Меню
Қашқадарё
ЮКСАЛАЁТГАН ҚАШҚАДАРЁ: 2022 ЙИЛНИНГ ЭНГ МУҲИМ ВОҚЕАЛАРИ
Сарҳисоб
12 ой, 365 кун, 8760 соат, 525,6 минг дақиқа, 31 миллион 536 минг сония... Бир йилда бу "вақт парчалари"нинг сони қанчалик кўп бўлмасин, улар давомида сайёрамиз, мамлакатимиз ва вилоятимизда рўй берган каттаю кичик воқеалар сони, табиийки, бундан-да ортиқдир. Масалан, биргина Қашқадарёда 3,5 миллион нафарга яқин одам истиқомат қилса, барчасининг ҳаётида 1 январдан 31 декабргача содир бўлган воқеа ва ҳодисаларни қоғозга тушириш нари турсин, ҳатто санаб ҳам адоғига етиш мушкул. Бироқ орасида шундай муҳимлари борки, улар юз минглаб кишилар, катта-катта ҳудудлар, бутун бир бошли соҳа ва жабҳалар, қолаверса, эл-юртимиз тақдирига даҳлдор. Бугун бу воқеаларнинг айримларини сизларга эслатиб ўтмоқчимиз.
Кўкдала тумани ташкил этилди
Жорий йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилди.
Бу ҳужжатларга мувофиқ, мамлакатимиз ҳукуматининг таклифи қабул қилиниб, Чироқчи туманидаги 32 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳудудлари ҳисобидан вилоятимиз таркибида умумий ер майдони 171 минг гектардан иборат бўлган янги - Кўкдала тумани ташкил этилди. Еттитом шаҳарчаси унинг маъмурий маркази этиб белгиланди.
Маълумки, Чироқчи тумани ҳудудининг катталиги ва аҳолиси кўплиги, шунингдек, кўпгина қишлоқларининг туман марказидан анча узоқ жойлашганлиги сабабли алоҳида - Кўкдала туманини ташкил этиш ғояси Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан ўрин олган эди. Бу ғоя амалга ошгач, аҳолиси сони 180 минг нафардан ошган Кўкдала тумани йирик қурилиш майдончасига айланди. Бу ерда қатор маъмурий бинолар ва ижтимоий муассасалар билан бир қаторда кўплаб тадбиркорлик объектлари ҳам қад ростламоқда.
Шу йил 3 ноябрда эса республика ҳукуматининг қарори билан 2022-2024 йилларда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланиб, унинг доирасида бу янги туманда умумий қиймати 1 триллион 87,1 миллиард сўмни ташкил этадиган 190 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланди.
Ҳудудларнинг комплекс ривожланиши учун мустаҳкам замин ҳозирланди
Вазирлар Маҳкамаси 2022-2026 йилларда Қашқадарё вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлади.
Ҳукуматнинг тегишли қарори шу йил 20 апрелда қабул қилинди. Бундан олдин эса ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича белгиланган янги тартиб асосида воҳамиз туман ва шаҳарларида мавжуд муаммо ва имкониятлар чуқур ўрганилиб, ҳудудлар кесимида муҳим лойиҳалар шакллантирилди ва маҳаллий жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилинган эди.
Ҳужжатга кўра, вилоятимизда 2022-2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 1,5 баравар, саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,5 бараварга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,2 баравар, хизматлар ҳажмини 2,9 баравар ҳамда қурилиш ишлари ҳажмини 1,2 бараварга ошириш назарда тутилган.
Ташриф дастури кўплаб соҳа ва жабҳаларни қамраб олди
Президент Шавкат Мирзиёев 21-22 апрель кунлари ҳудудлар иқтисодиёти ва аҳоли турмуш шароитлари билан танишиш мақсадида Қашқадарёда бўлди.
Ташриф дастуридан кластер ва саноат корхоналари ҳамда фермер хўжалиги даласидаги учрашувлар, халқ билан мулоқот, қишлоқ хўжалиги ва саноат лойиҳалари тақдимоти ўрин олди.
Давлатимиз раҳбари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳам иштирок этиб, "Қашқадарёнинг ери бой, тупроғи унумдор, одамлари меҳнаткаш. Фақат уларни бирлаштириб, елкадош бўлиб, ҳалол ишлаш керак. Ҳокимни ҳоким қиладиган, уни ишини кўрсатадиган шу халқ. Маҳаллий депутатлар, нуронийлар, умуман, одамлар бефарқ бўлмаса, Қашқадарёнинг қадамлари тезлашади" дея таъкидлади.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент 2021 йил ноябрь ойидан буён Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келган Азимов Муротжон Бердиалиевич номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.
