Меню

Қашқадарё

26.05.2020 1658

ЯШАСИН ОДИЛ СУД!

Вилоят марказида фаолият юритувчи "Sulton Тех Group" корхонаси раҳбари Нурбек Эргашев пахта-тўқимачилик кластери сифатида иш юритиши учун Қарши туманидан ажратилган 15 минг гектар экин майдони қайтариб олингач, ҳоким Махсуда Мустафоеванинг бу борадаги ҳаракатларидан норози бўлиб судга даъво билан мурожаат қилди.

Тадбиркорнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев гарчи корхона пахта хом ашёси тайёрлаш билан шуғулланса ҳам 5,6 миллиард сўм маблағни буғдой етиштириш ишларига ажратмагани учун ўзига босим ўтказгани ва субъектни пахта-тўқимачилик кластерлари рўйхатидан чиқариш билан таҳдид қилгани борасидаги иддаолари ортидан кластерга бириктирилган фермер хўжаликлари иш юритишнинг кооператив тизимига ўтказилаётгани маълум бўлганди.

Корхона раҳбари Нурбек Эргашев судга туман ҳокимининг кластерга ажратилган экин майдонларини қайтаришга оид хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиш юзасидан даъво киритгани маълум қилинмоқда. У бунинг ортидан субъект камида 400 иш ўрни қисқартиришга, қишлоқ хўжалиги техникаларини ва ёғ ишлаб чиқариш ускуналарини ҳам пуллашга мажбур бўлаётганини билдирган.

Хусусан, бизнесмен туман ҳокими 10 апрелдаги хатида нотўғри маълумот етказгани ва бунинг оқибатида бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев кластерни тўхтатиш ва фермерларни кооперативга ўтказиш бўйича қарор қабул қилганини айтмоқда.

Ўз навбатида туман ҳокимлигининг ҳам корхонага бириктирилган экин ерлари қайтарилишига асос қилиб кўрсатаётган важлари бисёр. Хусусан, "Sulton Тех Group"нинг сув истеъмолчилари ассоциацияси ишчиларига тўлов қилмагани, корхона банкдаги ҳисоб рақамини Миллий банкнинг Қашқадарё вилояти филиалида очгани боис 2019 йилда пахта етиштиришдан тушган маблағлар Қарши тумани ҳисобида акс этмаётгани, ҳосилдорлик пасайиб кетганлиги кабилар шулар жумласидан.

Ушбу зиддият юзасидан навбатдаги суд мажлиси кеча ўтказилиши белгиланган эди. Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз. Бинобарин, одил суд барчасига адолат тамойили асосида ечим бўлишини таъминлашига ишонамиз.

Ўз мухбиримиз  

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!