Меню
Қашқадарё
ЮРТ ҲИМОЯСИГА ОТЛАНГАН АЁЛЛАР
Юртимизнинг қадим тарихига бўйласак, Амударё бўйларида макон тутган массагет ва сак қабилалари, уларнинг номдор бошчилари кўзга ташланади. Юнон тарихчиси Геродот асарларида баёни келтирилган массагетлар ва форслар ўртасидаги жанг, шу жангда чинакам мардлик, жасорат намунасини кўрсатган аёл – Тўмарис воқеаси ёдга тушади. Туронзамин ерлари қадимданоқ тупроғи зар, табиати, иқлими ҳаёт кечириш учун қулай бўлган ҳудуд эди. Аму ва Сир сувлари оралиғидаги кенг даштликларда манзил қурган кўчманчи қабилалар – сак ва массагетлар ҳақидаги ёзма манбаларда уларнинг асосан чорвачилик билан кун кўрганию отда чопиш, камондан ўқ узишга моҳир бўлганликлари қайд этилади. Шунинг баробарида улар табиатига жасурлик, мағрурлик ва тантилик хослиги, тинчликсевар, қўшнисининг молию ерига кўз олайтирмайдиган, аммо ўзининг ҳудудига кимдир бесўроқ киришига ҳам йўл бермайдиган кўзию кўнгли тўқ кишилар бўлгани ҳақида ҳам айтилади. Улар моҳир жангчи ҳам эди: ҳатто қиз-аёллари чавандозлик ва тирандозликда эркаклардан асло кам бўлмаган. Тўмарис ҳам шу хислатларни ўзида жамлаган шахс бўлган.
Геродотнинг “Тарих” китобида келтирилган ва ҳаммага маълум-машҳур ривоятни эсланг: форс шоҳи Кир (Крез ёки Куруш тарзида ҳам берилади)нинг бир ҳийласига учмаган Тўмарис айёр шоҳнинг кейинги ҳийласи сабаб ўғлидан айрилади. Кураш аввалидаёқ Кирни массагетлар ерига кўз олайтирмасликка, ўз ҳудудида тинч яшашга даъват қилган массагетлар маликаси ҳалоллик ва адолат мезони асосида иш кўради. Ҳалол жанг қоидаларига амал қилган ҳолда форс шоҳига ўз таклифини билдиради. Аммо ўз кучига ҳаддан зиёд ишонган Кир унинг бу гапларини ўз қараши билан ўлчайди. Тўмариснинг ўғли Спарганизни ҳийла билан қўлга туширади. Массагетларга хос мардлик, ҳалоллик билан тарбияланган ёш йигит душман макрига учгани учун ўзини айблаб, номусидан ўз жонига қасд қилади. Энди ортга йўл йўқ, бирдан-бир чора жанг қилиш эди. Аммо Тўмарис ва унинг одамлари шунда ҳам ғазабга, жаҳлга эрк бермайди. Балки ақлу тажрибакорлик билан иш кўрадилар. Шу билан бирга, асл полвонларга хос равишда ҳалоллик, адолатга таяниб, Кирга элчи юборадилар. Яъни агар у истаса, дарёдан бемалол массагетлар ерига ўтиб олиши, бунинг учун ўзлари саҳро ичкарисига – уч кунлик йўлга бориб туришлари мумкинлиги ва юзма-юз, очиқ даштда ҳалол жанг қилишларини айтадилар. Кир бу таклифни қабул қилади ва унинг лашкари Амударёдан ўтиши ҳамоно ўртада шиддатли жанг бошланади. Бу жангда массагетлар қўли баланд келади ва Тўмарис мағлуб бўлган шоҳнинг бошини қон тўлдирилган мешга солади...
Бу ривоятнамо воқеани ҳар гал ўқиганимда Тўмарисни ўзимча ҳам қабила сардори, жангчи, ҳам аёл, ҳам она сифатида тасаввур қилиб кўргим келади. Қайси она фарзандининг ўлимини кўргиси келади? Она учун бу энг катта бахтсизлик, еру осмоннинг ларзага келишидай таъсир кўрсатадиган, бутун жон томирини узиб юборгудай даҳшатли хабар эмасми? Олис аждодимиз, миллатимиз момоси бу мусибатга қандай дош берди экан? Шундай фожиа қаршисида мардонавор туриш, қабиладошларига бош бўлиб, жангга кириш осон бўлганмикан? Эҳтимол, унинг қалбидаги юрт меҳри, биз бугун “ватанпарварлик” деб атайдиган юксак, ўз тупроғига томган киндик қони билан боғланган илоҳий бир ҳис Тўмарис қалбидаги фарзанд доғидан устун келгандир? Юрт қайғуси, туғилган замин ҳимояси унинг бор саботу матонатини бир ерга тўплаб, ғалаба қозонмоғига боис бўлгандир?
Қолаверса, у нафақат она, аёл ҳам эди. Аёл зоти борки, ширин сўз гадоси, унинг табиати жангу жадалдан кўра кўпроқ зеб-зийнат, фаровон, осуда ҳаётга мойил. Бироқ форс шоҳининг турмуш қуришу тўкин ҳаёт таъминотига боғлиқ ваъдаларининг туб сабабини яхши англаган оқила аёл Тўмарис қийин йўлни – жанг-жадални афзал кўради. Халқининг тақдирини ўз тақдири деб билади.
