Меню
Қашқадарё
ЮРТ ИШИГА ҲИССА ҚЎШИШ, УМУМ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ – ОЛИЙ ВАЗИФА
ҲУРМАТЛИ ВОҲАДОШЛАР!
Атрофга боқинг: ҳаёт ўзгармоқда. Ҳар кун, ҳар дақиқа бир янгилик, ўзгариш бўлаяпти турмушимизда. Хўш, бу ниманинг эвазига? Аввало, тинч-осуда кунларимиз, барча жабҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар шунга замин яратмоқда.
Хабарингиз бор, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2017 йил юртимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили", деб эълон қилинди. Оддий аҳоли, барча одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш, муаммоларини ҳал этишда кўмаклашишнинг замонавий тезкор усуллари ҳаётга жорий қилинди. Президент виртуал қабулхонаси орқали бевосита давлат раҳбарининг ўзи халқ қувончу ташвишларидан кундалик хабардор бўлиб бораётгани эса барчанинг Шавкат Миромоновичга, у киши бошчилигида диёримизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар самарасига бўлган ишончини яна бир неча карра оширди. Халқ виждони уйғонди, унинг ишлашга, яратишга иштиёқи ошаяпти. Адолат уларни шунга ундаяпти.
Энди давр ўзгарди. Одамлар ҳам. Қанча кўп даромад олиш ўзингизга - меҳнатингизга боғлиқ эканини билганингиздан кейин юракдан ишлайсиз-да. Энди фақат яратмоқ керак. Яратмоқ муҳим. Одамларга, юртга, Ватанга кераклигинг сезилсин. Буни ҳақиқий ишлаш деса бўлади. Ўзгаларга нафинг тегишидан-да улкан бахт дунёда йўқ аслида. Бугун ҳар бир юртдошимиз буни чин дилдан англаб, ҳис қилиб яшаяпти. Яшаши керак.
Халқнинг бой бўлиши учун эса узоқларга бориб ўтириш шарт эмас. Барчаси ўз қўлимизда. Буни давлатимиз раҳбари ҳам маърузаларида, халқ билан учрашувларда бот-бот таъкидлаяпти. Дейлик, қишлоқда яшайдиган ҳар бир хонадонда 20 туп лимон, 10 туп ёнғоқ дарахти, парранда, чорва моллари бўлишидан биринчи навбатда ким наф кўради? Албатта, шу хонадон эгалари. Чунки шунча нарсаси бўлган одам зориқмай яшайди, косаси оқаради, ўз кунини ўзи кўради. Кўчадан қимматига сотиб олмайди, рўзғоридан ортганини бозорга чиқаради, ўз-ўзидан турмуши фаровонлашиб боради. Энг асосийси, нарх барқарор юради, дастурхонлар қишин-ёзин тўкин-сочин бўлади.
Халқимизнинг бу каби одат-анъаналари бугун ҳам турли кўринишларда яшаяпти, кексаларимизнинг пандларида, бизга кўрсатаётган ўрнакларида намоён. Бунинг бир мисоли сифатида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ фермерларимизнинг кам таъминланган оилаларга кўмак сифатида иссиқхона, боғ барпо этиб бериш, уларнинг паррандачилик билан шуғулланишлари учун 100 тадан товуқ ажратиш, агар бу хонадон аъзолари банкдан имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишни истаса, улар учун кафил бўлиш ташаббуси билан чиқишганини айтишимиз мумкин. Бу хайрли тадбир миллатимизга хос минг йиллик анъана ва қадриятлар ичида энг гўзал, энг савоб амал дея баҳоланадиган саховатпешалик, ўзгаларга ғамхўрликнинг бир намунаси, дейиш мумкин. Зеро, халқимиз азалдан меҳр-оқибатли, бир-бирига қўлдош, елкадош бўлиб яшаган. Ўзбек фақат ўзим бўлай демайди, бир ўзи бахтли бўлолмайди. Топганини элига едирса, маҳалла-кўйи, қўни-қўшниси билан бир бурда нонини баҳам кўрса, қилаётган ишидан эл рози бўлсагина, ўзини бағри бутун деб билади, бахтли сезади. Бунинг замирида биргина тиргакка муҳтож, ўзига қаратилган озгина эътибордан қаддини тиклай оладиган эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини узатишдек некбинлик ётади.
