Меню

Қашқадарё

03.10.2024 631

ЯШИЛ ВА МУСАФФО ҲАЁТ, СОҒЛОМ КЕЛАЖАКНИ ИСТАГАНЛАРНИНГ БАРЧАСИ БИЗ ТОМОНДА

Ўзбекистон Экологик партиясининг яқинда бўлиб ўтган V форумида унинг Сайловолди дастури тасдиқланди. Партиямизнинг келгуси беш йилликка мўлжалланган мазкур дастурий платформасидан бугунги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш, хавфсиз ва самарали бўлган "яшил" иқтисодиётга ўтиш, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда "яшил" ва мусаффо ҳаёт барпо этишнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топди.

Партиямиз "Табиат учун бирлашайлик" шиори остида бошқа партиялардан кўра аниқ ва реал ташаббуслар билан чиқяпти, десак, муболаға бўлмайди.

Биринчи: аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш.

Партиямиз шаҳарларда бино ва кўп квартирали уйлар қурилишини мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини қонунда аниқ белгилашни таклиф этяпти. Шаҳарларимизда яшил майдонлар ва дарахтлар тобора камайиб кетаётгани, бу эса жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини кўриб турибмиз. Мисол учун, айни вақтда республика бўйича мингдан зиёд қурилиш объектлари атрофи ўраб олинган бўлиб, уларда 50 мингга яқин дарахтлар тақдири хавф остида қолмоқда.

Биз 2030 йилга қадар йирик шаҳарларда йўловчиларнинг велосипедда ҳаракатланиш улушини 20 фоизга етказишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Йўлларимизда велосипед ҳаракати учун инфратузилма яратиш, автомобиль йўли қатнов қисми ҳисобидан скутерлар ва велосипедларда ҳаракатланиш учун алоҳида йўлаклар ташкил этишни таклиф этмоқдамиз.

Биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун, авваламбор, лойиҳалаш жараёнида уларга аниқ талаблар қўйилиши зарур. Шунинг учун ҳам туман (шаҳар)ларнинг бош режаси тасдиқланмагунга қадар қурилиш ишларини тўхтатиб туриш таклифи қўйилмоқда.

Сайловолди дастуримиздан барча вилоят ва туманларда яшил майдон ҳамда дарахтзорларнинг "яшил" кадастрини ишлаб чиқиш таклифи ўрин олган.

Иккинчи: экологик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор экологик ривожланишга асосланган иқтисодиётни барпо этиш.

Сайловолди дастурда 2035 йилгача мамлакатимиз автомобилсозлик саноатини тўлиқ электромобиль ишлаб чиқаришга ихтисослаштиришни кўзда тутмоқдамиз. Шунингдек, анъанавий йўловчи ташиш поездларини замонавий тезюрар поездларга алмаштириш ва ташиш учун йўл ҳақи нархларини мақбуллаштириш, темир йўлларни модернизация қилиш ва кенгайтириш, юк ташишни йирик юк машиналаридан темир йўлларга ва атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган бошқа транспорт турларига ўзгартириш каби таклифларимиз мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.

Албатта, бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш, жамоат транспортини электробуслар ҳисобидан ривожлантириш, электробусларни зарядлаш станцияларини қуриш учун эса тадбиркорларга зарур ер майдонлари ажратилиши керак бўлади.

Партиямиз "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва уни қўллаб-қувватлашга оид ташаббусларни илгари сурар экан, бугун бу борадаги мавжуд муаммолар ечими учун аниқ таклифларни дастурига киритди. Хусусан, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)дан озод этиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида "Яшил виза" ("Green Visa") дастурини амалга киритиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган иқлимий молиялаштириш (climate finance) тизимини жорий қилиш масалалари устуворлик касб этган. Шунингдек, "яшил" инновацияларни татбиқ қилишда хусусий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликни ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, "яшил" ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун инвестиция фондини ташкил этиш ҳамда йирик саноат корхоналарда "яшил" технологияларнинг жорий қилинишини жадаллаштириш, саноатнинг "яшил" ва кам углеродли ривожланишини таъминлаш каби қатор муҳим ташаббуслар ҳам илгари сурилмоқда.

Учинчи: энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш.

Сайловолди дастуримизнинг бу йўналишида атроф-муҳитга зарар етказиш ҳисобига олинган энергия улушини камида 25 фоизга қисқартириш, саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланувчан энергия манбалари улушини камида икки карра ошириш, қайта тикланувчан энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган "яшил" энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга доир ташаббуслар олиб чиқилган.

Бундан ташқари, йирик шаҳарлар атрофидаги чиқинди полигонлари базасида халқаро стандартларга мос келувчи электр станциялар қуриш, биокўмир ишлаб чиқариш ва чиқиндиларнинг энергия потенциалидан унумли фойдаланиш, электр таъминоти узилишларига чек қўйиш ва аҳолини арзон энергия билан таъминлаш чора-тадбирларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Юртимизда водород ва биогаз каби қайта тикланувчи энергия манбалари учун технологияларни олиб киришда божхона имтиёзларини жорий этиш каби долзарб ташаббуслар ҳам дастуримиздан ўрин олган.

