Меню

Қашқадарё

14.02.2017 1830

ЮРИДИК ХИЗМАТ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ

 Тадбирда қайд этилганидек, корхона ва ташкилотлар фаолиятида юридик хизматнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Субъектларда ушбу хизмат қониқарли йўлга қўйилган бўлса, барча ишлар қонун талаблари асосида олиб борилади, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинади.

 Президентимизнинг қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш мақсадида юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлиги кучайтирилди. Эндиликда давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган меъёр ва мезонларга асосан мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади.

 Яна бир муҳим жиҳати, қарор билан давлат идоралари ва ташкилотларининг юридик хизмат олдидаги масъулиятлари ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Энди субъектда чиқарилаётган буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизмат ходимига тақдим этилади. Давлат органи ва ташкилотлари жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга оид қарорлар чиқараётганда юридик хизматнинг хулосасини олишлари лозим. Бу ҳам ўз-ўзидан юридик хизмат ходимларининг масъулиятини ошириши билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлайди.

 Тадбирда ана шулар ҳақида батафсил маълумотлар берилди ва иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.

 

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!