Меню

Қашқадарё

14.02.2024 6356

“ЮЗ ҒАЗАЛ – ЮЗ ЖАВОҲИР” ТАНЛОВИ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Юз ғазал – юз жавоҳир” танлови вилоят босқичи ўтказилди.

Мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган бугунги кунда ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш, шу орқали кўплаб иқтидор эгаларини кашф этиш мақсадида ташкил этилган танловда туман ва шаҳарлардан сараланган иштирокчилар мумтоз адабиёт бўйича иқтидор ва маҳоратларини намоён этишди.

Иштирокчиларни баҳолашда ёдланган ғазаллар сони ва ижро маҳоратига асосий эътибор қаратилди. Танлов қатнашчилари орасида мактаб ўқувчилари, талабалар ҳамда ўқитувчилар борлиги, айниқса, ёшлар кўп экани эътиборга молик. Жумладан, Нишон туманидаги 46-мактабнинг 1-синф ўқувчиси Жўрабек Боймуродов ҳали 7 ёш бўлишига қарамай Навоий ва Бобур ижодидан кўплаб ғазалларни ёд олгани ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар олқишларига сазовор бўлди.

- Ўтган йили танлов ўтказаётганда, юзта ғазални ёд олган иштирокчи бўлармикан, деган ҳадик бор эди, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси Лазизбек Нарзуллаев. – Қувонарлиси, 1-ўринни олган қизлар 130-140 та ғазал ёд олгани бу ташаббусни янада оммалаштириш зарурлигини англатди. Кўриб турибмизки, бу йил ҳам ўғил-қизлар юзлаб ғазал ва рубоийларни пухта ўзлаштирган. Ҳудудий босқичларда мингга яқин иштирокчи қатнашгани ҳам мумтоз адабиётга қизиқиш кўламини кўрсатади.

Якуний натижаларга кўра, Шаҳрисбаз туманидаги 26-мактаб ўқувчиси Заҳро Нўъмонжонова 1-ўринни қўлга киритди. Деҳқонобод туманидаги 23-мактаб ўқувчиси Фарзона Келдиева 2- ва Бухоро давлат университети талабаси, мубораклик Бахтиёр Файзиев 3-ўринга муносиб кўрилди.

Ғолиб ва фаол иштирокчиларга диплом, қимматбаҳо совға ҳамда китоблар тўплами топширилди.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: кўрик-танловдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!