Меню
Қашқадарё
"ЯШИЛ" ВА "САРИҚ" ҲУДУДЛАРДА КАРАНТИН ЧОРАЛАРИ ЮМШАТИЛМОҚДА
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда карантин талабларини юмшатишни босқичма-босқич давом эттириш орқали иқтисодий фаолликни тиклаш ҳамда аҳолининг ишлаши ва даромад олишини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг тегишли қарори билан "яшил" ва "сариқ" тоифасидаги ҳудудларда муайян хизмат кўрсатиш турлари, қатор муассасалар фаолиятига рухсат берилмоқда.
Хусусан, бугундан бошлаб "сариқ" ҳудудларда:
меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолиятига (хостеллар бундан мустасно);
уй меҳмонхоналари ва солиқ органларида рўйхатдан ўтган дала ҳовлилар (дачалар) фаолиятига (фақат оилавий меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун);
меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканларида жойлашган ҳамда очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига йўл қўйилади.
"Яшил" сифатида тоифаланган ҳудудларда "сариқ" ҳудудларга қўшимча равишда:
индивидуал шуғулланиш учун тренажёр заллари ва бассейнлар фаолиятига (бунда тренажёр заллари ва бассейнлар объектларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда киритмаслик чораларини кўриш, ижтимоий масофани таъминлаш имконияти бўлмаган жамоавий спорт турларини ўтказмаслик талаб этилади);
маданият объектлари (театрлар) фаолиятига (индивидуал ва жамоавий репетициялар ўтказиш шарти билан (30 кишидан кўп бўлмаган), томошабинлар ва ташриф буюрувчиларга рухсат бермаган ҳолда, спектаклларни онлайн режимида ёки телевидение орқали трансляция қилиш йўли билан);
таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳ ташкил этиб, вақтини олдиндан келишган ҳолда) фаолиятига (бунда ходимлар ва болаларнинг соғлиғи ҳолатини доимий назорат қилиш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш), инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болаларни машғулотлардан четлатиш, шунингдек, санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади) рухсат этилди.
Диний ташкилотлар ҳам қайта фаолият бошлайди
Республика махсус комиссияси 8 июндан "яшил" ҳудудларда диний ташкилотларнинг ҳам қайта фаолият бошлашига рухсат берди. Бунда улар биноларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши, кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шу жумладан, намоз вақтида фуқароларнинг оралиқ масофасини 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда), шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда киритмаслик чораларини кўриш, жамоавий диний маросимлар (жума намози ва бошқалар)ни ўтказмаслик талаб этилади.
Умумий овқатланиш объектлари, мактабгача таълим ташкилотлари, буюм бозорлари фаолияти ва автобус қатновларига рухсат этилади
2020 йил 15 июндан бошлаб "яшил" ва "сариқ" ҳудудларда яна қуйидагиларга рухсат берилмоқда:
банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик, фаолиятини 8:00 дан 23:00 га қадар ташкил этиш, столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш, бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши, ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш шартлари билан умумий овқатланиш объектлари фаолиятига;
машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш, биноларни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши, тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чораларини кўриш талаблари асосида хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига;
доимий равишда дезинфекция қилиш, кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда ҳудудга киритмаслик шартлари асосида буюм бозорлари фаолиятига;
транспорт воситасини йўналишнинг якуний нуқтасида дезинфекция қилиш, салонига фақатгина тиббий ниқоблардаги йўловчиларни киритиш, ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб борилиши чораларини кўриш талаблари асосида ҳудудлар ўртасида автобус қатновларига рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, юқоридагилар билан бир қаторда, барча ҳудудларда уларнинг тоифасидан қатъи назар умумий ўрнатилган қатъий карантин, санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя этиш талаблари сақланиб қолмоқда.