Меню

Қашқадарё

28.04.2018 1704

ЯШИРИН ДОРИХОНАЛАР ФАОЛИЯТИГА НЕГА ҲАНУЗГАЧА ЧЕК ҚЎЙИЛМАГАН?

Хўш, бу борадаги ишлар самарадорлиги қандай? Дори-дармон воситалари нархи ҳамма жойда бир хилми? Қуйида айни йўналишда аниқланган ҳолатлар ҳақида сўз боради.

БОШ ШИФОКОР ИМКОНИЯТДАН "УНУМЛИ" ФОЙДАЛАНИШГА УРИНИБДИ

Биз дорихоналарнинг аксарияти қайсидир бир шифохона ёки тиббиёт муассасаси яқинида жойлашиб олганига кўп ҳам эътибор қилмаймиз. Аксинча шифокор буюрса дарҳол чиқиб яқин атрофдаги дорихонадан айтилган малҳамни нархига ҳам эътибор қилмай харид қилиб кетаверамиз. Ана шундай вазиятдан эса айримлар устомонлик билан фойдаланаётгани дилни хира этади.

Департамент ходимлари томонидан Косон туманининг Раимсўфи маҳалласида ўтказилган тезкор тадбирда Алачабоб қишлоқ шифохонаси бош шифокори  Насим Ашуров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва унинг ўғли Фармон Ашуров белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, лицензия олмай, шу шифохона ёнида дорихона очиб, сифат сертификати ва ҳужжати бўлмаган дори-дармон воситалари савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган.

Тадбир давомида улардан 82 турдаги жами 3 миллион 762 минг 999 сўмлик дори-дармон воситалари ва 187 минг сўмлик савдо пуллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ушбу дори воситаларининг яроқлилик муддати, уларни сақлаш билан боғлиқ муҳим ҳолатлар, яъни хона ҳарорати ва бошқа омиллар жон қайғусидагиларни ҳам, мол қайғусидагиларни ҳам  асло қизиқтирмаган. Ваҳоланки, тадбир давомида олинган дори воситалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда "Қашқадарё дори-дармон" АЖнинг хулосасига кўра амалиётда қўллаш ман этилиб, истеъмолга яроқсиз деб топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан иш қўзғатилиб, суд ҳукми билан жазо тайинланди.

Бахриддин НАРЗУЛЛАЕВ,

департамент Косон тумани бўлими бошлиғи

КАСАЛНИ ЯШИРСАНГ...

Бир пайтлар туман ва шаҳарларда саноқли дорихоналар бўлиб, керакли дориларни топиш амри маҳол эди. Ҳозир ҳамма жойда қидирилган малҳамни ёки унинг ўрнини босувчи бошқа бир турдаги воситани топиш қийин эмас. Гап уларни ким сотаётганида...

Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Шаҳрисабзда сифатсиз дори-дармон воситалари ва тиббий буюмларнинг сотилиши ҳамда махсус лицензияга эга бўлмасдан кўрсатилаётган фаолиятини фош этиш юзасидан тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида фуқаро Озода Жўраева тумандаги Ўрда маҳалласи Китоб кўчасида махсус лицензиясиз ва   санитария талабларига зид равишда ташкил этилган дорихона орқали харидорларга асоссиз оширилган нархларда фармацевтик маҳсулотлар сотаётгани аниқланди. Ноқонуний ташкил этилган дорихонадан 154 турдаги 970 минг 105 сўмлик дори-дармон ва тиббий буюмлар ҳужжатлаштириб олинди. Даромад ортидан қувган бу кимсаларга нисбатан эса суд қонуний жазо қўллади.

Унутмаслик керак, қонун устуворлиги таъминланган, ноқонуний фаолият кўрсатаётган субъектлар барҳам топган жамиятдагина ҳақиқий тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тўлақонли ҳимоя қилинади. Қолаверса, шу орқали истеъмолчиларни яроқсиз маҳсулотлардан асраш кафолатланади.

Акмал МАМАНОВ,

департамент Шаҳрисабз шаҳар бўлими бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!