Меню
Қашқадарё
ЮКСАК САЙЁҲЛИК САЛОҲИЯТИ
Вилоятимиз ана шу тарихий ёдгорликлари, ранг-баранг табиати - улкан тоғларию жаннатмонанд боғлари, дала-даштлари, қир-адирлари, турфа хил ҳайвонот ва наботот олами, мозий излари сақланган обидалари билан туризмнинг барча турларини ривожлантириш учун қулай ҳудуд ҳисобланади. Шу боис 2013 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида бунёдкорлик ишларини амалга ошириш борасида қабул қилинган махсус дастурлар эса туризм тўғрисидаги дастурни маъно ва мазмун жиҳатдан тўлдирди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидаги туристик корхоналар (туроператорлар) вакиллари “Ўзбектуризм” миллий компанияси масъуллари бошчилигида вилоятимизга қилган икки кунлик ташрифи чоғида мазкур ҳужжатлар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишишди.
Улар вилоятимизнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, минтақанинг ноёб тарихий-маданий меросидан самарали фойдаланиш, меъморчиликнинг тарихий архитектура ансамбллари ва ёдгорликлари ҳолатини яхшилаш, сайёҳлар учун меҳмонхоналар ва хизмат кўрсатиш объектлари қуриш, диққатга сазовор маданий-тарихий ёдгорликлар бўйича замонавий сайёҳлик йўналишларини шакллантириш ва жорий этиш, минтақанинг табиий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларни катта қизиқиш билан кўздан кечиришди.
- Маълумки, сайёҳлик фирма ва компаниялари ҳудуд ва сайёҳни бир-бири билан боғлайдиган ришта ҳисобланади, - дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг вилоятдаги вакили Ўктам Хўжаёров. – Шу боис мазкур сафарнинг аҳамияти жуда катта. Туроператорлар вакиллари вилоятимизда сайёҳлар эътиборини тортиши мумкин бўлган жойлар, улар учун яратилган шароитлар ҳақида аввал ўзлари аниқ тасаввур қиладилар, кейин эса келадиган сайёҳларга сафар этишни тавсия қилиш имконига эга бўладилар.
Улар дастлаб туманнинг Мироқи посёлкасидаги “Лочин” болалар оромгоҳида бўлишди. “Лочин” оромгоҳидаги ўзига хослик, Ўзбекистондаги Оқсарой ва Регистон, Грециядаги Акропол, Италиядаги Рим колизейи, Франциядаги Эйфел минораси каби тарихий ёдгорликларнинг кичрайтирилган шакллари, Мироқининг гўзал ва бетакрор табиати, жуда катта тезликда шарқираб оқаётган дарё барчани лол этди.
Шундан сўнг туман ҳокимлигида туман ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Абдурасул Сафаров туроператорларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги қарори билан тасдиқланган Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Мазкур анжуманда Шаҳрисабз шаҳрининг кичик ҳалқа йўли бўйлаб қурилиши бошланаётган “Village park” ҳақида ҳам сўз юритилди. Ундан энг замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган “Kinderland” (болалар учун мўлжалланган аттракционлар, ўйин қурилмалари жойлашган ҳудуд) “Gameworld” (технопарк), “Village сamp” (уй меҳмонхоналари, бассейнлар мажмуаси) объектлари жой олади.
Анжумандан кейин Шаҳрисабзнинг тарихий қисми бўйлаб саёҳат бошланди. Бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари барчани ҳайрат кўчасига етаклади.
- Бу ер нафақат бизни, балки хорижлик сайёҳларни ҳам лол этади, - дейди туризм фаолияти билан шуғулланувчи “Orient Voyage” хусусий корхонаси гид-таржимони Ғиёс Қаршиев. – Яқиндагина франциялик туристлар билан бу ерга келиб кетгандим. Биласизми, ҳар бир франциялик учун Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат қилиш энг катта орзулардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон эса унинг марказида жойлашган. Сайёҳлар бу ерни келиб кўришар экан, унга муносиб баҳони беришди. “Буюк ипак йўлининг энг мафтункор жойи бўлибди”, дейишди.
Яна бир масалада кўпчилик турлича фикрда. Баъзиларнинг айтишича, туристлар ҳамма нарсани эски ҳолича кўришни истармиш. Бу унчалик тўғри эмас. Қадимий обидалар атрофи қанча тоза ва озода, чиройли бўлса, шунча яхши эканини ўша сайёҳларнинг кайфиятидан сезиш қийин эмасди. Улар сайёҳларга тарихимизни кўрсата олаётганимиздан хурсанд бўлишди. Қилинаётган ишлар натижа беришини, яъни экилган дарахтлар бўй чўзиб, бу ер янада фусункор бўлишини кўриш учун яна келиш истагида эканликларини билдиришди.
Сафарнинг иккинчи кунида тадбир иштирокчилари Қамаши туманидаги Лангар қишлоғида жойлашган Лангар ота зиёратгоҳига йўл олдилар. Бу қишлоқнинг манзараси ўзига хос кўринишга эга бўлиб, унда табиат ва инсон қўли билан барпо қилинган гўзаллик ўзаро уйғунлашиб кетган. Лангар ота зиёратгоҳи ана шу садафнинг энг ноёб дури. Туроператорлар вакиллари бу жой туристлар учун жуда қизиқ бўлишини билдиришиб, ўзлари учун қайдлар ёзишди, суратлар олишди.
Куннинг иккинчи ярмида сайёҳлик корхоналари вакиллари Қарши шаҳрига йўл олдилар ва бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, сайёҳлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Қарши темир йўл вокзали, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳи, шаҳарнинг тарихий қисми, Амир Темур кўприги ва унинг ёнида бунёд этилган соҳилни бориб кўрдилар. Иштирокчилар шаҳарда амалга оширилган ишлар ҳар қандай нозик дидли сайёҳнинг ҳам эътиборидан четда қолмаслигини таъкидлаб, хорижий сайёҳларнинг аксарияти зиёлилар ва улар учун мамлакатимиздаги таълим тизими ҳам жуда қизиқ эканлигини таъкидлашди. Зеро, таълим муассасалари бўйлаб саёҳат йўналишларини очиш, туристларни болалар оромгоҳларда қандай дам олаётгани билан таништириш, миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган халқ ўйинларини кенг тарғиб қилиш ҳам сайёҳлар оқимини кўпайтириш имконини беради.
Туристик корхоналар вакиллари вилоятимиз бўйлаб саёҳатдан бир олам таассуротлар билан қайтдилар.
Толиб ТЕМИРОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.