Меню

Қашқадарё

10.03.2020 1451

"ЯШИРИНГАН" "50", ЎЧГАН ВА ҒАЙРИ ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ

Фототанқид

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ўтган ойда Қашқадарёда 10 кун ичида 10 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида маълумот берганидан хабарингиз бордир.

Унда айтилишича, белгиланган тезликка риоя этмаслик, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, светофорнинг "қизил чироқ" ишорасига риоя этмаслик, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланиш билан бир қаторда, йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқарган сабаблар сирасида пиёдалар учун йўлни кесиб ўтишга етарли шароитлар йўқлиги, велосипедчилар йўлаги мавжуд эмаслиги сабабли уларнинг йўлга чиқиб кетиши, ҳайдовчининг пиёдани кўрмай қолиши, об-ҳаво шароитлари ёмонлиги каби омиллар бор.

Ўша ўн кунда мамлакат бўйича 126 та йўл-транспорт ҳодисаси юз берган бўлса, уларда ҳодиса жойида 30 киши, 11 киши шифохонада вафот этгани, 136 киши тан жароҳати олгани жуда аянчли рақамлар, ачинарли ҳолатдир.

Тўғри, аксар йўл-транспорт ҳодисалари ё пиёда, ё ҳайдовчи айби билан юз беради, бундан кўз юмиб бўлмайди. Аммо яна бир ҳолат борки, бу йўл шароитлари билан боғлиқ сабаблардир. Бинобарин фотокамерамиз объективи бу гал айни шу масалага қаратилгани бежиз эмас.

Кузатишларимиз йўлларимизда, йўл белгилари билан боғлиқ муаммолар етарлича эканини кўрсатди.

Чироқчи тумани Янгиобод кўчасидаги ҳолатга эътибор беринг. 

Мактаб яқинидаги йўлда болалар ўтиш йўлаги ҳамда тезликни "50"дан оширмаслик хусусидаги огоҳлантирувчи белги ўрнатилган. Бироқ арча дарахти шохлари тарвақайлаб ҳар иккала белгини яшириб қўйганига нима дейсиз? Ўз-ўзидан тегишли огоҳлантиришни кўрмаган ҳайдовчининг ҳали йўл қоидаларини тузук-қуруқ англамайдиган болалар уззу-кун ўтиб-қайтадиган йўлда тезликни оширмаслигига кафолат йўқ.

Қарши шаҳридан Ғузор-Шаҳрисабз томонга отланаркансиз, пиёдалар ўтиш йўлаги борлиги ҳақида огоҳ этадиган белгига

кўзингиз тушади. Белгида ҳеч бир ғайритабиийлик йўқ, бироқ на "зебра" чизиғи борлиги, бўлганда ҳам йўлнинг охири йўқлиги, яъни шу "пешеход"га ишониб йўл кесиб ўтаётган одам металл тўсиндан ҳатлашга мажбурлиги кишини ҳайрон қолдиради.

Нариги томонга ўтиш имкони йўқ экан, пиёдалар ўтиш йўлаги ҳақида белги ўрнатиб, йўлга чизиқ чизмаслик - мулойим айтганда, бефаросатлик деб аталади.

Энди Якабоғ туманидаги мана бу белгига

қаранг. Ўрнатилган ишорага кўра, бу йўлда тезликни "70"дан оширмаслик керак. Буниси тушунарли. Аммо шу белги остидаги "00" рақамлари нимани англатади? Тезликни шу кетишда 100 метргачами ё минг метргача оширмаслик керакми, билолмайсиз. Аниғини, шу яқин-атрофда рейд ўтказаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ҳал қилади. Улар истаса, минг метр, истаса, икки минг метр, деб қолишлари ҳам мумкин. Нима қиласиз, чидайсиз... Боз устига ярми йўқ шу белгининг ҳам бир қисмини тут шохлари тўсиб турибди.

Буниси-ку майли, йўл белгиларини тўғри келган одам ўрнатиб кетаверишини қандай изоҳлаш мумкин? Бир муддат аввал Қарши туманида боғча очилиб, унинг яқинидаги йўлга тезликни чеклаш ҳақида баннер илиб белги қўйишди. Ҳатто ана шу баннерга таяниб, ЙПХ ходимлари бир неча кун тадбир ўтказгани ҳам бор гап. Чироқчи туманидаги мини-стадион масъуллари эса ўз ҳудудига биров яқин йўлашини ёқтирмайди шекилли, қўлбола белги ўрнатиб олиб, машина қўймаслик хусусида огоҳлантиришибди.

Хўш, йўл белгилари ўрнатилиши, амал қилишини кимдир назорат қиладими ўзи?

- Йўл белгилари ҳар йили кўрикдан ўтказилиб, туман йўл идоралари, вилоят махсус    эксплуатация-монтаж бўлимига тавсия берилиб, тақдимнома киритилади, - дейди вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходими Бекзод Пирназаров. - Ўтган йили айнан йўл белгилари бўйича тегишли масъулларга нисбатан 25 та протоколь тузилган, камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмаган ҳолларда прокуратурага берилган. Кўпинча  сифатсиз бўёқлардан фойдаланишади, камида 3 ой туриши керак бўлган белги қисқа вақтда ўчиб кетади. Бундай камчиликлар кўплаб топилади.

- Биз ички ва умумфойдаланишдаги йўлларга масъулмиз, - дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вилоят махсус эксплуатация-монтаж бўлими бошлиғи Меҳрож Қобилов. - Туманларнинг эса фақат шаҳар қисмида йўл белгиларини ўрнатамиз. Бўлимимизда 40 ходим фаолият кўрсатади. Ўтган йили  "Ўзавтойўл" ДУКдан 1732 та белги келтириб ўрнатдик. Бу йил 2 минг атрофида белги қўймоқчимиз. Кунига 30 тача белги янгилаймиз. Бизнинг фаолиятимиздан шикоят кам, кўп эътирозлар "облдор"дан бўлади. Лекин бизда ҳам натижа яхши бўлиши учун иш қуроли, техника етарли бўлиши керак, бири 1983, бошқаси 1992 йилда ишлаб чиқарилган машиналаримиз бор, эски тракторлар, техникалар билан узоқ ҳудудларга бориб ишлаб бўлмайди. Туманлардаги камчиликларга асосан техника сабаб.

Тегишли масъулларнинг сўзларидан англашилаяптики, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими йўл белгилари бўйича кўрик ўтказганида, ё биз кўрган камчиликларни кўрмаган, ё бўлмаса, улар киритган тавсияю тақдимномалар ижроси бажарилмаган. Нега бажарилмаганини эса масъул келтирган важлар у қадар оқламаётгандек.

Нима бўлганда ҳам кўплаб бу йўл белгилари ғайри бир ҳолда турибдики, улар орқали турли фалокатлар, адолатсизликлар бўлмайди, деб ҳеч ким айтолмайди. Ўйлаймизки, мутасаддилар айни масалага кечиктирмай эътибор қаратишади.

НАСРИДДИН

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!