ишга солади.

Мана, ниҳоят, либос битди. Тиккан либосини кўриб, чеварнинг кўнгли тўлди: чоклари жойида, бичими текис, худди ўзи истаганидай. Буюртмачига ҳам манзур бўлишига шубҳа йўқ...

- Ўзимга ёқмаган либос бошқаларга ҳам ёқмайдигандай туюлади, - дейди Малика. – Фаолиятимда ҳам бу нарсага кўп рўбарў келганман. Шунинг учун ўз ишимга энг аввал ўзим баҳо бераман. Чунки одам ўзининг хато ва ютуқларини  аввало ўзи кўра билса, ишида мукаммаллик бўлади.

Чевар мижозларининг аксар қисми бўлажак келинлар. Шу боис, ҳозир тўй мавсуми эмасми, Маликанинг ишлари анча кўпайган. У мижозлар кўнглидагидек либосларни  тикиб бериш учун янги-янги услублар устида ишлаётганидан сўз очади.

- Келин кўйлакларини тикишнинг мураккаблиги шундаки, ҳар бири алоҳида услубга эга бўлиши керак, - дейди ёш тадбиркор. - Сабаби, чет эл услубидаги келин кўйлаклари қизлар орасида анча урф бўлиб, уларнинг ҳашамдорлигига кўзимиз ўрганиб қолган. Ана энди ҳарир матою, ёрқин безаклар устида жиддий ишлаб, ўзимизга, ўзлигимизга хос либослар тикишимиз керак. Шу боис ишимда миллий услубдан кўпроқ фойдаланаяпман.

Дарҳақиқат, у тикаётган келинлик либосларидаги ўзига хослик атлас ва ҳарир матонинг ўзаро уйғунлигида акс этаяпти. Бу кўйлаклар бичимида шарқона услуб, ўзбек қизининг ибо-ҳаёсига монанд бўлган узун этаклар, енг ва ёқанинг очиқ-сочиқ эмаслиги ҳамда ҳаракатланишга қулайлик алоҳида инобатга олинган.

Малика ҳунари ортидан тадбиркорликка қўл уриб кам бўлмади. Тўрт нафар қизни ёнига олган чевар энди тиккан келинчак либосларини ўзининг гўзаллик салони орқали ҳам мижозларга таклиф этаяпти.

- Ўтган йили “Ёш тадбиркор - юртга мададкор” танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, 6 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш имконига эга бўлгандим, - дейди Малика. - Бу маблағни ишимни ривожлантиришга сарфладим. Иккита тикув машинаси ва қолганига қўшимча хомашё сотиб олдик.

- Ҳозирги ёшларнинг шижоатига ҳавас қиламан, - дейди унинг онаси Санобар Раҳматова. - Бугунги замон ёшлари ҳар томонлама илғор, улар учун яратилган имкониятлар ҳам кенг. Ҳаракат қилган кўп нарсага эришаяпти. Баъзида ёшларга боқиб, уларнинг биз журъат қилмаган ишларга дадил қўл уришини кўриб, ҳайратда қоламан. Қизим Малика ҳам шундай ёшлар сафида эканлигидан мамнунман.

Малика Жабборова ўз олдига қўйган бизнес-режаларини босқичма-босқич амалга ошираяпти. У энди оқшом либослари ҳам ишлаб чиқармоқда. Бундан ташқари, тез орада тикувчиликка қизиқувчи ёшларга ҳунар ўргатиш мақсадида машғулотлар ўтишни йўлга қўймоқчи ва бундан кўзланган асосий мақсад уйда ўтирган қизларни ҳунарли қилишга кўмаклашишдир.

Ёш тадбиркорнинг келгуси режалари ҳақида тинглар эканман, унинг шижоати, интилиши ва ҳаракатларига ҳавасим келди.

Соҳиба СУЮНОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!