Меню

Қашқадарё

29.01.2019 1642

ЮРТИМИЗНИ ЯНАДА ОБОД ҚИЛАЙЛИК!

Орол бўйидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 январдаги фармойишига асосан "Юртимизни янада обод қилайлик!" шиори остида ўтган ҳашарда корхона, ташкилот ва муассасалар ишчи-ходимлари, ёшлар, аҳоли вакиллари иштирок этди.

Шу  куни маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилди.

- Ободлик, озодалик - азалдан миллий анъаналаримизнинг муҳим бўғини, - дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят кенгаши ижрочи директори Н.Маҳматов.  - Юртимизда биринчи марта ўтказилаётган экологик хайрия ҳашарини воҳада кўтаринки рухда ўтказиш учун бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ҳашарни    тарғиб қилувчи, одамларни экологик хавфсизликни таъминлашга чорловчи ва унинг аҳамиятини акс эттирувчи шиорлар тайёрланиб, йўловчи ташиш транспортларига ўрнатилди.

Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланади.

Таъкидлаш жоиз, ҳашар кунлари иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттирган корхона, муассаса, ташкилотлар ходимлари ҳам умумхалқ экологик хайрия ҳашарига муносиб ҳисса қўшишди. Уларнинг бир кунлик иш ҳақи "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳисобига ўтказиб берилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ  олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!