Тарихимизнинг кейинги саҳифаларида яна бир сиймо ёди ёришиб кўринади бизга. Бу рус босқинчиларига қарши тура олган, мардоналик, ботирликда анча-мунча эркакни йўлда қолдирадиган, русларни ўзи билан муроса қилишга мажбур эта билган азми қатъий аёл – Олой маликаси Қурбонжон додхоҳдир. Тўмарисдан фарқли ўлароқ, тарихий манбаларда у ҳақидаги маълумотлар анчагина. Шу манбалардан бизга маълум бўладики, Қурбонжон додхоҳ 1811-1907 йилларда яшаган. У Қўқон хонлигида вазир бўлган Олимбой додхоҳ Ҳасанбой ўғлининг рафиқаси ва 5 ўғил, 2 қизнинг онаси эди. Олимбой додхоҳ унга уйлангач, Қўқонга – хон саройига олиб келади ва ўша даврнинг оқилаю фозила аёллари, сарой хонимлари Нодирабегим ва Увайсийлар даврасига таништиради. Шу нафосат муҳитида Қурбонжоннинг қарашлари шаклланади, ўша даврнинг энг оқила аёллари сафидан ўрин олибгина қолмай, сиёсий-ижтимоий ҳаётда фаол иштирок эта бошлайди. Олимбой додхоҳ Андижонга ҳоким этиб тайинланади. Орадан маълум вақт ўтгач, у сиёсий фитна қурбони сифатида ҳалок бўлади. Қурбонжонни эрининг ўрнига Андижонга ҳоким этиб тайинлайдилар. Бир муддат шу вазифада юрт сўраган аёл кейинроқ фарзандлари билан бирга ўзи туғилган овулга – Ўш яқинидаги Моди қишлоғига жўнаб кетади. Бу жасур ва довюрак аёлни Бухоро амири Музаффархон қаттиқ ҳурмат қилган ва унга додхоҳ унвонини берган. Қўқон хони Худоёрхон эса Олой музофоти бошқарувини Қурбонжон додхоҳга ишониб топширади.
Марказий Осиёга руслар босқини бошланган даврда Қурбонжон додхоҳ юрт ҳимоячиси сифатида майдонга тушади. У ва ўғиллари машҳур Пўлатхон қўзғолонида фаол иштирок этганлари, бу қўзғолон шафқатсизларча бостирилгач эса озодлик ҳаракати тарафдорлари Қурбонжон додхоҳ атрофида бирлашганлари тарихдан маълум. Ўша шиддатли даврда бу аёлнинг номи шу қадар машҳур бўлиб кетадики, ҳатто рус императори саройигача етиб боради. Қурбонжон додхоҳ табиатан шаддод, ўз қадрини биладиган мағрур, жасоратли, ботир аёл бўлган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришларича, рус генераллари ҳам у билан муроса қилишга, сулҳ тузишга мажбур бўлганлар. Айтишларича, Қурбонжон додхоҳ билан гаплашиб, уни муросага келтириш учун рус генерали Скобелев унинг олдига майор Ионовни юборади. Аммо додхоҳ майорни қабул қилмайди ва у фақат ўзи билан унвони тенг бўлган одам келсагина музокарага киришишини айтиб, жўнатиб юборади. Буни кутмаган ва чорасиз аҳволда қолган генерал Скобелевнинг ўзи додхоҳ билан гаплашишга ва уни “Олой маликаси” деб тан олишга мажбур бўлади. Ва кейинчалик ҳам рус генераллари у билан ҳисоблашиб иш кўрганлари, ҳатто рус императрицасининг ўзи Қурбонжонга атаб совға юборгани ҳам манбаларда қайд этилган.
Қурбонжон додхоҳ ҳам Тўмарис сингари фарзанд доғини кўрган ва бу жудоликка мардонавор дош берган она эди. Унинг ўғилларидан бири Қамчибек қатл қилинади. Бу воқеани ҳикоя қила туриб, академик шоир Ғафур Ғулом Қурбонжон додхоҳга шундай баҳо берганди:
“Олой маликаси - Қурбонжон додхоҳ 1865 йилдан то 1880 йилгача Помирда бир саркарда сифатида халқни ўз атрофига тўплаб, қўлида яланг қилич билан фон Кауфманга қарши курашди. У шу даражада жасоратли бир хотин эдики, ўғли Қамчибек Кауфман томонидан асир қилиниб, дорга осилаётганда, дор тагига келиб, ўғлига хитобан:
- Хайр, ўғлим, ота-боболаринг ҳам душман қўлида ҳалок бўлди, шаҳид ўлмоқ бизга мерос. Сенга берган сутим оқ бўлсин! - дея олган ва отининг жиловини терс буриб, ўғлининг тортаётган азоб- уқубатларидан шартта юз ўгириб кета олган хотиндир”.
Кейинроқ – 1898 йилда русларга қарши кўтарилган миллий озодлик қўзғолонида Қурбонжон додхоҳнинг набиралари фаол иштирок этади. Ва момолари бошлаган қутлуғ иш – юрт ҳимоясида қаттиқ турадилар. Додхоҳнинг ўзи эса узоқ ёш яшаб, 96 ёшида вафот этади. Унинг тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан битилган жасоратли ҳаёти ҳали-ҳамон ҳайрат ва ҳавас, фахру ифтихор билан қайта-қайта ўқилади...
Хуллас, мозий ровийлари сизу бизга мароқ билан сўзлаб берувчи бу каби юрагида ўти бор момоларимиз ҳақидаги ҳикоялар бир ҳақиқатдан дарак: жасорат, мардлик ва қаҳрамонлик жой, миллат танламагани каби жинсга боғлиқ эмас. Халқ достон ва эртакларида тасвирланган Ойбарчину Ойсулувлар, малика Ҳуснободлар сингари қадамидан ўт чақнаган жасур қизлар тимсоли эса бежиз яралмаган...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА