Меню

Қашқадарё

10.01.2020 1624

“ЮЛДУЗЧА" МТТДА РЎЙ БЕРГАН ҲОЛАТ

барчамизни ҳушёрликка ундовчи аччиқ сабоқдир

Огоҳлик - давр талаби

Мактабгача таълим вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан болалар боғчалари ҳудудига бегона шахсларнинг киришини тартибга солувчи ҳужжат ишлаб чиқилмоқда.

Вазирлик расмий сайтида тарбияланувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бу борада қўшимча чекловлар жорий этилиши лозимлиги таъкидланар экан, бундай чора ўтган йил 18 декабрь куни Қарши шаҳридаги "Юлдузча" мактабгача таълим ташкилоти (МТТ)да содир этилган ҳолатдан келиб чиқиб кўрилаётгани айтилмоқда.

- Бу руҳий жиҳатдан носоғлом, жиноят содир этишга мойиллиги бор, юқумли ва бошқа касалликлар билан касалланган  шахсларнинг болалар олдида бўлиши хавфини камайтиради, - дейилади вазирликнинг шу ҳафтада эълон қилинган ахборотида. - Ҳужжатнинг лойиҳа вариантида ташриф буюрувчилар МТТга ташриф буюриш сабаби мавжуд бўлган ҳолда мудир ҳамроҳлигида ташкилотга кира олиши назарда тутилмоқда. Мактабгача таълим ташкилотида фаолият олиб борувчи эр-хотин ёки қариндошлар ёнига ташриф буюриш сабаб ҳисобланмайди.

Ахборотда, шунингдек, 2019 йилнинг декабрь ойи охирида Интернет тармоғида Қарши шаҳридаги "Юлдузча" мактабгача таълим ташкилотининг омборхона мудири ўлдирилганлиги тўғрисида ахборот тарқалгани ва ушбу жиноят мазкур МТТ ҳудудида кир ювувчи ходим аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан содир этилгани, воқеада болалар жабрланмагани ҳақида эслатиб ўтилмоқда.

-"Юлдузча" МТТ идоравий ташкилот ҳисобланиб, Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси юрисдикцияси доирасида киради, - дея изоҳ беради вазирлик  мутасаддилари. - Тарбияланувчиларни қабул қилиш, шунингдек, ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш ички ишлар бошқармасининг бўлими томонидан амалга оширилади. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ушбу МТТга ИИБ рухсати билан методик ёрдам кўрсатилади.

Мактабгача таълим вазирлиги жиноят қурбонининг оиласига ҳамдардлик билдириб, айни пайтда мазкур ҳолат бўйича прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилганини маълум қилмоқда.

Ўз мухбиримиз

М.АБАЙДУЛИНА олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!