Халқ депутатлари, меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар, ёшлар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Муротжон Азимов Қашқадарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Президент сессиядаги нутқида бундан кейинги вазифаларга, ечимини кутаётган муаммоларга кўпроқ тўхталди. Масалан, вилоятда 350 минг одам ишга муҳтожлиги, янги маҳаллабай тизим асосида уларни тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначиликка жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.
Қашқадарё улкан саноат салоҳиятига эга бўлса-да, ялпи ҳудудий маҳсулотда саноат улуши атиги 18 фоиз экани кўрсатиб ўтилди. Шунинг учун 2022-2023 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 14,7 триллион сўм бўлган 270 та саноат лойиҳаси дастури шакллантирилгани маълум қилинди.
Макридда цемент заводи фаолият бошлади
Май ойида Китоб тумани Макрид массивида замонавий цемент заводи бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун хорижий инвестор - Хитой Халқ Республикасининг "Anhui Conch Cement Co LTD" компанияси томонидан "Qarshi Conch Cement" МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси тузилиб, 150 миллион доллардан ортиқ сармоя жалб қилинди. Ушбу маблағ эвазига умумий майдони 62 гектарга тенг саноат объекти барпо этилиб, 400 та янги иш ўрни яратилди ва ҳар куни 3,2 минг тонна М-400, М-500 ва М-600 маркали цемент ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Бу замонавий қурилиш материалларининг 70 фоизини ички бозорда сотиш, 30 фоизини эса экспорт қилиш режалаштирилди.
Ваҳоланки, бир йилда 6 триллион сўмдан ортиқ ҳажмда қурилиш ишлари бажариладиган Қашқадарё вилоятида цементга бўлган талаб шу пайтгача асосан Тошкент, Навоий, Жиззах ва қисман Сурхондарё вилоятларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда импорт ҳисобидан қопланар эди.
Синтетик нефть, дизель ёнилғиси, авиакеросин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Июнь ойида "Uzbekistan GTL" заводида Ўзбекистон нефть ва газ-кимё саноатининг тарихида илк маротаба синтетик нефть ва синтетик GTL дизель маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Ўтган йил 25 декабрда тантанали очилиш маросими бўлган "Uzbekistan GTL" заводида 14 июнь куни тўлақонли синтез-газ ишлаб чиқарила бошланди. 15 июнга ўтар кечаси эса синтез-газ биринчи маротаба заводнинг юраги ҳисобланмиш Фишер-Тропш реакторларига - синтетик суюқлик ишлаб чиқариш қурилмасига юборилди. Реактордаги технологик жараёнидаги физик ва кимёвий реакциялари натижасида синтетик нефть ҳосил бўлгани қайд этилди ва лаборатория синовлари орқали тасдиқланди.
Орадан икки ҳафта ўтгач, "Uzbekistan GTL" заводида синтетик GTL дизель маҳсулоти, сўнгра нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида илк бор халқаро стандарт ва техник талабларига мос бўлган синтетик авиакеросин ишлаб чиқарилишига старт берилди.
Йил давомида яна бир қатор улкан ютуқларга эришган "Uzbekistan GTL" заводи декабрь ойида жаҳон энергетика саноатининг энг нуфузли "2022 Platts Global Energy Awards" мукофоти "Углеводородларни қайта ишлаш соҳаси ва кимё саноати" номинациясида 2022 йил ғолиби дея эътироф этилди.
Таълим соҳасида финляндия тажрибаси татбиқ этилмоқда
Қашқадарёда халқ таълими тизимини такомиллаштириш ва ўқитувчилар малакасини ошириш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университети билан ҳамкорликда Финляндиядан мутахассис жалб қилинди.
Вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаётган бу мутахассис Финляндиянинг Амалий фанлар бўйича Савония университети профессори, тадқиқот, ривожланиш ва инновациялар бўйича эксперт Петри Лунаскопри. У педагогика фанлари доктори ва педагогика йўналишида халқаро даражадаги мутахассис ҳисобланади, Финляндиядан ташқари Нидерландия, Англия, Португалия ва Венгрияда ишлаган. Петри Лунаскопри бир йил муддатга жалб қилиниб, унинг маҳоратидан вилоятда халқ таълимини ривожлантириш бўйича уч йиллик маҳаллий дастурни ишлаб чиқишда, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимларидаги услубчиларни Финляндия таълими тажрибаси бўйича тайёрлашда ва бошқа йўналишларда фойдаланилмоқда.
