Меню

Қашқадарё

16.04.2019 2080

ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТ ДАВОМИДА 105 МУРОЖААТ ДАРҲОЛ ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Хусусан, Деҳқонобод туманида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳалим Холмахматов, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Махсуда Мустафаева иштирокида ташкил этилган сайёр қабул ҳудуд аҳолисининг кўплаб муаммоларини ҳал қилишга қаратилгани билан самарали бўлди.

Сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот, корхона ва муассасалар, уларнинг тумандаги қуйи бўғини раҳбарлари ҳам жалб этилган тадбирда 600 дан зиёд фуқародан 370 та мурожаат қабул қилинди. Асосан ер, уй-жой, коммунал соҳа, бандлик, моддий ёрдам, айрим раҳбарлар хатти-ҳаракатидан норозилик, табиий офатлардан ҳимояланиш каби масалалар юзасидан қилинган мурожаатлар бўйича фуқаролар билан юзма-юз гаплашилиб, 105 мурожаат бевосита учрашув давомида қаноатлантирилган бўлса, айримлари бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ўрганиш, аниқлик киритиш талаб этиладиганлари     тааллуқлиги бўйича тегишли давлат ва хўжалик органларига кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун юборилди. Шу билан бирга, 17 кишига ногиронлик аравачаси, 5 кишига эшитиш мосламаси берилди, 21 фуқаро кадастр ҳужжатлари, 7 киши фуқаролик паспортларига эга бўлди.

Сайёр қабулда Эшонбулоқ-Деҳқонобод сув тармоғини сел олиб кетишидан ҳимоялаш, Тўдачорбоқ қишлоғида дарё ўзани кенглиги мактабга қатнайдиган ўқувчиларга хавф туғдираётгани, шунингдек, Қўрғонтош ва Гала қишлоқларида трансформатор ўрнатиб бериш, поликлиника  фаолиятини йўлга қўйиш каби умум манфааатига хизмат қиладиган таклифлар билан бир қаторда ўзаро ер талашган қўшнилар жанжали ёхуд уй-жойини таъмирлаб бериш, хуллас, фуқаронинг ўзи озгина ҳаракат қилса, ечими топиладиган масалалар бўйича ҳам мурожаатлар қабул қилинди.

Бундай сайёр қабуллар жойларда давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!