Меню
Қашқадарё
ЮКСАК ЭЪТИРОФ ТЎFРИ ЙЎЛДАН КЕТАЁТГАНИМИЗДАН ДАРАК
Тасарруфимиздаги 51 гектар ерда пахтачилик ва ғаллачилик тармоқларини ривожлантирган бўлсак, ҳозирги вақтда хўжалигимизда 110 бош қорамол ва 170 бош қўй-эчки ҳам парвариш қилаяпмиз. Сўнгги уч йилда аҳолига 21 тонна гўшт ва 51 тонна сут етказиб бердик. Бултур эса умумий қиймати 6,1 миллиард сўмлик лойиҳаларни амалга оширдик. Хусусан, Хитой технологияси асосида 600 тонна мева ва сабзавотларни сақлаш сиғимига эга бўлган 2 та замонавий музлаткич омборини қуриб, фойдалана бошладик. Шунингдек, кунига ўртача 5 тонна унни қайта ишлаш қувватига эга ва 7 турдаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берувчи янги линиялар фаолияти йўлга қўйилиб, 30 нафардан зиёд ёшнинг доимий меҳнат билан машғул бўлишига шароит яратдик.
Энг катта янгилик шу бўлдики, жорий йилда суткасига 240 бош қорамолни автоматлаштирилган равишда сўйиш имкониятига эга замонавий кушхона ишга туширилди. Натижада 2017 йилнинг 6 ойида 54,6 тонна гўшт маҳсулотлари реализация қилиниши учун замин ҳозирланди.
Эътиборлиси, ўтган йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга киришдик. Жорий йилнинг ўтган даврида хўжалигимизнинг 10 гектар майдонида қовун етиштирилиб, 15,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги ушбу полиз маҳсулоти Россия ва Беларусь давлатларига экспортга йўналтирилди.
Бу ютуқларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг меваси, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Ўз ишида ташаббускорлик, илғорлик кўрсатган қишлоқ мулкдори борки, бугун батамом эъзозда, ҳар жабҳада рағбат топаяпти. Мен ҳам шундай инсонлар сафида эканимдан бағоят хурсандман. Энг улуғ, энг азиз айём арафасида Президентимизнинг фармони асосида “Шуҳрат” медали билан тақдирланганим ортидан қувончим янада ошди, ғайратим жўшди. Билдимки, бу эътироф хўжалигимиз фаолияти тўғри йўлдан олиб борилаётганидан дарак беради. Эришганларимиз билан кифояланмай, ушбу юксак эътиборга янги ғоялар ва ташаббуслар билан жавоб беришимиз ҳар жиҳатдан мақбул иш бўлади.