Меню

Қашқадарё

28.03.2017 2954

ЯСМИҚ

Ясмиқ таркибида кўп миқдорда организмга тез сингадиган ўсимлик оқсили мавжуд. Бошқа дуккаклиларга қараганда ясмиқ таркибида олтингугурт аминокислоталари нисбатан камроқ учрайди. Унда мой миқдори нўхатга қараганда оз, аммо темир ва фолий кислотасига бой. Ясмиқ таркибидаги эрувчан клетчатка овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Бу маҳсулотдан тайёрланган бўтқани мунтазам истеъмол қилиш организмда модда алмашинувини яхшилайди, иммунитетни кўтаради.

Ясмиқ дони фойдали микроэлементлар – кальций, калий, фосфор, темирнинг кони. Шунингдек, дон таркибида марганец, мис, молибден, бор, йод, кобальт, рух, “омега-3”, “омега-6” сингари мой кислоталари мавжуд. Қолаверса, В гуруҳидаги дармондорилар, РР, А, С витаминига бой. Ўз озуқавий қиймати билан ясмиқ нон, ёрма ва ҳатто маълум маънода гўшт ўрнини ҳам боса олади.

Бошқа дуккаклилар каби ясмиқ магнийга бой. Бу модда эса юрак ва асаб тизимининг тўлақонли ишлаши учун зарур ҳисобланади. Ясмиқда  триптофан моддаси ҳам мавжуд бўлиб, мазкур аминокислота одам организмига тушгач, “бахт гормони” деб аталувчи серотонин моддасига айланади. Маълумки, серотонин етишмаслиги кишида тушкунлик, руҳий безовталик келтириб чиқаради. Унинг таркибидаги исофлавон моддаси эса аёлларда кўкрак саратони келиб чиқишига тўсқинлик қилади. 

Мутахассислар қандли диабетга чалинганлар учун қондаги шакарни камайтириш учун ясмиқ истеъмол қилишни тавсия этишади. Шунингдек, ясмиқдан тайёрланган бўтқа ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, колитни даволашда ҳам буюрилади.

Ясмиқ қайнатмаси сийдик-тош касалликларида шифо бўлади. Қадимги Рим табиблари ясмиқни мунтазам истеъмол қилган кишилар хотиржам ва сабрли бўлишини таъкидлашган. Хитойлик табиблар нуқтаи назарига кўра, ясмиқ қиздирувчи хусусиятга эга. Шунинг учун ясмиқдан тайёрланган таомлар совуқ об-ҳавода ейилишини маъқул билишган.

Ушбу маҳсулотнинг фойдали жиҳатлари билан бирга зарарли томонлари ҳам борлигини унутмаслик лозим. Масалан, подагра, геморрой, диатез, таносил аъзолари хасталикларига чалинганлар учун ясмиқ истеъмоли тавсия этилмайди. Шунингдек, буйрак хасталиги билан оғриганлар учун ҳам ясмиқ истеъмоли чеклангани маъқул.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!