Меню

Қашқадарё

20.04.2023 3084

ЮЗ ЙИЛ АВВАЛГИ ҚОТИЛЛИК БЎЙИЧА ЖИНОЯТ ОЧИЛИШИ КЕРАК!

Сараланган сатрлар

Оббо, буёғи қанчадан тушди, тунов куни юз берган жиноятлар иссиқ изида очилмаяпти ёинки қилмишга яраша жазо тайинланмаяпти-ку, бир аср муқаддам содир бўлган қотиллик билан кимнинг неча пуллик иши бор экан, дейишга шошилманг.

Аслида ўтмишда очилмасдан қолган жиноятлар серобки, уларни ўрганиш тарихнинг қоронғи томонларини ёритади, аниқлик киритади. Тарихий адолат тикланиши, ўтмишни борича билишимиз учун бу нарса керак.

"Беҳбудий 1919 йили Қарши шаҳрида сирли равишда қатл этилди. Қабри ҳам маълум эмас. Бор-йўғи 100 йил бурун юз берган ушбу суиқасд қайта бошдан ўрганилмоғи керак. Аллақандай қонхўр каллакесарлар қўлида ўлиб кетадиган инсон эмас Беҳбудий!

Беҳбудий ҳазратларининг эрта кетган ширин жони ҳаққи, ёвузларча тўкилган муқаддас қони ҳаққи, юз йиллик алам-ситам, ёпиқ ҳолича қолиб кетган фитна, қонхўрлик, ёвузликка қарши нафрат, ўч, интиқом ҳаққи, битта экану, ўнта амир, юзта хон-ҳоқон бўлмайдими?! Юз йил экану, минг йил ўтмайдими, қаттол ёвузлик, миллаткушлик, ватанкушлик очилмоғи керак, очилмоғи!.."

Ўтган йили ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг "Юз йиллик қотиллик қиссаси" китоби нашрдан чиқди. Муаллиф мўъжаз китоб устида 5 йилдан зиёд ишлабди, қаранг.

Тарихий-ҳужжатли-маърифий қисса кўринишида ёзилган асарда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, шахс сифатида шаклланиши, миллат пешқадамига айланиши омиллари ҳамда сирли равишда ўлдирилиши сабаблари изланади. Бу борада келтирилган далилларга қараб, Беҳбудий мавзусида изланиш олиб борганлар рўйхатининг ўзи алоҳида китоб бўлар экан, деб ўйлаб қоласиз. Г.Андреев, А.Самойлович, Б.Пестовский, Заки Валидий Тўғон, А.Пясковский, Ингиборг Балдауф, Темур Хўжа, Хисао Коматсу, Таҳсин Умар. Бу чет эллик беҳбудийшунослар. Шунинг ўзиёқ Беҳбудий ҳазратларининг глобал миқёсдаги шахс эканлигидан далолат беради.

Қайд этиш лозим, Беҳбудий Ҳаж сафаридан сўнг ўзга фикрли инсонга айланади. Ривожланган давлатлардаги ислоҳотлар унинг фикрини очади. У юрган йўллар, борган мамлакатларга эътибор беринг: Кавказ, Қрим, Истанбул, Юнонистон, Байрут, Миср Қоҳираси ва яна орқага - Истанбулга қайтиб, темир йўл билан Булғористон, Австрия ва Берлин орқали Русияга, ундан Туркистонга келиш.

"Ойина" журналининг 1914 йилги сонларида пешма-пеш "Саёҳат хотиралари"ни чоп этади. Қуддуси шарифдаги машҳур Масжид ал-Ақсода саждага бош қўяр экан, Аллоҳ таолога илтижолар қилади: "Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга басират бер. Эшитар қулоқ, англар ақл бер..."

"Юз йиллик қотиллик қиссаси" - миллатга, зиёлиларга, фикр эгаларига ниҳоятда керакли асар. Уни албатта ўқиб чиқинг. Бошқаларга ҳам тавсия қилинг.

*  *  *

Одамзоднинг хўп ғаройиб одатлари бор - димоғи чоғ бўлса, бутун умри шодмонликларга тўлиб-тошадигандек, кайфияти айниса - эртага тонг отмайдигандек, умрбод таъби хира тортиб яшайдигандек туюлади. Боши узра элас-элас эсаётган шабада бир зум йўналишини ўзгартирса борми, "кайфият" аталмиш об-ҳаво остин-устун бўлиб кетиши тасаввурига сиғмайди.

*  *  *

Бошида отаси бўлган фарзанд зиммасидаги юкнинг оғирлигини кўп-да ҳис қилавермайди. Отам ҳаёт-ку, деган сўзга суянади, ишонади, шу илинжда хотиржам юради.

*  *  *

Ўзи бизда одат шундай - бир янги гап қўзғалса, ёв қувгандай ёпирилиш одатимиз бор, қочгани жой тополмай қоласан, одам, бир унутса, фонус ёқиб, дурустроқ фикр айтгич қора кўз топилмайди.

*  *  *

"Болалар журналига Беҳбудийнинг болалиги ҳақида мақола заказ қилгандим. Пичоққа илинадиган маълумот топилмади. Тушунаяпсанми, ҳазратнинг болалигига доир хотира йўқ, ҳеч кимда йўқ! Аслида эса, ўрганишни болалик чоғларидан бошлаш керак, болалигини билмасанг, Беҳбудий қаердан пайдо бўлганини қаёқдан аниқлайсан?"

*  *  *

"Амир Сайид Олимхон уни ўзининг шахсий душмани деб билган". Оддий гап эмас бу. Нима сабабдан шундай бўлган? Нима сабабдан амир уни ўзига шахсий душман деб билган? Бундан чиқди, Беҳбудий ниҳоятда залворли, мураккаб шахс бўлган, амирга нисбатан шахсий душманликка қодир одам бўлган! Бу етмагандай, "Унинг номи Туркистон генерал-губернаторлиги у ёқда турсин, оқ пошшонинг ўзига ҳам аён бўлган".

*  *  *

- Амир Темурнинг вафотини кўп ўйлайман, - деганди бир сафар, диққатини бир нуқтага қадаганича қаттиқ тикилиб, - шу-ундай заковатли шоҳ, дунёнинг ярмини ўзига бўйсундирган шавкатли саркарда қандайдир арзимас сабаб билан вафот топганига ишонмайман.

Азиз дадасининг тахминидан наф йўқлигини айтди:

- Беш юз йил наридаги воқеа тафсилотини аниқлаш мумкин эмас-да.

- Мумкин! - деди дадаси, бақиргудай, дағдаға аралаш, - жуда мумкин! Беш юз йил чепуха, минг йиллик жиноятни очиш мумкин. Минг йиллик! Ибн Синонинг қувғинга учрагани... Менга қолса, Мирзо Улуғбекнинг қатл этилиш воқеасини қайта бошдан ўрганишга тайёрман.

*  *  *

Нима учун одамларимиз оддий саволлар олдида ўзларини йўқотадилар, чўчийдилар? Сабаби нимада? Наҳотки, қўрқув туйғуси ҳам авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтса?! Орада қанча-қанча сувлар оқди-кетди ахир?!

Ахир, Темур ўзининг хизмат вазифасини пеш қилганича йўқ-ку, ҳеч кимга? Рўкач қилмади-ку?.. Оддийгина савол берсангиз, тўсатдан хавотирга тушадилар? Ўзгарадилар, гезарадилар, қалтирайдилар...

*  *  *

Ҳожи Муин шоҳидлик берган-ку, Маҳмудхўжа 3-4 йилнинг ичида муқаддас Китобимизни ёд олиб улгурди, деган-ку. 10-11 ёшдаги боланинг рамазон кечаларида хатмга ўтиши унинг лаёқати, хотираси ва қувваи ҳофизаси нечоғли ўткир эканлигидан, қолаверса, ҳали балоғат ёшига етмай туриб, унинг ҳаётий мақсад ва маслак йўли аниқ-тиниқ "чизиб" қўйилганидан далолат бўлмай, нима?!

