Меню

Қашқадарё

11.03.2017 1998

ЮҚОРИ АҲАМИЯТГА ЭГА ЛОЙИҲАЛАР РЎЁБГА ЧИҚАРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги "2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ муайян даврда вилоятимизда иқтисодиётнинг енгил саноат тармоғини янада юксалтиришга қаратилган умумий қиймати 160 миллион долларлик 23 та инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар асосида ҳудудда 17 та янги ишлаб чиқариш қувватини барпо этиш мақсад қилинган. Ишлаб турган корхоналарни эса техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, шу орқали уларда маҳсулдорлик ўсишига эришиш белгиланган.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев вилоятимизга қилган ташрифи давомида мазкур манзилли дастур асосида ҳудудда бажарилиши режалаштирилган ишлар билан яқиндан танишди, соҳа ривожига йўналтирилган истиқболли лойиҳалар аҳамиятига баҳо берди ва самарадорликни янада ошириш бўйича ўз тавсияларини билдирди.  Шунингдек, Президентимиз келгусида мавжуд имконият ва ресурслардан унумли фойдаланиш, етиштирилган пахта толасини қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулотлар чиқариш катта самара беришини қайд этди.

Эътиборли жиҳати шундаки, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхоналарни барпо этишда хорижий мамлакатларнинг тажрибасига таянилади, ишлаб чиқариш жараёнига эса энг сўнгги чет эл технологиялари жалб этилади. Қарши туманида "ЛТ Текстиль Интернейшнл" Ўзбекистон-Хитой-Нидерландия қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа бунга ёрқин мисол бўлади. Умумий қиймати 55 миллион долларга баҳоланган бу лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқарилгач, корхонада йилига 22 минг тонна рақобатбардош аралаш ип калава ва 50 миллион квадрат метр ип газлама ишлаб чиқариш  имкони юзага келади. Маҳсулотнинг 80 фоизи экспортга йўналтирилади.

Энг замонавий ва энергиятежамкор ускуналар билан жиҳозланадиган ушбу корхонада айни вақтга келиб асосий цех қурилиши ишлари якунланиб бормоқда. Эндиликда зарур ускуналарни монтаж қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бунга қўшимча равишда мажмуа ҳудудида ходимлар учун яшаш биноси ва меҳмонхона бунёд этилмоқда. Шунингдек, бу ерда бир қанча спорт майдончаларини қуриш ҳам назарда тутилган. Келгусида тўқимачилик дастгоҳларига хизмат кўрсатишга ихтисослашган сервис маркази фаолият кўрсата бошлайди.

Аҳамиятлиси, 2022 йилнинг 1 январига қадар ушбу тадбиркорлик субъектига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2005 йил 11 апрелдаги "Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида келтирилган бир қатор имтиёзлар амал қилади. Мазкур муддатгача республикада ишлаб чиқарилмайдиган, кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш доирасида четдан олиб келтирилаётган технологик асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, ёрдамчи ва қурилиш материаллари божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари)дан озод этилади.

Асосийси, ҳудудда барпо этилаётган бу йирик саноат корхонаси тўла қувват билан  ишлай бошлагач, 800 нафарга яқин киши доимий иш ўрнига эга бўлади. Мазкур тўқимачилик мажмуасида жорий йилнинг биринчи ярмида пахта толасини қайта ишлашга киришилади.

Дастурдан жой олган яна бир истиқболли лойиҳа асосида Яккабоғ туманидаги собиқ "Яккабоғ текс" корхонаси негизида "Универсал Тараққиёт Текстиль" қўшма корхонаси барпо этилмоқда. Қўшимча инвестиция ўзлаштирилиши эвазига корхонада хомаёшни қайта ишлашдан тортиб, уни тайёр маҳсулот ҳолига келтиришгача бўлган жараён бажарилади. Корхонанинг тўлиқ қувват билан ишлаши йилига 6 миллион квадрат метр мато, 2 миллион жуфт ётоқ чойшаби ишлаб чиқариш имконини беради. 400 иш ўрни яратилиши кўзда тутилаётган ушбу субъектда асосан ёшлар меҳнат қилишига шароит ҳозирланади.

Хорижий технологиялар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни кўзда тутувчи, юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бундай лойиҳалар Қарши шаҳри ва Ғузор туманида ҳам рўёбга чиқарилади. Собиқ пахта тозалаш  заводи негизида ташкил этилаётган "Wood Decor Production" қўшма корхонаси юқори самарали, энергиятежамкор дастгоҳлар билан жиҳозланиб, бу ерда дунё бозорида рақобатбардош сифатли ип калавадан тортиб тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқарилади.

Ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиши натижасида вилоятда етиштирилган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш миқёси 60 фоизга етади. Зеро, жаҳон тажрибасидан маълумки, маҳсулотни хомашё ҳолида сотишдан кўра тайёр товар кўринишига келтириб чет эллик харидорларга етказиб бериш кўпроқ даромад келтиради. Ишлаб чиқаришга хорижнинг энг замонавий технологияларини жалб этиш эса самарадорлик, маҳсулот сифати юқори бўлишини таъминлайди. Пировардида мазкур корхоналар томонидан тайёрланган енгил саноат маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилиш кўлами ошади. Муҳими, дастур доирасида 3000 га яқин иш ўрни яратилади. Бу эса аҳолининг реал даромадлари сезиларли ошишига кенг шароит ҳозирлайди.

Мансур НАЗАРОВ,

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!