Кўраяпмиз, эшитаяпмиз, бугун дунёда энг тез глобаллик касб этиб бораётган муаммолардан бири - озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари танқислигининг тобора кучайиб бораётганидир.
Шу сабаб ҳам вилоят фермерлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқни бой қилишга, тадбиркорликка ўргатишга қаратилган фикр ва тавсияларини катта мамнунлик билан қабул қилди. Нега? Бунинг сабаблари кўп. Аввало, бугун фермерлар қишлоққа саноатни олиб кириш, аграр секторнинг барча тармоқларини йўлга қўйиш орқали минг-минглаб иш ўринлари ташкил этиш ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартиришда фаоллик кўрсатмоқда.
Қолаверса, айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббусига биноан фермер хўжаликларига минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш ресурслари, уруғлик сингари бирламчи ва энг зарур маҳсулотларни етказиб берадиган таъминот ва банк, механизация хизматлари кўрсатиш корхоналари раҳбарлари эндиликда фермерлар томонидан танлаб қўйиладиган бўлди. Мазкур тартиб даставвал синов тариқасида айнан Қашқадарёда ўтказилаётгани ҳам вилоят фермерларига бўлган юксак ишончни, ҳурматни ифода этмайдими? Албатта, шундай. Бу юксак ишончга муносиб бўлиш эса ҳар бир фермерни янада олға бошлайди, янги мақсадларга, яхшиликларга ундайди.
Энди фермер дегани фақат ғалла ва пахта етиштирадиган оддий деҳқон эмас. У - ўзи яшайдиган туманнинг, вилоятнинг тақдирига дахлдор серқирра тадбиркор. Шундай экан, бошқаларга тадбиркорликни биринчи навбатда ким ўргата олади? Албатта, фермерлар. Барчага маълум: бир хонадоннинг яхши яшаши учун зарур бўлган ҳамма нарсани фермер ўз тажрибасида синаб кўрган, тажриба орттирган, энди бировга ҳам тавсия қила олади.
Тўғри, чорва, парранда кўпайтириш, иссиқхона ташкил қилишга ҳамманинг ҳам қурби, имконияти етмаслиги мумкин. Эҳтиёжманд оилалар ҳам бор. Ҳамма гап шунда: энди биз - фермерлар ана шундай оилаларга ёрдам қўлини чўзиш ташаббуси билан чиқаяпмиз. Бировга парранда, кимгадир чорва моллари сотиб олишга ёрдам бериш, жуда бўлмаса, шуларнинг ўзини бериш, яна кимгадир иссиқхона қуриб олишга кўмаклашиш ҳеч қайси фермерга ортиқча ташвиш келтирмайди.
Сир эмаски, қишлоқда яшовчи аҳоли хонадонининг ҳар бирида томорқа қилиб берилган камида 10 сотихдан ер бор. Ҳамма ҳам бутун йил давомида томорқада экин-тикин парвариш қилиш имконига эга эмас. Иссиқхона шароитида маҳсулот етиштириш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этади. Томорқанинг бир қисмида ана шундай иншоотларни барпо этишга кўмаклашилса, совуқ кунларда бир оила учун фойдали машғулот топилади, қўшимча даромад манбаи юзага келади, хонадон аҳлининг моддий фаровонлиги янада ошади. Истеъмолдан ортган маҳсулот эса бозорга олиб чиқиб сотилади. Бу тажрибани нафақат томорқачилик, балки чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик каби тармоқларни йўлга қўйишда ҳам қўллаш мумкин.
Пировардида "кам таъминланган", "эҳтиёжманд оила" деган тушунчалар ўз-ўзидан йўқолиб боради. Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўзига тўқ, бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли хотиржам бўлиб яшайди. Шу пайтга қадар "кам таъминланган" деган даража билан белгиланган бундай оилалар ўзларининг келажакларига дадил ва ишонч билан боқадилар ва ўз меҳнатлари билан кун кечириш, шу орқали нафақат ўзларини ўзлари таъминлаш, балки етиштирган маҳсулоти билан юрт бозорини тўлдиришдек умум ишига ҳам ҳисса қўша оладилар.
Хўш, айтинг, бундан ортиқ масъулият бўлиши мумкинми? Бугун вилоят фермерлари давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг халқни бой қилишга қаратилган ташаббусини қўллаб-қувватлаб, хайрихоҳ чиқаяптики, бу ҳар бир фермерга улкан масъулият ҳиссини юклайди.