*  *  *

Беҳбудий ҳазратларини қанчалар чуқур ўргансангиз, ўзингизни ўрганган ҳисобланасиз, миллатимиз тарихини ўрганган бўласиз. Беҳбудий ҳазратларининг дард-аламларию армонларини қанчалар теран англаб етсангиз, бизнинг ҳозирги шароитимизда ўзингиз шунчалар қадр топасиз!

*  *  *

Бизда ўтмишда юз берган жуда кўплаб жиноятлар очилмаганича қолиб кетган. Тарихчилар учун ҳам, қизиқувчи одамлар учун ҳам сирли воқеалар бўлиб қолаверган. Хорижда бундай эмас - хоҳ давлат тизимидаги, хоҳ хусусий изқуварлар томонидан исталганча ўрганилади, фаразлар илгари сурилади - шу тариқа ҳақиқат қарор топади. Лоақал ҳақиқатга яқин борилади. Мисол учун, АҚШ президенти Кеннедига уюштирилган суиқасд ҳақида озмунча тадқиқот яратилдими!

Иккинчи мисол. 1940 йилнинг августида Мексикада муҳожиротда яшириниб яшаётган Лениннинг сафдоши Троцкийни, унинг яқин шогирди чўқмор билан бошига уриб, оғир яралайди. Тансоқчилар ўша заҳоти уни ерга ағдариб, муштлай кетишди. Тилка-пораси чиқай деганда, ажал чангалидаги Троцкий, "Уни ўлдирманглар. Ким ёллаганини айтса бас", дейди.

*  *  *

"Танланган асарлар" тақдимоти шодиёнасига издиҳом ҳозиру нозир. Ҳайъатда эса... ўзгалар! Китобни нашрга тайёрлаган, ҳазратнинг асарларига кўз нурини тўкиб, ўқиб-саралаган, тартибга келтирган, унга юракни ўртагувчи шижоат ила сўзбоши ёзган Бегали Қосимов домла халойиқ орасида! Орқа эмас, о-орқа қаторда - ориққина, жиккаккина, мўмингина, ювошгина, юпунгина... ёлғизгина!

"Бу қандай бедодлик?!" дея наъра тортиб юборди Зиёд тоға. "Бу қандай шармандалик?! Энди ҳам топталадими адолат, қани диёнат?!"

Бегали домла эса ҳазингина, маъюсгина, қўнғиз мўйлабчасини чимдиб-чимдиб қўяр, "Ҳайтовур тадбирда иштирок этяпману. Мен қаерда ўтиришим муҳим эмас, муҳими - китобнинг чоп этилгани", дейди нигоҳини олиб қочиб, камсуқум-камтаргина...

*  *  *

Беҳбудийни қўмсаймиз, миллатимизга Беҳбудийлар етишмаётганидан зорланамиз, Беҳбудиймижоз инсонларимиз пайдо бўлсалар... оёғига болта урамиз, турткилаймиз, баҳридан ўтамиз!

*  *  *

1914 йил 3 январда Мирзо Улуғбек мадрасаси жомесида неча минг кишилик издиҳомда "усули жадидчилар", "русча ўқитиш тарафдорлари" кофир, хотини талоқ деб эълон қилинган. Беҳбудий ҳазратдек зоти шарифни аяган дейсанми, ўша жоҳил калтабинлар! Беҳбудий нима қилсин? Хурофот ботқоғига ботган диндошларини тартибга чақирсинми ёки Русия Думасига хат ёзиб, Туркистон мусулмонлари шарафини ҳимоятига олсинми?

*  *  *

Падаркуш бўлиш учун отасининг бўғзига тиғ қадаш шарт эмас, балки саводсизлик, омилик, мутаассиблик ҳам падаркушликдан кам эмас! Ҳаммаси жаҳолат, ҳаммаси!

*  *  *

 "Чироғларим! - Маҳмудхўжа бобонинг шу сўз билан бошлаган илтижоси васият янглиғ дилларга жо бўлади, бугунги авлодни ёруғ дунё машмашаларига тийрак тафаккур кўзи ила қарашга даъват этади. - Бошқа халқлар, масалан, серблар, итальянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар ҳатто дунёнинг у бир учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлуб, ютилуб, ҳатто тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдур, аҳмоқликдур. Турк томуриға болта урмоқликдур".

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!