Меню
Қашқадарё
ЮЗ ЙИЛЛИК САВОЛГА ЖАВОБ ИСТАБ...
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
Таниқли тарихчи олим, адабиётшунос ва адиб Поён Равшанов ҳаётлигида ёзган ва айни пайтда унинг сўнгги асари саналган “Беҳбудий ҳақиқати” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ватан тараққиёти, унинг иқтисодий ва маданий юксалиши, жаҳоннинг улуғ давлатлари қаторидан жой олиши орзуси, интилиши ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида миллатпарвар зиёлилар чекига тушган эди. Тараққийпарварларнинг ғоявий раҳнамоларидан бири Самарқанд муфтийси, аллома ва замонасининг буюк адиби, драматурги, публицисти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари эди.
Курашаётган “икки тўлқин” (Ойбек) воқеа-ҳодисалари уммонида бир-бирига қарама-қарши сузаётган икки ҳайбатли кема оралиғида қолган қайиқнинг ҳалокатига замин бўлади – элпарвар, мустақилликни деб адил турган Беҳбудий ҳазратлари жон нисор этади. Унинг хориж сафари амалга ошмай, сирли қотиллик юз беради. Бунда сабаб оқибатни маҳв этади: советлар амирликни қатлга қўл уришга қадам-бақадам мажбур этади. Улуғ сиймонинг қатл этилиши ва унинг марқади ҳали ҳазрат ажал шарбатини тотмаган 1919 йил 25 мартдан то 2010 йилга қадар тахминлар, фаразлар, демишлар оқимини тоштириб келди.
Кейинги йилларда олиб борилган изланишлар, архив ҳужжатларининг ўрганилиши Беҳбудий ўлими ва қабри муаммосига бу борадаги ҳозиргача мавжуд бўлиб келган тарихни ўзгартиришга имкон берди.
“Академнашр” нашриёти томонидан 1000 нусхада чоп этилган китобда юз йилдан буён кун тартибидан тушмай келаётган саволга, Беҳбудийнинг қабри қаердалигига ойдинлик киритишга оид мушоҳада юритилади.
Архив манбаларига кўра, Қарши шаҳри 1924-1926 йилларда Беҳбудий уезди, 1926 йилдан 1937 йилга қадар, 11 йил давомида Беҳбудий шаҳри деб аталган. Шаҳарнинг ушбу мутафаккир номи билан аталиши унинг айнан шу шаҳарда қатл этилиши билан боғлиқ. Тарихчи олим Поён Равшанов ҳамда бошқа кўплаб тадқиқотчилар, тарих ихлосмандлари Маҳмудхўжа Беҳбудий қабри Эшони шаҳид қабристонида эканини қайд этган. Дарҳақиқат, Беҳбудий қабри қаерда экани илм аҳли, кенг жамоатчиликни қизиқтираётгани бежиз эмас. Чунки бугун ўтмишни ўрганишга, унинг яхши-ёмон кунларига муносиб баҳо беришга интилиш кучли ва бу табиий.
Тарихчи олимлар, ижодкорлар, ОАВ вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов, халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви раиси, адиба Шарофат Ашурова, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Дилнавоз Раҳматова ушбу тадқиқнома Қашқадарё яқин ўтмишига оид муҳим тадқиқотларга пойдевор бўлиши хусусидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.
Иштирокчиларга “Беҳбудий ҳақиқати” китоби тақдим қилинди.
Бекзод САЙФИЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.