Меню
Қашқадарё
“ЯШИЛ”ДАН “ҚИЗИЛ”ГА
Ғузор тумани ва вилоятдаги 17 та маҳаллада кучайтирилган карантин режими амал қилади
Вилоят махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 3 июлдан коронавирус инфекцияси қайд этилган қуйидаги ҳудудлар “яшил” ҳудуддан “қизил” тоифага ўтказилди:
Ғузор тумани ҳудуди;
Қарши шаҳридаги айрим маҳаллалар – Мағзон, Қиличбек қўрғонча, Отчопар, Қарлиқбоғот, Нахшаб, Худойзод, Комилон, Табассум, Кунчиқар, Мустақиллик, Истиқлол, Шўртан;
Қарши туманидаги айрим маҳаллалар – Боғобод, Гулистон, Хонобод, Чоргумбаз;
Косон туманидаги Қуйиоброн маҳалласи.
Қарши шаҳар, Косон ва Қарши туманлари “сариқ” тоифага ўтказилди. Шунингдек, Муборак, Китоб ва Чироқчи туманлари “қизил”дан “сариқ” ҳудуд тоифасига ўтди (шундай қилиб, вилоятда “яшил” ҳудудлар – 8 та, “сариқ” ҳудудлар – 6 та, “қизил” ҳудудлар – 1 та).
Бугундан бошлаб юқоридаги “қизил” ва “сариқ” тоифага киритилган ҳудудларда ўрнатилган чекловлар ва карантин талаблари қатъий равишда жорий этилади.
Махсус комиссия қарорига кўра, “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда соат 07:00дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади. Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, хомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.
Ўз навбатида Ғузор туманида автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши қатъиян тўхтатилади.
Жорий йил 4 июль кунидан Ғузор туманида UZGTL лойиҳаси доирасида фаолият кўрсатаётган заводда ҳам карантин қоидалари кучайтирилиб, ишчи-ходимлардан ташқари маҳаллий аҳолининг кириш-чиқиши тақиқланади.
“Сариқ” тоифага ўтказилган Қарши шаҳрига туманлардан кириб келаётган автотранспорт воситаларига эрталаб соат 07:00 дан 10:00 гача ҳаракатланишига рухсат этилади.
Ғузор ва Қарши туманларидан келиб, Қарши шаҳри ва вилоятимиз туманларида ишлайдиган фуқаролар масофавий (иш ҳақидан ажралмаган ҳолда) иш тизимига ўтказилади.
Жорий йилнинг 4 июль кунидан сув ҳавзалари (дарё, сой, каналлар)да чўмилиш ва дарё бўйларида (айниқса, Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманлари тоғли ҳудудларида) ҳордиқ чиқариш вақтинчалик таъқиқланади.
Вилоят махсус комиссиясининг юқоридаги қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида вилоят ИИБ, Миллий гвардия ва вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорликда ташкилот ва муассасалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, умумий овқатланиш жойлари, массаж салонлари, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказларида мунтазам равишда қўшма рейдлар ўтказиб боради ва қонуний чоралар кўради.
Мазкур чекловларга риоя этмаганлар, карантин талабларини бузган деб ҳисобланиб, белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.