Меню
Қашқадарё
ЮРИДИК ХИЗМАТЛАР ФАОЛИЯТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШДА ҚАНДАЙ КАМЧИЛИКЛАР МАВЖУД?
Депутат ва сенаторлар, Адлия, Мудофаа, Ички ишлар, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари қатнашган тадбирни Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ботир Матмуратов кириш сўзи билан очди.
Қайд этилганидек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш демократик-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Президентнинг 2017 йил 19 январдаги "Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам айни шу мақсадга қаратилгандир.
Сенат қўмитаси ўрганишларида вилоятда ушбу йўналишда салмоқли ишлар бажарилгани, хусусан, Мудофаа вазирлиги тизимидаги барча юридик хизматлар фаолияти тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида йўлга қўйилгани маълум бўлди. Юридик хизмат ходимларининг касб малакасини ошириш мақсадида Мудофаа вазирлиги тизимидаги 25 нафар ходим, шу жумладан, вилоятда фаолият кўрсатаётган ҳуқуқшунослар шу йилнинг 17-29 сентябрь кунлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида ўқитилди ҳамда адлия органларида аттестациядан ўтказилди, шаҳодатланган 12 нафар ходим тегишли мартаба даражасига эга бўлди.
Бироқ айни йўналишда қатор камчиликлар ҳам кўзга ташланган. Хусусан, тегишли ҳужжатларда юридик хизматлар учун ажратиладиган алоҳида хоналар ўлчами, уларнинг жиҳозланиши бўйича аниқ меъёрлар белгиланган бўлса-да, айрим муассасаларда юридик хизмат ходимларига ажратилган хизмат хонаси ҳажм жиҳатидан жуда кичик бўлиб, ишлашда ноқулайлик туғдирмоқда. Бундан ташқари, уларга зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ҳам тақдим этилмаган.
Маълумки, юридик хизматлар зиммасига юклатилган асосий вазифалардан бири давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлашда уларнинг таркибий тузилмалари ишини мувофиқлаштиришдан иборат. Ушбу вазифани юқори даражада бажариш учун хизмат ходимлари доимий равишда тажриба орттириши ва 3 йилда камида бир маротаба марказлаштирилган ҳолда ўқитилиши шарт. Бироқ вилоятдаги айрим идораларда бу тартибга риоя қилинмаяпти, оқибатда улар томонидан тегишли идораларга киритилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмалар талабларига мос келмагани сабабли кўриб чиқилмасдан қайтарилган. Бу эса ўз навбатида ортиқча ҳужжат айланиши ва бир лойиҳанинг Адлия вазирлигига икки ва ундан кўп маротаба тақдим этилишига, ортиқча вақт сарфига сабаб бўлган.
Мажлисда шу ва бошқа камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди. Хусусан, ҳозирги кунда кўплаб юридик хизмат лавозимлари вакантлигини инобатга олган ҳолда, лавозим разрядлари қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.ХЎЖАЕВ