Меню

Қашқадарё

10.12.2019 1318

ЮТУҚ ВА ЮКСАЛИШЛАР КАФОЛАТИ

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз "Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади", деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан.

Тадбир

Вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Ҳокимият ва бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фаоллар, нуронийлар ва ёшлар қатнашган байрам тантанасини вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев кириш сўзи билан очди.

- Бош қомусимизда ўзбек миллатининг тарихий анъаналари, ҳуқуқий тафаккури ўз аксини топган, - деди Зойир Мирзаев ўз сўзида. - Қарийб 3 минг йиллик тарихга эга "Авесто", суғд ҳужжатлари, Низомулмулкнинг "Сиёсатнома", Бурҳониддин   Марғинонийнинг "Ҳидоя", шунингдек,  "Темур тузуклари" каби тарихий манбаларга асослангани, ривожланган давлатлар тарихий тажрибасига таянгани сабабли умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган инсонпарвар ҳужжат эканлиги билан бетакрордир.

Конституциямизда инсон энг олий қадрият сифатида эътироф этилган. Хусусан, унинг 13-моддасида "Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади", дея қайд этилган.

Бу йилги байрам муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар арафасида нишонланаётгани ҳам аҳамиятлидир. Янги қабул қилинган Сайлов кодекси ушбу жараён "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда ўтиши йўлида мустаҳкам замин бўлаётир.

Эътироф этиш жоизки, Конституциямизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалаларига алоҳида урғу берилган, унда миллат, динларнинг тенг ҳуқуқлилиги кафолатланади. Бугун мамлакатимизда 16 та диний конфессия ва 150 дан ортиқ миллий марказлар, вилоятимизда эса 5 та миллий маданий марказ, 182 та ислом динига мансуб, 2 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият олиб бормоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан  2018 йилнинг 12 декабрида БМТ томонидан қабул қилинган Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюция  терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммолари ечими, турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларга кенг йўл очиш,  тадбиркорларнинг мулкий дахлсизлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани, айниқса, солиқ тизими ислоҳ қилиниши, рухсат берувчи ҳужжатларнинг соддалаштирилиши, тадбиркорлик субъектларини текширишга икки йиллик мараторий эълон қилингани соҳа ривожига кенг йўл очганини ҳам таъкидлаш ўринли.

Бу каби имкониятлар натижасида вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг вилоят ялпи ички маҳсулотидаги улуши 61 фоиздан ортди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоиздан ошиғи фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Гап Конституция берган имкониятлар тўғрисида кетар экан, ёшларнинг иқтидор ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга арзон уй-жойлар ажратиш, хотин-қизлар учун муносиб иш жойлари яратиш тизими жорий қилингани фуқароларимизнинг азалий армонларини рўёбга чиқариш имконини бераётганини айтиш ўринли.

6 та олий таълим муассасасидаги зиёлилар, 1144 та мактаб ва 88 коллеждаги педагогларнинг меҳнати самараси ўлароқ вилоятимиздан кўплаб ёшлар нуфузли танлов ва давлат мукофотларига лойиқ кўрилаётгани барчамизнинг ифтихоримиздир.

Тиббиёт соҳасига охирги 3 йилда ажратилган 347,6 миллиард сўм маблағ эвазига 76 та муассаса таъмирланди, 5,5 миллион АҚШ долларига тенг тиббиёт ускуналари ўрнатилди. Аҳоли саломатлиги кафолати бўлган тоза ичимлик суви таъминотини яхшилашга 370 миллиард сўмлик маблағ ажратилди.

Кейинги 2 йилда вилоятда 820 та мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилгани таълим-тарбияга эътибор нечоғлик юксалганини кўрсатади. Аҳамиятлиси, уларнинг 767 таси хусусий муассасалардир. Натижада вилоятда мактабгача ёшдаги болалар қамрови 2016 йилдаги 12 фоиздан 38 фоизгача, яъни 3 баробарга ошди.

Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, спорт соҳасидаги муваффақиятлари билан кўксимизни ғурурга тўлдираётган фарзандларимиз орасида 324 нафар жаҳон чемпиони, 569 нафар Осиё ва 10 мингдан ортиқ Республика чемпионлари борлиги барчамизни қувонтиради.

Шунингдек, эл дастурхонини тўкин қилишга бел боғлаган фермерларимиз томонидан дастлаб пилла, кейин ғалла режаси ортиғи билан бажарилиб, 964 минг тонна сара дон етиштирилди.

Мева-сабзавот, гўшт, сут, тухум етиштириш кўрсаткичлари ўтган йилларга нисбатан 143 фоизга кўпайди.

Бу муваффақиятларга ҳиссаси қўшилган 34 нафар вилоятимиз вакили Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар.

Албатта, Конституциямизда белгиланган меъёрларга оғишмай амал қилаётганимиз барча ютуқ ва марраларимиз асоси, кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Бош қомусимизнинг устувор аҳамияти байрам дастурида ҳам ўз ифодасини топди. Санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

Шунингдек, тадбир давомида    халқаро, жаҳон ва Осиё чемпиони бўлган вилоятнинг бир гуруҳ спортчи ёшларига эсдалик совғалари ҳам топширилди.

Суратларда: байрам тантанасидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!