Меню

Қашқадарё

28.10.2017 1764

ЎЗ БОЛАНГНИ ЎЗИНГ АСРА

Президентимиз таъкидлаганидек, тинчлик ва инсонпарварлик дини бўлган ислом дини ўзининг теран ҳаётий фалсафаси, имон-эътиқод ва маърифатпарварликка чақирувчи ғоялари билан юксак инсоний ахлоқ меъёри бўлиб, миллий қадриятларимиз, турмуш тарзимиз, урф-одатларимизни асраб-авайлашда, ўсиб келаётган ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир.

Бунда ўз навбатида ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласига алоҳида эътибор қаратиш, айниқса, махсус ҳисобдан чиқарилган шахсларнинг оила аъзолари билан ишлаш, бундай шахсларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, бузғунчи ёт ғоялар таъсирига берилишига йўл қўймаслик, уларнинг турмуш тарзи, меҳнат фаолиятини кузатиб бориш, иқтисодий аҳволини яхшилашга кўмаклашиш борасидаги ишларни янада кучайтириш талаб қилинади.

Вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ иштирокида ўтказилаётган тадбирларда айни шу масалаларга эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Қарши шаҳридаги 1-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ўтган тадбирда ҳам ёш ўғил-қизларнинг бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларни билим олишга қизиқтириш диққат марказида бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги, халқ таълими бошқармаси ва жамоатчилик вакиллари ўқувчи ёшларга юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга қодир авлод бўлиб етишишлари хусусида айтишди.

Кенг масштабда қарайдиган бўлсак, айни пайтда дунёда 900 миллиондан зиёд одам қашшоқликда ҳаёт кечираяпти, афсуски, уларнинг аксарини болалар ташкил этади. Дунё миқёсида ўта қашшоқликда кун кўраётган одамларнинг 47 фоизи 18 ёшга тўлмаган ўғил-қизлардир. Ҳатто энг бой давлатларда ҳам ҳар тўрт боладан бири очликда яшамоқда. Биргина Европа иттифоқида 26 миллион нафар бола ночорликда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳволда қолган. Бундан ташқари, сайёрамиздаги ҳар бешинчи бола саргардонликда умр кечираяпти.

Шундай экан, тинч-фаровон юртда фақат ўқиш, билим олишга интилиш лозим. Муқаддас ислом динида ҳам илм олиш ҳар бир мўмин-мусулмон эркак ва аёлнинг бурчидир, дея бежиз таъкидланмаган.

Тадбирда шу хусусда атрофлича маълумотлар берилди. Ўқувчи-ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

* * *

Вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар вақти таҳлил қилинганда, уларнинг 33,8 фоизи кундузги соат 13 дан 19 гача бўлган оралиқда, қарийб 26 фоизи эса тунги соат 1 гача бўлган вақтда содир этилган экан. Бундан кўринадики, айрим ёшлар дарсдан, турли машғулотлардан бўш вақтларда қинғир йўлдан юришади.

Бу ҳақда Қарши санъат коллежида ўтган йиғилишда айтиб ўтилди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, вилоят мудофаа ишлари, ўрта махсус,  касб-ҳунар таълими бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши масъул ходимлари иштирокида ўтган тадбирда глобаллашув шароитида ёшлар бўш вақтларини фойдали машғулотларга йўналтириши, чет тилларни ўрганиш, илм-фан, спорт чўққиларини забт этишга уринишлари лозимлиги таъкидланди. Айни пайтда юртимизнинг тинч-осойишта кунлари, мусаффо осмони ҳам ана шундай кучли, ақлли, билимли ёшларга боғлиқ экани айтилди.

- Ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати ва имкониятларига унинг армиясининг жанговар қобилияти ва жанговар тайёргарлигига қараб баҳо берилиши бежиз эмас, - деди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азиз Баратов. – Бунинг учун эса ёшларимиз ҳар томонлама баркамол, илмли, жисмонан чиниққан, маънан етук бўлишлари талаб қилинади. Бугунги тадбир, ўйлайманки, ёшларни шу мақсад йўлида ҳаракат қилишга ундайди.

- Эртанги кун – ёшлар қўлида, - дейди коллеж ўқувчиси Анвар Санаев. – Бугун бизга ишонч билдирилаяптими, бу ишончни кучли билим, юксак натижалар билан оқлашимиз кераклигини бугун яна бир карра ҳис қилдим.

Тадбирда ўқувчи-ёшларни кенг мушоҳадага чорловчи “Кейинги бекат” фильми намойиш қилинди. Муҳокама ва савол-жавобларда фаол иштирок этган ёшларга  бадиий китоблар совға қилинди.

Тадбирлар давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!