Меню
Қашқадарё
ЮҚОРИ СИФАТ ВА РАҚОБАТБАРДОШЛИК - БОЗОР ТАЛАБИ
Сир эмаски, юртимизда ташқи бозор талабига мос маҳсулотларни тайёрлаш, уларни хорижга экспорт қилиш борасида улкан салоҳият мавжуд. Шунга ҳамоҳанг бугун мамлакатимиз ишбилармонлари замонавий технология асосида маҳаллий хомашёдан юқори қўшилган қийматга эга турли товарлар ишлаб чиқариб, уларни чет эллик истеъмолчиларга етказиб бермоқда. Потенциал харидорлар кўпайиши натижасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида экспортга жўнатилаётган маҳсулот ҳажми ошиб, унинг жўғрофияси кенгайиб бораяпти.
Вилоятимизда ҳам ишбилармонлик муҳити сифат жиҳатидан тобора яхшиланмоқда. Бунинг самарасида импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулот тайёрлашни асосий мақсад қилган тадбиркорлик субъектлари салмоғи ортишига шароит ҳозирланаяпти. Статистик маълумотларга қараганда, жорий йилнинг саккиз ойида ҳудуд ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 111 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган. Унинг таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари, қурилиш материаллари ва хизматлар асосий ўрин эгаллаган.
Қайд этиш жоиз, Яккабоғ тумани вилоятимизнинг экспорт салоҳияти юқори ҳудудларидан ҳисобланади. Айниқса, бу ерда боғдорчилик ва узумчиликнинг ҳар томонлама тараққий этгани экологик соф, тотли мева-чевани экспортга йўналтиришда муҳим омил бўлаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида шу туман экспортчи корхоналари томонидан хорижлик ҳамкорларга 9 минг тоннадан ортиқ узум, олхўри, нок, гилос ва пиёз каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилгани бунинг тасдиғидир. Фаолиятини шу йили бошлаган “Яккабоғ агро мева таъминот” МЧЖ томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовордир.
- Ҳозиргача қарийб 250 минг долларлик ҳўл мевани хорижга жўнатдик, - дейди корхона иш бошқарувчиси Рустам Абдураззоқов. – Россиядаги компаниялар асосий харидорларимиз бўлишди. Маҳсулотни аҳолидан, фермер хўжаликларидан йиғиб олаяпмиз. Талаб қилинган нарсани етказиб бераяпмиз. Аҳамиятлиси, яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида иштирок этиб, унинг доирасида чет эллик ҳамкорлар билан қиймати 5 миллион 400 минг долларлик маҳсулот олди-сотдиси бўйича шартнома имзоладик. Шартномаларни 2017 йил учун мўлжаллаб туздик. Келгусида корхонамизда мевани қайта ишлашни ҳам йўлга қўйиш ҳақида ўйлаяпмиз.
Дарҳақиқат, юртимиз тупроғида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, мева-сабзавот, узум, полиз экинлари ҳосили сифати ва таъмини хорижликлар юқори баҳолашади ҳамда уларни севиб истеъмол қилишади. Эътиборлиси, заминимизда униб-ўсган, ўзининг шифобахш хусусиятлари билан ажралиб турувчи ўсимликларга ҳам ташқи бозорда талаб бор. Бунга мисол ковракдир. Ҳозирги вақтда коврак асосан вилоятимизнинг Деҳқонобод туманида табиий ҳолда ўсади. Экспортбоп маҳсулот саналгани туфайли сўнгги вақтда ҳудудда уни маданийлаштириш, кенгроқ майдонларга экиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бугун Деҳқонобод туманида коврак парваришланадиган экин майдони 1,5 минг гектардан ошади. Жорий йилнинг тўққиз ойида туман тадбиркорлари Ҳиндистон, Афғонистон ва Хитой каби мамлакатларга қиймати қарийб 200 минг долларлик коврак ширасини экспорт қилишга муваффақ бўлишди. Экспортчилар орасида “Самад нур бизнес” хусусий корхонаси ҳам бор.
