Меню
Қашқадарё
ЮРТ ОБОД – КЎНГИЛ ОБОД
Истиқлолимизнинг йигирма олти йиллик байрами арафасида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари вилоятимиздаги барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, маҳаллаларда ҳар галгидек кўтаринки руҳда ўтди.
Маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, ариқлар, кўча ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилди, дарахтлар буталиб, оқланди. Шунингдек, хайрия тадбири доирасида ногиронлар, якка-ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари таъмирланиб, уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашилди.
Маълумотларга кўра, бу ишларда 1 миллион 77 минг 918 нафардан зиёд киши қатнашган бўлса, шундан 746 минг 751 нафарини ёшлар ташкил этди.
Икки кунлик тадбирда 2 минг 855 гектардан ошиқ майдон ороланди, 1 минг 455 километр ариқ ва зовурлар тозаланди, 880 та қабристон ва 45 та зиёратгоҳ ободонлаштирилди. Ҳашарда 844 та техника кучидан фойдаланилди.
Умумхалқ хайрия ҳашарининг яна бир муҳим жиҳати, бу - қон-қонимизга сингиб кетган инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик туйғуларининг янада сайқалланишидир. Анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронларга, ёлғиз қарияларга, Меҳрибонлик, Саховат, Мурувват уйларида яшовчиларга, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларга меҳр-мурувват ёрдамлари кўрсатилди.
Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳисоб рақамига ўтказилмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА