Меню
Қашқадарё
"ЯШИРИНГАН" СВЕТОФОР
Биласиз, кейинги вақтларда жуда кўп улкан дарахтлардан турли сабаблар билан воз кечиб юборилиши оқибатида шу йилнинг охирига қадар бирор дарахтни кесишга йўл қўйилмайдиган бўлди. Ўшангача не-не дарахтлар ўтинга, мебель корхоналарига йўл олмади, дейсиз?!
Чамаси бунга жавобгарлар яна дарахт кесиб қўймайлик деб, халақит бераётган шох-шаббаларни тартибга келтиришгаям ўзларида журъат топишолмаяпти чоғи.
Қарши-Касби йўналишидаги, халқ тилида "Каманди йўли" деб аталадиган кўчада дарахт шохлари тарвақайлаб, йўл белгиларини тўсиб қўйгани етмагандай, светофорни буткул панага олибди. Шу сабаб кўп ҳайдовчилар айни шу жойда "қизил"да ўтиб кетаяпти. Атайлаб эмас албатта, светофор чироқлари ёниб-ўчиши тугул, унинг борлиги кўринмаяпти.
Агар сал нарида ЙПХ ходими бўлса, у ҳайдовчи светофорни пайқаганми, пайқамаганми, жаримага тортиши аниқ. Жарима-ку майли, светофорга ишониб, йўлни кесиб ўтаётган йўловчи нима қилади?
Ҳурматли дарахткесарларимиз, биламиз, сизнинг шарофатингиз билан танаси қучоққа сиғмайдиган дарахтларга қирон келтирилди, "қурилиш қилинаяпти", "янги дарахтлар экилаяпти", "қуриб қолган экан" деган турфа баҳоналар билан вилоят марказидан тортиб туманларгача катта дарахтлардан "тозалаб" чиқилди.
Улкан дарахтлар тугаб, ўзларингизни юмушсиз қолгандай ҳис қилаётган бўлсангиз, тарвақайлаган шох-шаббаларни кесиб ташланглар (бутун бошли дарахтни эмас), бу одамлар саломатлиги, хавфсизлиги учун муҳим.
БОБУРБЕК олган суратлар.