Қашқадарёнинг давлатимиз иқтисодиётида ўз ўрни-аҳамияти бор. Президентимиз ҳам буни бир неча бор таъкидлагани бежиз эмас. Вилоятимизда бугунги кунда 21 минг 780 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатаяпти. Айни пайтда вилоятимиздан 5 минг нафардан ортиқ фермер халқни бой қилиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ишига бош қўшиш истагини билдирган бўлса, улар сони янада ортиб бораётгани қувонарли. Улар орасида ишининг кўзини биладиган, жаҳондаги илғор тажрибаларни ўзлаштирган ва амалга татбиқ этаётган, янгиликка ўч деҳқонларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Демак, бошлаган хайрли ишимиз самараси яқин вақтда бўй кўрсатади. Кўлами кенг бу ишнинг бошида ўзига тўқ фуқароларимиз ҳам туришса, ўйлаймизки, кўзлаган ниятга эришишимиз анча осон кечади. Аслида бу эзгу, савобли ишдан ким ҳам ўзини четга тортиши мумкин?
АЗИЗ ТОМОРҚАЧИЛАР!
Маълумотларга кўра, вилоятимизда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 1 миллион 535 минг 301 тоннани ташкил этади. Ана шу ҳосилнинг 481,2 минг тоннаси аҳолининг шахсий ва дала томорқаларида етиштирилади. Ҳозирда вилоятимизда 370 минг хонадон ихтиёрида 41,5 минг гектар (деҳқон хўжаликларидан ташқари) аҳоли шахсий томорқаси мавжуд. Бироқ ундан фойдаланиш даражаси кўнгилдагидекми? Йўқ. Ернинг ҳар қаричини қадрлаб, бир мис-қол тупроқдан зар ундирадиган фермерларимиз аҳолига тўғри йўналиш кўрсатмаса, ердан унумли фойдаланишни ўргатмаса, ким ўргатади?
Таҳлилларга кўра, бу йил аҳоли томорқаларидан олинадиган даромад 203 миллиард сўмдан ошиши ва томорқаси мавжуд ҳар бир оиланинг йиллик фойдаси ўртача 4-5 миллион сўмни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Фермерларимиз ташаббуси эса мазкур фойдани сезиларли даражада оширишни мўлжаллаяпти. Чунки томорқа - даромад манбаи. Ундан фойдаланиш керак. Фойдаланишни билиш керак. Деҳқонча айтганда, ер ҳам тирик жон. Сийламаганни сийламайди. Астойдил тер тўкканни эса бенасиб қўймайди. Яна ҳисоб-китоб билан иш юритишда ҳам гап кўп.
Кўпчиликнинг ёдида: Биринчи Президентимиз томонидан халқимиз манфаатларини ўйлаб қилинган энг дастлабки ва энг катта ишлардан бири томорқачиликни ривожлантириш бўлганди. Биринчидан, бу очарчилик, алғов-далғовли йилларда одамлар ҳаётига хотиржамлик олиб кирди. Иккинчи томондан, оилавий бизнесга йўл очди. Ишсизликнинг олди олинди. Аста-секин ўша пайтда анча қийин бўлган озиқ-овқат танқислиги муаммоси ечила борди.
Қолаверса, томорқа туфайли вилоятимиздаги кўплаб ҳудудларда бирор бир мева-сабзавотни оммавий етиштириш анъанага айланди. Масалан, Варганза анорлари, Қамай қовунлари, Эсабой сабзилари, Оқрабод узумлари, Ғилон картошкаси билан ном қозонган бўлса, Китоб олмаларию Кўчкак анжирларининг юртимизда довруғи баланд. Кейинги йилларда эса Талликурон кўкатлари, Қорақўтон лимонлари, Пудина анорлари, Майманоқ ўрик-бодомлари, Гулгунпушт карамлари ҳам эл аро машҳур бўлди.
Ҳа, Биринчи Президентимиз халқимизга ўша пайтдаёқ битмас-туганмас хазина ҳадя этганди. Бугун эса бу хазинанинг баҳосини бозорларимиздаги тўкин-сочинликда, одамларнинг турмуш фаровонлигида кўриб турибмиз. Ерни хазина билиб, астойдил меҳнат қилган одам кам бўлмаяпти. Янги уй қураяпти, машина олаяпти, фарзандларини ўқитаяпти. Муҳими, яхши яшаяпти. Бинобарин, томорқада астойдил ишлаб ҳам бирни икки қилиш мумкинлигини ёнгинамиздаги қўшнимиз, ҳув нарироқда яшайдиган маҳалладошимиз аллақачон амалда кўрсатиб берди. Сиз ҳам буни уддалай оласиз, бунга ишончимиз комил.
