Меню
Қашқадарё
ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАН МОМОМ ҲИКМАТИ
- Менга Аллоҳ узоқ умр берди, лекин ризқим фақат истиқлол туфайли бутун бўлди, - дейди Миришкор туманидаги Ўзбекистон маҳалласида истиқомат қилувчи 107 ёшли Муқим момо Рўзиева. - Ўша даврларда турмуш кечириш ниҳоятда оғир эди. Қимматчилик билан қаҳатчилик басма-бас келган у замонларни эслагим келмайди. Хотин-халаж бари далада, оғир меҳнат қўлларни қадоқ, елкаларни яғир қилганди. Меҳнатингнинг роҳатини кўрмасдинг. Кўргилик экан, барига чидадик, бари ортда қолди.
Маълумотларга кўра, вилоятимизда бугун юз ёш билан юзлашиб, истиқлолнинг мусаффо ҳавосидан янада куч олиб яшаётган пиру-бадавлат онахонлар сони 150 нафарга яқинни ташкил этади.
Буни қарангки, Деҳқонобод туманининг Гала қишлоғида яшовчи Хожар момо Муқимова ҳам Муқим момо билан тенгдош экан. Улардаги яна бир ўхшаш ҳолат, буни барча нуронийларимизга хос десак ҳам янглишмаймиз, улар бугунги ҳурлик, ободлик, тўкин-сочинлик замонига етказганига шукрона айтишдан чарчашмайди.
- Илоҳим юртимизда тинчлик бардавом бўлсин, - дейди Хожар момо дуога қўл очар экан. – Эл дастурхонидан ризқу барака аримасин. Навқирон юртимиз гуллаб яшнасин.
Қамашилик Ҳумор момо Сафарова ҳам юртни, атрофида доимо парвона бўладиган невара-чевараларини дуо қилиб ўтиради. Мамлакатга тинчлик, ободлик, ёнига келганларга эса умр, ризқ тилайди. Бир асрлик умр довонини босиб ўтган бу мўътабар онахоннинг дуосини олиш учун қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, қишлоқдошлар ҳамиша йўқлаб туради.
- Бизни қиладиган ишимиз энди фақат дуо бериш, - дейди момо. – Қолганига ҳам ҳафсалам бору кексалик йўл бермайди. Бўлмаса, ишлаб ҳузур-ҳаловат кўрадиган, орзу-ҳавас қиладиган бугунгидек замон бўлмаган.
Кексаларнинг ана шу ўгитлари биз учун ибрат. Улар мамлакат мустақил бўлгунга қадар не-не оғир турмушни бошдан кечирган. Уларнинг бугун айтган ҳар бир сўзи узоқ йиллар давомида кўрган-кечирганларига асосланган. Уларни бугун рози қилишга, дуоларини олишга ҳар биримиз бурчли. Чунки улар ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, сизу биз учун яшадилар.
- Бугунги кунимдан, ҳаётимдан мингдан-минг розиман, - дейди 103 ёшли шаҳрисабзлик онахон Рўзи момо Жабборова. – Бугунгидек кексаларга ҳурмат, эъзоз ва парваришни кўрган эмасман. Президентимиз раҳнамолигида халқимизга хос азалий қадрият – кексаларга эътибор мустақиллик йилларида руйи-рост бўй кўрсатди.
Дарҳақиқат, бугунгидек халқпарвар сиёсатдан ислоҳотлардан нафақат кексаларимиз, балки бутун халқимиз рози. Кўнгил хотиржам, юрт обод, ризқу рўз мўл. Кексаларимиз дуоси, тилаклари билан булар янада зиёда бўлаяпти. Ҳар бир ишимизда унум, барака бор.
Шундай экан, улар бизнинг чинакам бахтимиз, давлатимиздир.
Шоҳиста БОЗОРОВА.