"Насаф" ва "Севинч" навбатдаги кубокларини қўлга киритди
Ўзбекистон кубоги учун ўтказилган финал баҳсларида "Насаф" клуби футболчилари Наманганнинг "Навбаҳор", "Севинч" қизлари эса Тошкентнинг "Бунёдкор-woman" жамоаларини мағлуб этиб, яна бир карра бу нуфузли соврин соҳибларига айланишди.
"Насаф" ўз тарихида учинчи бор Ўзбекистон кубогига эришган бўлса, "Севинч" жамоаси аъзолари ўн биринчи маротаба бу совринни боши узра баланд кўтаришди. Шу билан бир қаторда бу йилги мавсумда футболчи қизларимиз 14-марта чемпионликни тантана қилишди, йигитларимиз эса чемпионат совриндорлари сафидан жой олиб, бронза медалларини қўлга киритишди.
Бу жамоалар ва вилоятимиз спортчилари 2022 йилда эришган бошқа кўплаб ютуқлар қашқадарёликларда фахр ва ғурур уйғотиб, минглаб ёшларни спорт билан жиддий шуғулланишга илҳомлантирди.
Вилоятимиз тараққиётига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди
25 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда жорий йил апрелда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, бу орқали бандликни таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида белгилаб олинган режалар ижроси кўриб чиқилди.
Йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Ундан келиб чиқиб, йил якунигача ва келгуси йилга мўлжалланган вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда ижтимоий масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Қашқадарёда марказлашган тоза ичимлик суви таъминотини келгуси йилда 60 фоизга етказиш, 6 минг километр ички йўллар ва кўприкларни таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қашқадарёда тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш учун 2023 йилда республика бюджетида 685 миллиард сўм назарда тутилиши таъкидланди.
"Ташаббусли бюджет" доирасида вилоят маҳаллаларига 135 миллиард сўм, яна 670 та лойиҳани амалга оширишга қўшимча 265 миллиард сўм ажратилиши айтилди. 2023 ва 2024 йилларда ичимлик суви ва автомобиль йўллари лойиҳаларига қўшимча 410 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Вилоятда илк бор буйрак трансплантацияси амалга оширилди
Жорий йилда вилоятимиз тиббиёти тарихида биринчи маротаба буйрак кўчириш бўйича мураккаб трансплантация жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Март ойида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида "Сурункали гломерулонефрит, буйрак етишмовчилиги ва симптоматик артериал гипертензия" ташхиси қўйилган, 14 ой давомида ҳафтасига икки марта гемодиализ сеансларини олиб келишга мажбур бўлган 41 ёшли бемор аёлга донор - акасининг бир буйраги кўчирилди.
Марказнинг бош директори раҳбарлигидаги гуруҳ ва марказ филиали вакиллари иштирокида 7 соатдан ортиқ вақт давомида бажарилган операция натижасида кўчириб ўтказилган буйрак ишлади.
Воҳамизда бундай амалиётларнинг навбатдагиси ноябрь ойида марказнинг хирургия бўлими мудири раҳбарлигида қашқадарёлик 4 нафар шифокор-жарроҳ ва 4 нафар ҳамшира томонидан амалга оширилди. Келгусида трансплантация амалиётларини филиалнинг ўзида тўлиқ мустақил тарзда ўтказиш кўзда тутилган.
Шаҳрисабз ИҲТ 2024 йил туризм пойтахти сифатида танланди
27 асрлик тарихга эга бўлган Шаҳрисабз шаҳри 2024 йил Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) туризм пойтахти дея эътироф этилди.
Бу ҳақда 10 та мамлакат - Ўзбекистон, Туркманистон, Туркия, Эрон, Тожикистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Озарбайжон аъзо бўлган ИҲТнинг туризм вазирларининг жорий йил декабрь ойида ўтказилган йиғилишида эълон қилинди.
Таъкидланишича, Шаҳрисабзнинг ИҲТ туризм пойтахти сифатида танланиши натижасида ушбу шаҳар ва бутун Қашқадарёда мазкур тармоқ инфратузилмасини яхшилаш, экотуризм, этнотуризм ва бошқа йўналишларнинг салоҳиятини юксалтириш, ҳудуднинг номоддий меросини кенг очиб берувчи юқори савияли маданий тадбирларни ўтказиш, туризм тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш режалаштирилган.
Санаб ўтилган воқеаларнинг алоҳида аҳамиятли томони шундаки, улар Қашқадарёда 2022 йилда содир бўлган муҳим янгилик бўлибгина қолмай, вилоятимиз ҳаёти муайян жабҳаларининг кўп йиллик ривожига ижобий таъсир ҳам кўрсатиб, келажакда сизу бизнинг ҳаётимиз янада ёрқинроқ бўлишига хизмат қилади ва якунланаётган йилни мамнуният билан эслашимизни таъминлайди...
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.