- Йил бошида ҳиндистонлик ишбилармонлар билан 78 минг долларлик коврак ширасини етказиб бериш бўйича шартнома тузганмиз, - дейди корхона раҳбари Жасур Назаров. – Айни вақтга қадар жўнатилган маҳсулот баҳоси 30 минг долларга етди. Шартнома мажбуриятларини бажаришда давом этамиз. Талаб ўсаётгани важидан туманимиздаги 30 гектар майдонда коврак ўстиришни ташкил қилдик. Уни уруғидан экиб, кўпайтираяпмиз. Бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Ташқи бозорни ўрганаяпмиз. Эронлик ишбилармонлар мош, ёнғоқ ва ерёнғоқ сотиб олиш истагини билдиришмоқда. Вилоятимизда бундай маҳсулотлар сероб. Музокаралар ижобий ечим топса, яна бир манфаатли шартномага эга бўламиз. Қолаверса, даромадимиз ҳисобидан боғ ташкил қилмоқчимиз. Олча, писта ўстириш ниятимиз бор. Албатта, буларнинг ҳам экспортбоп бўлишига эътибор қаратамиз.
Таъкидлаш ўринлики, сифатли маҳсулот ҳеч қачон харидор эътиборидан четда қолмайди. Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Тозалик маликаси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Матлуба Ўтаганова ўз ишида шу жиҳатга устувор аҳамият қаратган. Бугун тадбиркор ишлаб чиқараётган ювиш воситаларининг нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидори топилмоқда.
- Яқинда тожикистонлик ишбилармонлар келиб, биз билан учрашишди, маҳсулотларимиз билан интернет орқали танишишган экан, - дейди тадбиркор Матлуба Ўтаганова. – Маҳсулотимизнинг сифати, нархи билан яқиндан танишишди, барчаси маъқул келди чоғи, якунда келишувга эришдик. Чет эллик ҳамкорларимиз билан 3 хил кир ювиш кукуни етказиб бериш бўйича қиймати 77 минг долларлик шартнома имзоладик. Маҳсулотнинг илк партиясини чиқариб юбориш арафасидамиз. Шу вақтгача юртимиз вилоятларига маҳсулот етказиб берган бўлсак, энди уни хорижга ҳам сотишни бошладик. Мавжуд талабни инобатга олиб, 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан Хитойдан қўшимча линия олиб келдик. Ҳозирда ускуналарни ўрнатиш ишлари давом этаяпти. Лойиҳамиз амалга ошса, ишлаб чиқариш қуввати аввалгидан 2 баробар кўпаяди. Ўз-ўзидан янги иш ўринлари яратишга ҳам имкон туғилади.
Ишбилармон аёлнинг айтишича, жорий йилда корхонада ишлаб чиқаришни қисман маҳаллийлаштиришга эришилган. Хўжалик совуни, кир ювиш кукуни, “гель” ва “капля” тайёрлаш учун зарур 8 хил ингридиентнинг фақат 2 хили Европадан келтирилмоқда. Қолгани юртимиз тадбиркорлари томонидан маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилаяпти. Матлуба Ўтаганова келгусида янги бир йўналишни йўлга қўймоқчи, аниқроғи, у чорва учун махсус озуқа ишлаб чиқаришни ташкил этиш ниятида. Бунинг учун хориждан замонавий ускуналар келтириш мўлжалланган. Махсус гранула шаклидаги емга чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган хўжаликлар харидор саналади.
Бир сўз билан айтганда, экспорт кўлами ошиши мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилаяпти. Янги-янги бозорлар забт этилмоқда, рақобатдош янги маҳсулотлар жаҳон бозорида ўз харидорини топаяпти. Хорижга маҳсулот сотиш эвазига валюта тушуми кўпаймоқда. Истиқболда бу юртимизга замонавий технологияларни жалб этиш имкониятини оширади, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳисобидан аҳоли бандлигини таъминлаш миқёси ортади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