Меню

Қашқадарё

05.03.2021 1574

ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ, ҚАТЪИЙ МАҚСАД

Аёл ва давр

Ўтган йилнинг март ойида юртимизда коронавирус юқтириш билан боғлиқ дастлабки ҳолат қайд этилиб, қатъий карантин жорий қилинаркан, мазкур ҳолат фуқаролар билан бирга, карантин зоналари, беморлар даволанаётган шифохоналарда назорат олиб боришга бириктирилган ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклагани бор гап.

Эътиборлиси, айни шундай тиббиёт муассасаларида ижтимоий масофани сақлаш, карантин қоидаларига риоя қилишга масъул этилганлар орасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хотин-қиз вакиллари ҳам бор эди. Улардан бири Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси кичик сержанти Мафтуна Ҳайитовадир.

Тўғриси, бир йилгина олдин карантин зоналарида ишлашга унча-мунча кишининг юраги бетламасди, боиси, вирус деган бало йўқ жойдан юқиб қолиши ҳеч гап эмасди. Шундай вазиятда, ҳаммага ҳам жон ширин бир чоғда, хавф ҳар томондан ўраб турган муҳитда иш олиб бориш учун касбга фидойилик, жасорат керак кишига.

Мафтуна Ҳайитова 2016 йилда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг кимё технология йўналишини тамомлаган. Ҳарбий соҳага қизиқиши устун келиб, Миллий гвардияга қабул бўлаётганидан хабар топгач, ҳужжат топширади ва маълум синов, вақтдан сўнг ишга қабул қилинади.

Унинг айни пайтдаги вазифаси жамоат жойларида тартибни сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўлиб, шу билан бирга, криминоген вазият оғир маҳаллаларда хотин-қизлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигининг олдини олиш бўйича фаолият кўрсатмоқда.

- Миллий гвардия тизимида иш бошлаганимга ҳали унча кўп вақт бўлмади, - дейди у. - Иш давомида нотинч, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан профилактик суҳбатлар олиб борамиз. Ўз устимизда ишлаш мақсадида турли маънавий-маърифий, спорт тадбирларида қатнашамиз. Жумладан, бир неча кун олдин Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси ҳамкорлигида соҳа хотин-қизлари ўртасида "Тўмарис издошлари" кўрик-танловида иштирок этиб, 2-ўринни қўлга киритдим. Турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлови фаолиятимни самарали олиб боришда қўл келаётганини ҳам айтишим ўринли.

Тўғриси, Миллий гвардия хизматчиларининг асосий вазифаси нимадан иборат экани оддий одамларга бир қарашда мавҳумдек.

Оила азоларимиз билан дам олиш жойларида кўнгилдагидек сайр этаётганимиз, бозорга бориб, хоҳлаганча айланиб, ўзимиз истаган харидни амалга оширганимиз, стадионда мириқиб футбол томоша қилганимиз, қўйингки, тинч-осойишта юрганимиз аслида ана шундай ходимлар меҳнати самараси эканини гоҳда биламиз, гоҳда эътибор қилмаймиз рости.

Тегишли қонунга кўра эса, жамоат тартиби ва хавфсизлиги, шу жумладан, оммавий тадбирлар ўтказилаётганда ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек, табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳодисаларни бартараф этишда ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида жамоат жойларида патруллик қилишда иштирок этиш Миллий гвардиянинг асосий вазифалари сифатида белгиланган.

Мафтуна Ҳайитова ҳам ушбу масъулиятли ишга ҳисса қўшишга аҳд қилган экан, унга бу борада қатъий мақсади йўлчи юлдуз бўлиши айни ҳақиқат.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!