ҚАДРЛИ ЖОНКУЯР ВА ТАШАББУСКОР ФЕРМЕРЛАР!
Бугун бизнинг эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзишимиз истиқболда қандай натижалар олиб келади? Ҳеч шубҳасиз, ҳудудларда лимончиликда, парранда боқишда, чорва парваришлашда янги йўналишлар пайдо бўлади, ўзига хос мактаблар яралади. Ажаб эмас, эртага ҳеч кутилмаган ҳудудлар "лимончилар қишлоғи", "чорвачилар маҳалласи" деган номлар билан атала бошланса. Бунга ишончимиз комил.
Томорқа кетидан одамларнинг бой бўлиши - масаланинг бир жиҳати, холос. Унинг ички истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашдаги ўрни ҳам ниҳоятда катта бўлади.
Оддий мисол: мутахассислар фикрича, 1 сотих ердан яхши ишласа 350-400 килограмм помидор, 300-350 килограмм бодринг, 700-750 килограмм пиёз, 450-500 килограмм сабзи етиштириш мумкин экан. Бошқа экинлар ҳам шундай. 400 килограмм помидорни пишиқчилик даврида ўртача нархда 800 сўмдан пуллаганда ҳам 1 сотих ернинг ўзидан рўзғорга 320 минг нақд даромад келадими? Келади. Иссиқхонада етиштирганлар эса бу турдаги маҳсулотининг 1 килограммини қиш мавсумида камида 4-5 минг сўмдан сотиши тайин. Ёки бўлмаса бодрингни, пиёзни, сабзини ҳисобланг. Шу ҳақда ўйласа, ҳисоб-китоб қилса, айримларнинг пул топаман деб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлишига ҳожат қолмасди эҳтимол.
Ёки лимонни олинг. Бир туп лимон ҳар йили бир совлиқ қўйдан-да кўпроқ даромад келтиради, дейишади. Энди ҳовлисида 20 туп лимони бўлган одамнинг фойдасини ҳисобланг. Нақ 20 бош қўйнинг баҳоси бўлади. Ҳар йили 20 та қўй даромадини олган оила бировдан кам бўладими? Бой бўлади, ўзига тўқ, бири икки бўлади.
Дейлик, бир фермернинг қўллаб-қувватлаши билан бир эҳтиёжманд оилада 100 та товуқ боқиш йўлга қўйилди. Бу - кунига камида 50 дона тухум олиш имкони бор дегани. Шунинг 40 тасини сотган тақдирда ҳам оилага яхши даромад келиши кафолатланади. Кўрилган фойда эса қилинган харажатдан бир неча марта ошади.
Ёки кредит масаласини олиб кўрайлик. Ҳеч кимга сир эмас, кўплаб оилалар гаровга қўядиган нарсаси йўқлиги ёки кафил топа олмагани учунгина банкдан кредит олишга қийналади. Озгина мадад унинг ишини гуллатиб юбориши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда фермерларимиз эҳтиёжманд оила аъзоларига кредит олишда ёрдам кўрсатишни зиммаларига олишаяпти. Бировга кафил бўлса, яна кимгадир гаров учун буюм қўйиб, мадад бўлишни ният қилаяпти. Халқимиз ишлашга, меҳнат қилишга иштиёқманд, ишлаётганида "ҳорманг", деб қўйишнинг ўзиёқ унга янги куч-ғайрат бағишлайди. Энди юқоридаги каби кўмакларнинг кейинги фойдасини, натижасию нафини тасаввур қилиб кўраверинг.
Бугун фермерларимиз ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда халқни бой қилиш, уни тадбиркорликка ўргатишни юксак масъулият деб билади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги сиёсатини теран англаган ҳолда астойдил қўллаб-қувватлайди. Бу йўлда барча имкониятларни ишга солишга, зарур шароитларни ҳозирлашга тайёр. Бошқаларни ҳам ана шу муҳим эзгу ишга бош қўшишга чақиради, даъват қилади. Зеро, бирники мингга, мингники туманга, деб бежиз айтишмайди. Юрт ишига ҳисса қўшиш, умум манфаатига хизмат қилиш эса олий вазифа, муқаддас бурч.