Меню
Қашқадарё
Юзлаб полициячилар ва ўнлаб вертолётлар: наркобаронни қандай тутишди?
Колумбия ҳукуматига мамлакатдаги йирик наркобарон, барча кокаин жўнатмаларининг қарийб ярмини назорат қиладиган Дайро Усугани қўлга олиш учун 500 нафар полициячи ва 20 дан ортиқ вертолёт керак бўлди.
Ушбу махсус амалиёт кўпроқ ҳарбийларнинг душман ҳудудига бостириб киришини эслатади. Колумбия ҳарбий ҳаво кучларининг 22 та вертолёти, ярим минг полициячи ва аскарлар кўпроқ "Отониэль" лақаби билан танилган Дайро Усуганинг мамлакат шимоли-ғарбидаги бошпанасига ҳужум қилган.
Бундай оташин қудрат - кераксиз эҳтиёткорлик чораси эмасди. "Кўрфаз клани" деб аталадиган Отониэль гуруҳида камида икки минг нафар тиш-тирноғигача қуролланган жангари бўлган. Усуга - мамлакатдаги энг нуфузли наркобарон садоқатли қўриқчилари, шахсий разведкаси ва юзлаб миллион долларлик ўз бюджетига эга.
Қўлга олиш вақтида ундан ҳар қандай "сюрприз" кутиш мумкин эди. Аммо ҳаммасини ҳукумат ўточар кучлари ҳал қилди. Жиноий гуруҳ қаршилиги ҳаво ҳужуми ёрдамида бостирилди, уларнинг барча чекиниш йўллари тўсиб қўйилди. Шу тарзда Усугани тириклайин қўлга олишга эришилган.
"Усуганинг қўлга олиниши бизнинг XXI асрда гиёҳвандлик воситалари савдоси устидан қозонган барча ғалабаларимиз ичидаги энг жиддийси бўлди", дея баёнот берган Колумбия президенти Иван Дуке Маркес.
"Кўрфаз клани" аъзолари ҳар йили Шимолий Америка ва Европа давлатларига юзлаб тонна тақиқланган моддалар жўнатгани айтилади. Шафқатсизлиги билан танилган гуруҳ ҳисобида жуда кўп қотиллик, олиб қочиш ва одам савдоси жиноятлари бор.
Колумбия полицияси ва махсус кучлари кўп йиллар Отониэлгача етиб боришга уринган. 2015 йилда ҳам 1200 полициячи уни қўлга олиш учун оёққа турган, бироқ махсус амалиёт ҳеч бир натижасиз тугаган.
Шубҳасиз, энди Усугани Шимолий Америкага бериб юборишади. Аёнки, Колумбия наркомафияси у ерда судга таъсир ўтказиши ёки Отониэль қочишини уюштириши жуда қийин.