Партиямиз 2050 йилгача 60-80  фоиз уйларни иситиш тизимининг қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қопланишини  ташкил этиш бўйича дастур қабул қилишни мақсад қилиб қўймоқда.

Тўртинчи: табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш - замонавий ва кучли давлатни барпо этишда устувор вазифалардан бири.

Аввало, дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонларининг қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш, 10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишга бутунлай чеклов қўйиш, керак бўлса, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий этишимиз зарур.

Бешинчи: ер-сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

Партиянинг мазкур йўналишдаги генетик модификацияланган организмлар (ГМО) маҳсулотларининг миқдори бўйича маълумотларнинг маҳсулот ёрлиқларида аниқ кўрсатилишини таъминлаш, органик маҳсулот ишлаб чиқарувчи кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги ғоялари эътиборга моликдир.

Маҳсулот ёрлиқларида унинг таркибидаги ГМО маҳсулотларининг миқдори бўйича маълумотларнинг аниқ кўрсатилиши ҳуқуқини ихтиёрий сертификатлаштириш тизими орқали рўйхатдан ўтган ишлаб чиқарувчиларга берилишини тартибга солиш, биринчи навбатда, истеъмолчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан биргаликда, ишлаб чиқарувчига савдо бозорини кенгайтириш имконини ҳам яратади.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализациясини қўллаб-қувватлашнинг аниқ ҳуқуқий механизмларини жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Фойдаланишдан чиққан ерларни қайта фойдаланишга киритиш чораларини кўриш бугун ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Биз суғориладиган майдонлардан янада самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун ерларни экишга тайёрлашда ресурс ва энергия тежамкор, экологияга безарар бўлган "No-TiLL"(ерга минимал ишлов бериш) каби инновацион технологияларни кенг жорий этишни таклиф қилмоқдамиз.

Партиямиз ёмғир сувидан самарали фойдаланиш дастурини ишлаб чиқиш, ҳудудларда ёмғир сувидан фойдаланган ҳолда кичик яшил майдонлар ва боғлар барпо этиш, қор-ёмғир ва сел сувларини йиғиш имкониятини бутунлай қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. 2025 йилдан қурилиш майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган уй, бино ва объектларда ёмғир сувини йиғиш тартибини жорий этмоқчимиз.

Олтинчи: давлат ва жамият  бошқаруви, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш.

Айни вақтда малакали юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, эколог-ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашга эҳтиёж юқори. Экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ва жиноий ишларни кўриб чиқиш бўйича ихтисослашган судлар ташкил этилмаган. Бу борада зарур чораларни кўриш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

Партиямиз йўл ҳаракати хавфсизлигини тартибга солишни қонуности ҳужжатларидан қонун асосида тартибга солишга ўтказишни таклиф этмоқда.

Ёшларимизни турли салбий иллатлардан асраш, уларнинг саломатлигини таъминлаш учун 2009 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга 2030 йилдан бошлаб тамаки маҳсулотлари сотилишини тақиқлаш, энергетик ичимликларнинг саломатликка салбий таъсирини инобатга олиб, 21 ёшдан кичик шахсларга энергетик ичимликлар сотишни тақиқлаш таклиф этиляпти.

Еттинчи: глобал иқлим ўзгаришларига мослашиш ва Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш.

Сайловолди платформамизда Оролбўйи ҳудудида биохилма - хилликни  сақлаш, иқлим ўзгаришини юмшатиш, чўлланишнинг олдини олишга қаратилган лойиҳа ва дастурларга халқаро молия институтларини кенг жалб этиш, Қизилқум чўли ҳудудида саҳрога мос ўсимликлар экиш орқали қум-бўронлари кўтарилишининг олдини олиш ва яйловлар деградациясини тўхтатишга эришиш каби вазифалар қамраб олинди.

Саккизинчи: ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Марказий Осиё экологик иттифоқини ташкил этиш орқали табиий ресурслар, биохилма-хилликни сақлаб қолишга эришишимиз мумкин. Марказий Осиёда барқарор энергетика инфраструктурасини шакллантириш мақсадида қўшни давлатлар билан муваққат энергия захираларини яратиш, фавқулодда ҳолатларда энергия ресурсларини ўзаро алмашиниш тизимини жорий қилиш долзарб аҳамиятга эга. Шунингдек, қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ҳайвонларнинг миграция йўлларини ҳимоя қилиш, миграция йўналишларида қўриқхоналар ташкил этиш ноёб ҳайвонлар популяцияси учун жуда муҳим ҳисобланади.

Бўлажак сайловларда ҳам "яшил" ва мусаффо ҳаёт, соғлом келажакни истаганларнинг барчаси биз томонда!

Ўзбекистон Экологик партиясига, партиямиздан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!

Ойбек РАҲИМОВ,

Камол ЖУМАНИЁЗОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосарлари

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!