Меню

Қашқадарё

14.04.2018 1770

"ЯШИЛ" ЭНЕРГИЯ - КЕЛАЖАК ЭНЕРГИЯСИ

Президентимиз томонидан барча соҳаларга инновацион технологияларни жорий этиш, замонавий илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, бу борада ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграциясини таъминлаш борасида қўйилаётган вазифалар ижросидан келиб чиққан ҳолда, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, институт профессор - ўқитувчилари ва талабалар томонидан маълум соҳаларда мутлақо янгилик бўлиши, иш самарадорлигини кескин ошириши кутилаётган ихтиролар устида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Айни масалада, мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги кўплаб илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шу билан биргаликда, ўқитувчи ва талабаларимизнинг соҳага оид билимларини янада ошириш, ўз малакаларини бойитиб боришлари учун мамлакатимиздаги етакчи профессор ва академиклар иштирокида доимий равишда давра суҳбатлари, учрашувлар, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиб келинаяпти.

Яқинда худди шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, техника фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Аллаев иштирокида бўлиб ўтди.

Таниқли академик икки кун давомида институтда бўлиб, олиб борилаётган илмий изланишлар, тадқиқотлар юзасидан ўқитувчи ва талабаларга ўз маслаҳатларини берди. Шу билан бирга, "Жаҳон ва Ўзбекистон энергия балансида "яшил" энергиянинг ўрни" мавзусида маъруза қилди.

Бу мавзунинг танланиши ҳам бежиз эмас. Бугун дунё амалиётида электр энергияси ишлаб чиқаришда кўмир ва нефтдан фойдаланиш ҳажми пасайиб, табиий газ, ядро энергияси ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш ҳажми ўсиб бормоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилга бориб, жаҳон миқёсида электр энергияси ишлаб чиқаришда нефтдан фойдаланиш ҳажми 40 фоизни ташкил этса, 2050 йилга бориб бу рақам 16 фоизга тушиб қолади.

Газ ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиб электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмида эса мос равишда ўсиш кузатилади. Айниқса, гидро ва қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиб электр энергияси олиш тобора ошиб бориши кутилмоқда.

Шундай экан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиб, экологик зарарсиз ва тежамкор энергия ишлаб чиқиш бугунги фан, олимларимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Зеро, юртимизда бунинг учун етарли захиралар мавжуд.

Давра суҳбати давомида академик Қаҳрамон Аллаев институтда айнан шу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишиб, тадқиқот муаллифларига ўз маслаҳатларини берди.

Ғ.УЗОҚОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти илмий ишлар бўйича проректори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!